Яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва таржимон Асрор Мўминнинг “Китоб – камолот кафолати” публицистик тўплами нашрдан чиқди. Тўпламнинг номига кўчган пурҳикмат нақлга умр бўйи амал қилиб келаётган муаллифнинг янги китобини варақлар эканман, нуронийларимизга таниш инсонлар ҳақидаги мақолалар билан танишиб, қувондим.

Мазкур тўпламдаги “Қўлда қалам ва қурол билан” ҳамда “Оналар юрагини асранг” мақолаларида Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган адибларимиз, бу даврда яратилган асарлар ҳақида ўқиганингизда, мустақилликнинг машаққатли йўли кўз олдингизда гавдаланади. “Мустақиллик ютуқларимиз асосидир” мақоласида эса юртимиз истиқлоли барча бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларимиз, фан, санъат ва спорт соҳасида эришаётган ютуқларимизга қанот бағишлаётгани таъкидланади.

Айниқса, китобга киритилган дзюдо бўйича Олимпия чемпиони бўлган биринчи ўзбек қизи Диёра Келдиёрова, илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган футбол бўйича миллий терма жамоамиз муваффақияти, шахмат бўйича Жаҳон кубоги ғолиби ва Тож даъвогари Жавоҳир Синдоровга бағишланган кенг қамровли мақолалар юксак савияси билан ўқувчилар эътиборини қозонади.

Шавкатли аждодларимиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Ҳофиз Кўҳакийга бағишланган битиклар қимматли тарихий маълумотлар асосида теран ёритилган. Ҳофиз Кўҳакийнинг Тошкентдан Иброҳим ибн Адноннинг ўнинчи асрда форс тилида ёзилган “Тарихи Туркистон” китобини ўқиш мақсадида қанча тоғларнинг хатарли сўқмоқларидан ошиб, йўлда қароқчиларга таланиб, Ҳиндистонга борганини билганингизда, нега унинг буюклик даражасига эришганини тушуниб етасиз.

Бобур Мирзо эзгу мақсадда келган алломага эҳтиром кўрсатади ва сарой кутубхонасида мутолаа қилишига қулай шароит яратиб беради. Натижада ўша ноёб китоб Ҳофиз Кўҳакий томонидан туркий тилга таржима қилинади. “Тарихчилар ва шоирлар наздида Тошкент” мақоласида қадимий шаҳримиз ҳақида ёзган фозиллар ҳамда уларнинг асарлари номма-ном эсга олинади. Файласуф шоиримиз Мақсуд Шайхзоданинг “Тошкентнома” ва унинг шогирди Хайриддин Салоҳнинг “Тошкент билан суҳбат” достонлари тўғрисидаги фикрлар сизни чуқур мулоҳазага чорлайди.

У таржимон сифатида дунёга машҳур шоирлар – болқор Қайсин Қулиев, авар Расул Ҳамзатов, қалмоқ Давид Қуғултинов, рус Роберт Рождественскийнинг дурдона асарларини ўзбек китобхонларига тақдим этиб келяпти. Китобдаги уларга бағишланган мақолаларда ёзилган ибратомуз воқеалар ва шеърларидан келтирилган иқтибослар ўқувчилар маънавиятини бойитади.

Жаҳон эстрадаси юлдузлари – ҳамюртимиз Анна Герман ва украиналик София Ротаруга бағишланган мақолалар ўқувчиларни қўшиқларнинг сеҳрли оламига бошлайди. Журналист ҳамкасбларимиз Темур Убайдулло, Сафар Остонов, Қурбон Эшмат хотиралари ҳурмат билан эсга олинган мақолаларида уларнинг ибратли ҳаёт ва ижод йўллари ҳақида ҳикоя қилади.

“Илм ҳар нарсадан юқори, ундан ҳеч нарса юқори бўлолмайди” деган умрбоқий ҳикмат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Афсуски, мустабид тузум даврида илм ва илм аҳлининг қадрини атайин туширишга ҳаракат қилинди. Китобдаги “Академикларни биламизми?” мақоласида шу ҳақда мулоҳаза юритилади. Шукрки, оққан дарё оқаверади. Мустақиллик шарофати билан илм ва илм аҳлининг қадри тикланди.

Китобдаги атоқли биокимёгар, академик Ёлқин Тўрақулов шарафига ёзилган “Ёлқин ҳаёт” мақоласида таъкидланганидек, олимнинг илмий кашфиётлари учун берилган олий даражадаги мукофотлар мустақил Ўзбекистонимизда илм-фан ва академикларимизнинг ҳурмати юксалаётганидан далолатдир.

Ишончимиз комил, муаллифнинг мутолаага даъват этувчи ушбу китоби ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилади.

Малика УБАЙДУЛЛАЕВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan