Буюк давлат арбоби ва саркарда, миллий давлатчилигимиз ва жаҳон тарихида беқиёс ўринга эга бўлган Амир Темур ҳақида кўплаб бадиий асарлар, романлар яратилган. Улар орасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳусан Иброҳимовнинг “Соҳибқиронни англаш” китоби ҳам ўзига хос ифода услуби билан ажралиб туради.
Мазкур китоб Ўзбекистон фанлар академиясининг академиклари — Аҳмадали Асқаров, Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари — Ашраф Аҳмедов, Ҳалимбой Бобоев ва бошқа олимлар, Муҳаммад Али, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Абдусаид Кўчимов, Фармон Тошев каби таниқли ёзувчилар томонидан юқори баҳоланган. Китобда, биринчидан, Амир Темур шахсини англаш ва тушуниш, идрок этишда унинг ўз тилидан айтилган сўзларига асосланиб чизилган портрети бошқа тарихий манбалар билан қиёсланган ҳолда тарихий ҳақиқат бутун бўй-басти билан гавдалантирилган бўлса, иккинчидан, Амир Темурнинг номи билан боғлиқ бўлган Улуғ салтанатнинг ўзбек давлатчилиги ва жаҳон тарихида тутган ўрни ва роли янгича талқинда баён этилган. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан мазкур китобдан бир парчани эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
Ғойибдан келган мадад
…Натанзийнинг ёзишича, “Султони Ғозий (яъни Темурбек) дўстларидан ажралганидан сўнг Гармсирдаги бир қишлоқда мажруҳ ва маъюс ҳолда қолган эди. Бир куни у бир деворнинг соясида суяниб тураркан, чуқур ўйга толди: “Талаб йўлининг ибтидосидаёқ қўл ва оёғимдан жудо бўлдим, аммо кўзланган муродларимнинг бирортаси ҳам ҳосил бўлмади. Минбаъд қаноат ва фақирлик гўшасига чекиниб, ўзимни қирғин ва олишувлардан халос этганим яхшидир”. Шу аснода бир заиф чумоли девор тепасига тирмашиб чиқа бошлади. У бир неча бор уринса-да, йўлнинг ўртасида йиқилиб тушар ва яна қайта тирмаша бошларди. Ниҳоят, у тепага чиқди. Ҳазрат султони Ғозий бу заиф чумолининг аҳволи ўз ҳолатига жуда ўхшашлигини мушоҳада қилди ва дилида улкан саодатга умид уйғонди. Бу ҳол унинг муборак бадани сиҳат топишига сабаб бўлди”. Темурбекнинг жиддий шикаст топганлиги туфайли ҳаётга бўлган ишончи сусайиб турган бир паллада бир оёғи жароҳатланган чумолининг мақсад сари интилиши унда умид ва ишонч туйғусини қайтаргандек бўлади.
Темурбек Сейистонда ўнг оёғи ва ўнг қўлидан жароҳатланганидан сўнг Гармсирда қолиб даволанади. Бу орада ушбу нохуш хабарни эшитган маънавий пири Зайниддин Тайободий унинг ёнига келиб, ҳолидан хабар олади. Ўртанган кўнглини донишмандликка йўғрилган сўзлари билан мавжлантириб юборади. Темурбекнинг Сейистонда олган жароҳати туфайли орттирган нуқсони кейинчалик фазилатга айланади. Унинг ўзига бўлган ишончи, талабчанлиги, эҳтиёткорлиги, ҳушёрлиги яна ошади. Темурбек пирининг ташрифини ғойибдан келган мадад тарзида қабул қилади.
“Бу Тангрининг сўнгги синовларидан биридир, — дейди пири Зайниддин Тайободий. — Гарчи, бундан буён ўнг қўлингиз ва ўнг оёғингизнинг табиий имкониятлари бироз чекланади. Лекин бундан азият чекманг, бой берилган имконият эвазига сизга янги бир фазилат ато этилур. Бошқача айтганда, айни шу нуқсонингиз фазилатга айланур. Шу кундан эътиборан, тақдирингизга жаҳонгирлик қисмати битилмиш. Сизга оламни билак кучи билан эрмас, балки ақл кучи билан олиш муяссар бўлғуси. Бу шундан далолат. Буюк Тангримизни юрагингизга жо қилган ҳолда, унинг илоҳий қўллаб-қувватлови ва кўмагидан баҳраманд бўлиб, шон-шараф тожини бошингизга киймишсиз. Бугундан эътиборан, Сиз наинки Турон, балки Эрон халқларининг ҳам назарида бўлмишсиз. Шундай экан, Аллоҳнинг иноятларига шукроналар айтиб, зиммангизга юкланган шарафли вазифани исломнинг қуйидаги қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда бажаришга киришмишсиз. Яъни “Қуръони карим” таълимотига тўла бўйсуниш; Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг суннат ва ҳадисларига амал қилиш; ҳеч қачон ноҳақлик қилмаслик; ёмонларга тегишли жазо бериш; ёмон қилмишлар учун тавба-тазарру қилиш; диний ва дунёвий билимларни доимо ошириб, чуқурлаштириб бориш; фақат яхшилик қилиш, ҳаётда камтар бўлиш; Аллоҳнинг хизматида бўлган кишиларга доимо ёрдам бериш; бахтсизликда, мардлик ва синовларда матонат кўрсатиш; қудратли ва ҳоким бўлганингизда раҳмдил ва кечиримли бўлиш; фалокатларда сабрли бўлиш; ҳар хил мойилликлар ва нафс ҳиссидан ўзни тийиш; бутун имон-ишонч ва тўла итоат билан Аллоҳга хизмат қилиш… Шу тариқа шариат рукнига риоя қилсангиз, қудратингиз кундан-кун ортиб борадур. Юрагингизни тоза айлаб, илму ҳикматга таяниб, Аллоҳни дилингизга жо қилиб шариат илми ва дини исломга ривож бермишсиз. Зеро, Аллоҳ суйган бандасига хасталик бермиш. Тўрт мучали соғлом одам ҳаётнинг қадрига чуқур етмас. Иншоллоҳ, жаҳонгирлик дарвозалари Сизга ланг очилур. Зуҳал, Муштарий, Миррих, Уторуд ва Зуҳра шон-шараф қўнимгоҳига кўтарилган, Қуёш Ҳамал буржининг йигирма биринчи даражасига кирган паллада Сиз салтанат тахтига ўлтирурсиз.
Аллоҳ жисмоний куч-қувватингизни бироз чекламоқ эвазига маънавий қудратингизни ўн чандон оширмиш. Сизга ғайб илмидан истифода этиш инояти берилур. Бошингизга ақл-заковатнинг олтин тожи қўнур, Искандари Соний бўлурсиз. Шу лаҳзадан эътиборан, майда инсоний изтиробларни бир четга суриб, ўзингизни улуғ ишларга чоғланг, белни маҳкамроқ боғланг. Шояд Сизнинг зиммангизга жабру зулм, кин-адоват, фисқу фужур, ҳийла- найранглар, жаҳолат ботқоғига ботиб кетган бу дунёни илму маърифат нури билан ёритиб, тараққиётнинг кенг ва текис йўлларига олиб чиқишдек бағоят улуғ ва шарафли вазифалар юкланмиш. Зотан, сиз барпо этажак улуғ салтанат тимсолида башарият ўзининг нурли манзилларига қадам қўймиш. Башарият тамаддуни кенг ва равон тараққиёт йўлига тушиб олмиш. Толеингиз шундан башорат берурки, сиз барпо этажак Улуғ салтанат бутун тараққийпарвар бани-башар орзу-умидларини ўзида мужассам этиши билан етти иқлимни ҳайрат ва ҳаяжонга солур. Сизнинг доно сиёсатингиз ила Курраи замин жаҳолат ботқоғидан чиқиб, башарият тамаддуни маърифат дунёсига бир неча қадам илгари босмиш. Илло, Сиз бунёд қилажак қудратли салтанат башарият учун ибрат, андоза, намуна тарзида эътироф этилиб, боқий умр кўргусидир.
Тангри таоло назари тушган бандасига давлат ва саодат беришдан аввал, уни бало ва машаққатлар гирдобида сақлаб, ранж ва ташвиш ила парвариш қилмиш. Юсуф алайҳиссалом қудуқ ичра тушурилиб, ранж ва машаққат чекмагунларича давлат ва шаҳриёрликка етишмади. Муҳаммад алайҳиссалом ғурбат машаққати ва ҳижрат заҳматларини чекмагунларича фатҳга мушарраф бўлмади. Зеро, ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлур. Тун ортидан тонг, кеча кетидан кундуз келадур. Ранж, алам, машаққат тортмасдан роҳат, фароғатга етишиб бўлмас. Улуғ тангримиз сизга иноят назари билан боқиб, тақдирнинг аччиқ ва машаққатли синовлари қозонида тобламиш. Қўл ва оёқларингиз шикаст топгунга қадар вужудингизда куч-ғайрат ва шижоат ўти бағоят бисёр бўлиб, воқеликни ақл-идрок кўзи билан чуқур идроқ этмоғингизга маълум даражада халал берур эрди… Улуғ Тангримиз жисмоний куч-қудратингизни бироз чеклаш асносинда маънавий қудратингиз, идрокингизни зиёда этмиш. Бу шундан нишонадирки, сиз энди оламни бевосита қилич тиғи билан эрмас, балки ақл-идрок, илму ҳикмат “тиғи” билан тасхир этмишсиз. Сиз улуғ Тангримизнинг инояти ва бешак қўллови ила асримизнинг чинакам мўъжизасини яратиш бахтига мушарраф бўлурсиз…
…Сўнгра нортуянинг жунидан тўқилган чакмон, нимча, туянинг терисидан қилинган махси ва белбоғни туфҳа этади. “Нортуянинг жунидан тўқилган шу чакмонни қишда кийиб юрсангиз, зинҳор совуқ ўтмагай, жангда кийсангиз пайкондан танангизга шикаст етмагай. Нимчани кийиб, белбоғни белингизга маҳкам боғлаб юрсангиз, у ҳаракатланғон чоғингизда ўзидан беадад табиий қувват таратиб, шикаст топган томирларингиз, танангизга куч-қувват бағишламиш. Мана бу нодир китобдаги қоидаларни ўзлаштириб олсангиз, жаҳонгирлик фаолиятингизда сизга дастуриламал бўлур”, — дея чарм муқовали бир китобни унга тутқазган эди.
Маънавий пирининг донишмандликка йўғрилган бу гаплари хасталик изтиробларидан тамомила фориғ бўлмаган Темурбекнинг вужудида шижоат ўтини ёқиб, қувватлантириб, ижтимоий туйғусини аланга олдириб юборгандек бўлди. Шу тобда Темурбек вужудида сўз билан таърифлаб бўлмайдиган фараҳбахш сурур ҳиссини туярди. Айни шу лаҳзада Темурбекнинг вужудида Жайҳундек азим бир дарёнинг қудрати намоён бўлгандек туюлди. Жисмига азоб, алам ва ўкинч бераётган ҳислари вужудини тарк этиб, ботиний бир куч-қудрат ёғилиб тургандек бўлди. Пири Темурбекнинг елкасига қўлларини қўяркан, унинг вужудига илоҳий бир куч-қувват ёғилиб, ўзини аввалгидан шижоатлироқ, қудратлироқ ҳис қиларди. Тафаккури тиниқлашиб, улуғ мақсадлари жуда яқинлашгандек бўларди.
Аллоҳга беадад шукроналар айтиб, пири билан хайрлашади. Шу кезлари яна ёшлик ғайрат-шижоати қайта тиклангандек, қаддини эгилиб тутиб турган пружина яна таранглашиб, илоҳий бир қудрат ато этгандек туюларди. Айни куч-қувватга тўлган кезларида ўнг оёғи ва ўнг қўли жиддий шикаст топганидан чеккан хижолат ҳисси шу тобда вужудини тарк этиб, нуқсони фазилатга айлангандек бўларди. Кўнгли сурур ҳиссидан мавжланган Темурбек беихтиёр оғриқ ва хижолат ҳиссини унутиб, олдида кўндаланг турган улуғвор ишларга бутун вужуди билан киришиб кетади…
…Сейистон қалъаларида жанг қилиб, қўлга киритилган бойликлар амир Ҳусайннинг лашкарларига тарқатиб берилгач, ўзининг қўл остидаги аскарларида норозилик туғилганди. Темурбек ярадор бўлиб, ётиб қолгач, лашкарлари ундан умидини узиб, тарк этишганди. Пири Зайниддин Тайободийнинг ташрифи тарқалиб кетган аскарларнинг қулоғига етиб борди. Улар яна Темурбекка умид боғлаб, унинг ёнига бирин-кетин қайтиб кела бошлашди. Энди у янада тежамкор, аскарларига бағрикенг, марҳаматли, кечиримли, ҳушёр ва сергак бўлиб қолганди. Қошига келган одамларнинг фикрини уқиб, кўнглида кечаётган кечинмаларини сеза оларди. Унда одамларни ўз ёнига оҳанрабодек тортиш, ишонтириш, руҳлантириш, қувватлантириш ва ўз атрофига мустаҳкамроқ жипслаштириш фазилати намоён бўла бошлаганди. Бир сўз билан айтганда, сўзнинг қудрати, жозибаси ва таъсирчанлигидан фойдаланиш иқтидори беҳад зиёда бўлгандек эди. Воқеликнинг ривожини олдиндан сезиш иқтидори кучлироқ намоён бўла бошлаганди.
Айни шу кезлардан бошлаб, унинг ҳаётида янги бир давр бошланади. Яъни Темурбек душманни юртдан батамом қувиб чиқариб, қудратли давлатнинг мустаҳкам пойдеворини қўйиш онлари пишиб етилганлигини бутун вужуди билан ҳис этди ва англади. Вужудида қайта мавжланган нурли туйғулардан қувватланиб, ғайрат-шижоат билан ишга киришиб кетди.
Пири кетганидан сўнг у тақдим этган китобни варақлар эди. Унда қуйидаги сўзлар битилган эди: “Агар сипаҳсолар бўлсанг, лашкарингга эҳсон кўргузғил, ҳам ўз тарафингдин, ҳам подшоҳ томонидан уларга яхшилик расмини тузғил. Ҳамиша ҳайбатлик бўлғил, лашкар чекмак ва уруш қилмоқ тариқин билғил. Уруш куни ўнг тарафга ва сўл тарафга кўп уруш кўрғон саркардаларни юборғил. Шижоатлироқ саркардани ёки баҳодирроқ қавмни лашкарнинг орқа жангоҳига (қанотига) қўйғил, токи лашкарнинг орқаси қувватлик бўлсин. Агар душман қанчаки ожиз бўлса ҳам уни ожиз кўрмағил ва унинг ҳақида ҳам қувватлик душман ҳақида қилғон эҳтиётингни қилғил.
Урушда далирлик қилмағилким, далирлик сабабидин лашкарни барбод қилурсан ва баддил бўлмағилким, баддиллик жиҳатидин ўз лашкарингга ҳазимат (чекиниш) еткарурсан…
…Ҳар одамки аъло мурод маслаҳатчилар жумласидан бўлса, ўз қошингда сақлағил.
…Агар урушга кирсанг мардона ҳаракат қилғил ва кўнглунгга қочмоқ фикрини келтурмағил. Ўлимга кўнгил қўйғил, нединким ҳар одамнинг муроди ўлим бўлса, уни ҳеч лашкар жойидан кўтара олмас.
Зафар топсанг қочғоннинг изидан қувмағилки, бу ишда хатар кўп бўлади. Менинг отамнинг хулқ-атвори шундоқ эрди, султон Маҳмуд ҳам шу хилдаги одатни кўзда тутиб, қочғон одамнинг изидан қувмасди ва дер эдики: “Қочғон киши жонини аямай ҳаракат қилур ва ҳар киши жон била саъй кўргузса, албатта, зафар топар.
Урушда зинҳор бир қадамни кейин қўймағил ва бир луқма нон, бир коса сув топсанг, улар била баҳам кўрғилки, бир парча ноннинг қилғон ишини кўп зар ва саруполар қила олмағусидир. Лашкарнинг кўнглини ҳамиша хушҳол тутғил. Агар улар сендин жонини дариғ тутмасинг десанг, улардин нонингни дариғ тутмағил… Агар сени подшоҳлик шарафига еткурса, подшоҳлик тариқини яхши тутғил”.
Донишманд алломанинг ушбу пурҳикмат сўзларини ўқир экан, вужудида куч-қудрат мавжлангандек бўлиб, эзгу мақсадлари жуда яқин келиб қолгандек туюлди…
…Ушбу воқеалардан сўнг Темурбекнинг ҳаётида туб ўзгариш рўй бергандек эди. Пири кетганидан сўнг у яна руҳланиб, ҳар бир янги режани бутун икир-чикиригача пухта ўйлаб тузадиган бўлди. Ҳеч бир нарсани назаридан қолдирмайдиган, ҳар томонлама ўйланган, аниқ ҳисоб-китоб асосида пухта режа тузиб иш кўрадиган, эҳтиросларини жиловлайдиган, диққатини масаланинг энг муҳим томонига қаратадиган бўлди. Кеч ётиб, эрта турадиган, узоқ ўйлаб, кейин оз сўзлайдиган бўлди. Олдингига нисбатан ҳушёрроқ, сезгирроқ, тежамкорроқ, мулоҳазалироқ, вазминроқ, етти ўлчаб бир кесадиган бўлиб қолди. Ишонмаган, синовдан ўтмаган сардорлар, аскарларга муҳим жанговар топшириқлар бермайдиган, бу тоифа одамларни заҳирада (ўйиндан ташқари ҳолатда) сақлайдиган бўлди. Жумладан, ҳозирги вазиятда таяниш мумкин бўлган амир Ҳусайнга нисбатан шундай йўл тутди. Уни қўшини билан жанговар ҳаракатланаётган лашкарнинг орқа томонида сақлаб, ўзи олдинги сафда жанг қиладиган бўлди. Унга ва унинг лашкарига ишониб бўлмасди. Айни пайтда унинг “иттифоқчилиги”дан воз кеча олмасди. Амир Ҳусайн билан иттифоқчилик Темурбек учун зоҳиран керак эди, шундай йўл тутмаса, қўл остидаги аскарлар тарқалиб кетиши мумкин эди. Темурбек амир Ҳусайннинг ғайирлиги ва дилида ўзига нисбатан доимо туғён ураётган ҳасад ва адоватини ҳис этиб, уни керакли масофада сақлаб туришга қарор қилади. Шунингдек, бўлажак жангларга пухта тайёргарлик кўрарди. Бир одамни жосусликка юборгудек бўлса, унинг ортидан бошқа бир ишончли одамини юбориб, унга ҳам айни шу топшириқни берарди. Душман жойлашган манзилни, қалъанинг атрофини ипидан игнасигача ўрганиб чиқарди.
Ўз лашкарларидан ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, топқирлик, ғайрат-шижоатни бошқаришни, эҳтиросларга берилмасдан аниқ ҳисоб-китоб асосида ҳаракат қилишни талаб қиларди. Уларни бўлажак жангларга руҳий, жанговар ва жисмоний жиҳатдан пухта тайёрларди. Лашкарни ўзи жангга бошлаб кирарди. Жангларда ўзини матонатли, моҳир саркарда сифатидагина эмас, балки илму амалга таяниб, иш тутадиган моҳир қўмондон тарзида ҳам намоён қиларди. Қўшини сон ва куч жиҳатидан камроқ бўлса-да, ҳарбий тактика ва ҳийла ишлатиш эвазига душманни чалғитиб, маҳв этиш сиру асрорини ўргатарди. Унинг узоқни кўзлаб иш тутишига қойил қолган одамлар тан бериб, катта ишонч ва умид боғлаб атрофига жипслаша бошлаган эдилар…
1 Муъиниддин Натанзий. “Мунтахаб”, 221-бет.