Мақом санъати инсон қалбига таъсир қилувчи,  руҳий поклик ва маънавий камолотга чорловчи санъат туридир. Кекса ва ўрта авлод вакилларининг ёшлик дамларидан бошлаб, мақом йўналишидаги куй ва қўшиқларни севиб тинглаганлари рост. “Бузрук”, “Дугоҳ”,  “Сегоҳ”,  “Ироқ”, “Гулузорим”, “Қаро кўзим” каби ашулалар, “Шашмақом”нинг барча қўшиқларини, чинакам маънода,   халқимизнинг маънавий жавоҳирлари десак, хато қилмаган бўламиз.

Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Зебунисо, Мискин ва бошқа мумтоз шоирлар ғазалларига басталанган мақом қўшиқлари тингловчига ўзгача шукуҳ, маънавий ҳузур бахш этиши билан улкан қиммат касб этади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими ҳамда вилоят маданият бошқармаси ташаббуси билан Олмалиқ шаҳрининг “Металлург” маданият саройида буюк саркарда, соҳибқирон Амур Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб ўтказилган  мақом кўрик-танлови нуронийлар орасида юксак истеъдод соҳиблари борлигини амалда яққол намоён этди.

Тадбир давомида саҳнада нуронийлар ижросида янграган мақом ва миллий қўшиқлар иштирокчиларга хуш кайфият улашди. Кекса авлод вакилларининг санъатга бўлган меҳри, миллий қадриятларга садоқати ва ижодий фаоллиги томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Танлов натижаларига кўра, янгийўллик 77 ёшли  Мухторжон ота Пўлатов биринчи ўрин соҳиби бўлди. Иккинчи ўрин бўкалик Шуҳрат Асрақуловга,  учинчи ўрин эса паркентлик Шаҳло Рўзиевага насиб этди.

Бекободлик Раъно Ҳамидова актёрлик, Тошкент тумани вакили Тўрабой Носиров “Мусиқа асбобининг маҳоратли ижрочиси”, Ангрен шаҳридан ташриф буюрган Раъно Ўрозбоева “Томошабинлар олқишига энг кўп сазовор бўлган иштирокчи” номинациялари бўйича тақдирландилар.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга мутасаддилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Баҳринисо Султонали қизи,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, 

Тошкент вилояти “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan