Учтепа туманидаги “Янгийўл” маҳалласида 36 йилдан бери истиқомат қиламан. Ўша пайтларда бир хонали хонадонда яшардим. Уйимиз ёнидаги ерга турли кўчатлар, гуллар экиб, парваришлар эдим. Кўчатлар гулга кириб, ғуж-ғуж мевалари пишганида қўшниларга ҳам улашарим.
Табиатни ўзим каби яхши кўрадиган инсонга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим ҳам уйнинг ён томонидаги қаровсиз жойда каттагина боғ барпо қилганди. Ям-яшил шамшодлар, ўрик, ёнғоқ, шафтоли, қароли, беҳи ва хурмо дарахтлари боғимизга кўрк бериб, гуркираб ўсарди. Офтобда зарғалдоқ, луччак, лола, анжири, оқ шафтоли, қизил шафтолилардан, сап-сариқ бўлиб пишган ўрик меваларидан таралаётган бўйлар йўловчиларни ўзига чорларди.
Табиат юртни севиш сабоғини ўргатади
Кетма-кет фарзандларимиз дунёга келди. Болаларим боғда капалакларни қувиб, аскарлардай терилган чумолиларни ҳайрат-ла кузатишиб, гуллар теришиб, япроқлардан гулдасталар ясаб, довуччалар, мевалар еб, ерда оёқяланг юришиб яйрашарди. Дарахт шохига солинган арғимчоқларда қийқиришиб мазза қилиб учишарди.
Агар сиз фарзандингизни Ватанни севадиган инсон бўлиб вояга етишини истасангиз, уни табиат бағрида вояга етказинг. Улар кўзлари билан кўриб, қўллари билан ушлаган нарсаларига меҳр беришади. Уларни авайлашни, севишни ўрганади. Замин, осмон, сув, ҳаво, ёруғлик, чақмоқ, кун, тун, жониворлар, қўйингки, табиат бағрида неки мавжуд бўлса, барчасига бирдек меҳр қўяди. Ватанни севиш сабоғини олишади.
Эссизгина гулларим, ниҳолларим…
Тўрт қаватли уйимиз ортида йирик электр линияси ўтган бўлиб, у ерда иншоот қуриш имкони йўқ эди. Уй қурилиши мобайнида йиғилган чиқиндилар устига номигагина тупроқ тортилганди. Меҳнатдан қочмаган қўшнилар жойни тошлардан, қурилиш чиқиндиларидан тозалашди. Тоза тупроқ олиб келиб тўкишди. Дарахт, гул кўчатларини экишди. Боғ атрофини сетка билан ўрашди.
Кўп қаватли уйлар атрофидаги ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари бошланганда боғ атрофини ўраган сеткалар ҳам олиб ташланди, дарахтлар кесилди. Боғлардаги сўрилар бузиб ташланди. Одамларнинг табиатга, яшилликка бўлган меҳри бўлинди, ҳафсаласи пир бўлди…
Орадан вақт ўтиб, гуллар қаровсизликдан сўлиб, дарахтлар қурий бошланди. Атрофга чиқиндилар ташлана бошланди. Аҳвол шу даражага етдики, аҳоли уйдан чиққан ахлатларни, уй таъмиридан чиққан чиқиндиларни уйнинг орқа тарафига ташлай бошлашди. Бир неча маротаба қўшниларга, “келинглар, барчамиз бир бўлиб уй атрофини тозалайлик. Супуриб, озода қилайлик. Дарахтларга сув қуяйлик. Ахир, шу жойда ўзимиз яшаймиз, фарзандларимиз яшашади. Маҳалламиз обод бўлса, ўзимизга яхши-ку”, дедим. Ва ҳар гал битта гапни эшитдим. “Ким боғчаларимизни оёқ ости қилган бўлса, ўзлари келиб, дарахтларга сув қуйсин! Ўзлари ахлатлардан тозалашсин!”
Маҳаллани биз обод қилмасак, ким обод қилади?
Бир куни эрталаб, қўлимга қўлқоп кийиб, пастга, уйнинг орқасига ўтдим. Дастлаб ишни боғдаги чиқиндиларни йиғиб олишдан бошладим. Хонадонлардан чиқариб ташланган баклашкаларни, шишаларни, ахлатларни белгиланган жойга олиб бориб ташладим. Атроф чиройли бўлди.
Қўлимга кетмон олиб ишга киришдим. Ерни ағдарганим сари кўнглим чўкиб борарди. Чунки йирик, майда тошлар, шиша синиқлари, бетон, темир, ғишт бўлаклари чиқиб келарди. Айниқса, тошлар ниҳоятда кўп эди. Ернинг баъзи жойлари қаттиқ бўлиб, кетмон ҳам, бел ҳам ўтмасди.
Ўтган-қайтган йўловчилар, менга ҳайрон бўлиб қарашарди. Ҳатто баъзилари: “Шу ёшда сизга нима зарил, энди бу ерда ҳеч нарса ўсмайди”, дейишарди. Мен эса уларнинг сўзларига парво қилмай, ишимни давом эттиравердим.
Ҳатто турмуш ўртоғим ҳам кўп уринмаслигимни таъкидладилар.
— Бу ерни боғ қилишга рухсат ҳам беришмайди. Ана уй ёнидаги боғимизни бузиб ташлашди, у ер ахлатхонага айланди. Атроф қаровсиз ҳолга келди, — дедилар.
— Тарих ўзгариб туради. Худо хоҳласа, шу ерда кичкина бўлса ҳам бир боғ бунёд қилай. Дарахтларни, гулларни кўриб, кўзларингиз қувнасин, — дедим.
Ишдан тўхтамадим. Шу тарзда тўрт сотих жойни амаллаб эпақага келтирдим. Аммо яна олти сотихча ер, бундан ташқари, йўлгача яна анчагина жой бор эди. Одамлар ҳамон чиқиндиларини ташлашарди.
Ўйлай-ўйлай охири уйимизнинг еттинчи йўлагида яшовчи тадбиркор Абдуқодирнинг хонадонига чиқдим.
— Болам, сен мана шу олти сотихча ерга ишлов бериб, кўчатлар, гуллар экиб, обод қилгин. Йўл ёқасига, манави ерларга ҳам биргалашиб кўчатлар, гуллар экайлик, — дедим.
У бироз ўйланиб:
— Она, сиз нима десангиз, шу-да. Аммо қўшнилар бунга рози бўлишармикан?
— Ахир, юртни, маҳаллани, уйимиз атрофини биз обод қилмасак, ким обод қилади? — дедим.
Абдуқодирнинг юзи ёришди. Ишларни бошлаб юбордик.
Қалбим ҳам гулга кирди
Бу орада ишимизни хушламайдиганлар, жанжал қилувчилар, норозилар ҳам бўлди…
Аммо орадан тахминан бир ойча вақт вақт ўтгач, қўшним Флюра қўлига кетмон олиб боғида иш бошлади… Кейин бошқалар ҳам аста-секин уйларидан чиқиб ишга киришди. Атроф шох-шаббалардан, ахлатлардан, ҳар хил чиқиндилардан тозаланди. Ер юзини қоплаган хазонлар супурилиб, бир жойга йиғилди. Абдуқодирнинг ёнида олтмиш саккиз ёшга кирган онаси, аёли, қизи, жиянлари турди. Ўн-ўн беш нафар қўшнилар ёрдамга келишди..
Кўп қаватли уйимизнинг олдига, орқа тарафига, машина йўлининг четига қатор қилиб арчалар, гулсафсарлар экдик. Ариқ ичидаги ахлатлар олиниб бир ерга тўпланди. Бетон йўлак ва зиналар тайёрланди. Ҳаш-паш дегунча атроф чиннидай бўлиб ярақлади.
Боғимизга дарахт кўчатлари, турли-туман гуллар экдик, помидор, бақлажон уруғлари экилиб, сабзи, кашнич, шивит уруғлари сепилди.
Баҳорда қўшнилар ўзаро келишиб боғ атрофини сеткалар билан ўрадик. Йўлакларни супуриб, ахлатлардан тозаладик. Боғ ўртасидан сўрилар жой олди. Ниҳоллар, гул кўчатлари экилди.
“Инсон қўли гул” дейишади. Аслида, қалби гул инсонларнинг қўли гул бўлади.
Баҳорда дарахтлар оппоқ гулга кирди. Уруғлар ниш урди. Райҳонлар (бизда нозибўй дейишади) ёқимли бўйини атрофга сочди. Атиргуллар чамандай очилди. Қовоқлар тугди. Атроф, боғим яшил кўйлагини кийди. Нафақат боғим, менинг ҳам қалбим гулга кирди. Яшилланди.
Мени боғим асраб қолди
Ўша кезларда кутилмаганда коронавирус эпидемияси бошланди. Одамлар ёппасига дардга чалина бошлади. Биз ҳам вирусга чалиндик.
Турмуш ўртоғим, қизим ишга бориб-келиб юришди. Ўғлим Муҳаммаджон билан уйда бўлдик. Тинимсиз йўталардик. Менга ҳаво етишмасди. Шу сабабли, ҳар куни тонг саҳарда боғимга тушиб, куни билан мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб симирардим.
…Вақт ўтиб боғимизнинг чиройи ўтган-кетганларнинг ҳавасини келтирадиган гўшага айланди.
Бугун ўзимга ўзим ҳисоб берсам, ўтган 36 йил давомида 300 дона ўрик, ёнғоқ, олма, шафтоли, ток, арча, анжир, писта, бодом, тут каби кўчатларни экибман. Ҳозирда 250 таси сақланган. 230 туп атиргул кўчатларимдан 50 таси қолган. Йигирма беш туп ёнғоқ ўстирдим. Энг муҳими, коронавирусни, оёқ оғриғини енгдим… Атрофимдагилар кўнглида табиатга бўлган меҳрни уйғота олдим. Бугун руҳим тетик, кўнглим хотиржам…
Буларни нега айтяпман, жорий йилнинг 1 апрелида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат — минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” деган ҳикматли сўзлар бежиз айтилмаганини, бу каби миллий қадриятларимизнинг аҳамияти бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари маҳалла раислари, отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош бўлишга чақирдилар.
Демакки, барчамиз бирга ҳаракат қилсак, ўз уйимиз, ўз кўчаларимиз ва маҳаллаларимизни обод қилсак, юртимиз янада гўзалликка бурканади. Бунинг учун эса бирлашиб, ҳамжиҳатликда ҳаркат қилишимиз зарур. Зеро, Юртбошимиз бошлаган эзгу ишларга камарбаста бўлиш ҳар бирмизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Ойгул Убайдулла қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира,
Учтепа туманидаги “Янгийўл” маҳалласи Кексалар
ва фахрийлар бўйича маслаҳатчиси.