31 март куни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида тарихий воқеа юз берди. Бoбур нoмидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри ва Ўзбек давлат академик мусиқали театри ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида илк йирик лойиҳа — “Нодира” тарихий драмасининг премьераси томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.
Мумтоз шеъриятимизнинг ёрқин юлдузларидан бири, Қўқон маликаси Нодирабегим ҳаёти ва ижодига бағишланган тарихий драма “Турон маликалари” туркумидан ёзилган қатор тарихий романлар муаллифи Шаҳодат Исахонова қаламига мансуб бўлиб, уни Муқимий номидаги Ўзбек давлат академик мусиқали театрининг бош режиссёри Достон Ҳақбердиев ва театр балетмейстери Феруза Саримсоқова саҳналаштирган.
* * *

Зални тўлдирган мухлислар олқиши остида спектакль бошланди ва томошабинлар кўз ўнгида, беихтиёр, мумтоз адабиётимизнинг ёрқин юлдузлари Нодирабегим, Увайсий, Дилшоди Барнолар ва қадим Мовароуннаҳрнинг Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигидаги ижтимоий-сиёсий хаёт, аждодларимиз, уларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналари бирма-бир намоён бўла бошлади.
Ёзувчи Шаҳодат Исахонова маҳоратли адиба сифатида тарих саҳнасини қоғозга, сўнгра, театр саҳнасига кўчириб келмоқда. Унинг қаҳрамонлари бизнинг момоларимиз… Улар кўҳна дунёга Широқларни, Берунийларни, етти иқлим жиловини қўлида тутган Амир Темурларни, Мирзо Улуғбекларни, ҳазрат Навоийларни берган оналар! Улар ҳукмдор эрларига елкадош бўлган, салтанат жиловини улар билан баробар тутган, юртларини маънавият ва маърифат шамчироғи билан ёритган, масжиду мадрасалар қурган, хонақоҳ, йўллару работлар солган оқила, донишманд Тўмарислар, Туркон Хотунлар, Бибихонимлар, Гавҳаршод бегимлар, Нодира бегиму Увайсийлар ва Қурбонжон додхоҳлардир… Уларнинг ҳар бири замон ва макон тараққиёти учун беқиёс улуш қўшишган. Уларнинг сафи жуда кўп, лекин Турон юрти тарихининг урф-одатлари, анъаналари улар иқтидорини, истеъдодини, салоҳиятини, меҳнатини баралла айтишга, эътироф этишга чекловлар қўйгани боис, улар фақат шеърларда, достонларда, шунда ҳам муҳаббат фариштаси сифатида куйланган. Уларнинг кўплари ижтимоий адолатсизлик, зулм ва зўравонлик қурбони бўлган аёллардир. Драмада уларнинг ҳаёти, ўзига хос яшаш тарзи ва ана шу руҳий кечинмалари саҳнама-саҳна очиб берилади.

Илк саҳна Қўқон хони Олимхоннинг укаси шоир Умархоннинг Моҳлар ойимга (кейинчалик Нодирабегим мақоми берилган) совчилик воқеаси билан бошланади. Саҳнада Моҳларойимнинг волидаси Ойша бегим ва қиблагоҳи Рамонқулибийлар гавдаланади.
Ойша бегим ролини театрнинг таниқли актёри Лайло Исақова, Раҳмонқулибий ролини эса Олимжон Комилов ижро этишган.
“Раҳмонқулибий: — Қизимиз Моҳларойимга шаҳзодамиз Умархоннинг ниятларини сўйладингизми, онаси?
Ойша бегим: — Сўйладим, бийим…
Раҳмонқулибий: — Не жавоб бердилар?
Ойша бегим: — Ҳеч нарса демадилар, бийим.
Раҳмонқулибий: — Яхшилаб тушинтирдингизму? Розилик бермаслиги ҳам мумкинму?
Ойша бегим: — Билмадим, бийим… Лекин менинг ҳам кўнглим чопмаётир… Ул йигит шаҳзода бўлса… Шаҳзодаларнинг турмуш тарзи эрса маълум. Тўртта хотин етмагандай, ўнлаб канизаклар сақлашадур. Гул каби авайлаб ўстирган фарзандимиз ул катта даргоҳда униб-ўсиб кетармикин?
Раҳмонқулибий: — Бизнинг ҳам катта даргоҳда сизни ҳўқ ургани йўқ-ку, онаси!?
Ойша бегим: — Ҳўқ урмагани шулму, бийим… Ўлмай тирик қолдим, холос… Мана бул дийдам неларга гирифтор бўлганини ўзим биламен, сиз қаердин билурсиз? Афсуски, бул қабоҳат бир сизнинг эрмас, барча эркак зотининг қабоҳатидур! Алар ўз нафслари ва ҳирсларини жиловлай олмаганликлари боис, зурриёдлари ўгайлик балосига дучор бўлуб, аҳли аёллари кундошлик жаҳаннаминда ёнадурлар…
Раҳмонқулибий: — Индамай юрганингиз бирлан дардингиз ичингизда эркан-да, онаси!
Ойша бегим: — Бул дард биргина менинг эрмас, барча аёлларнинг дардидур… Кундошлик ва ўгайлик нафақат оға-иниларнинг, балки салтанатнинг ҳам кушандасидур, бийим”.
Ана шу дастлабки саҳнадаёқ, Ойша бибининг сўзлари орқали ўтмишдаги аёлларнинг ижтимоий адолатсизлик туфайли чеккан азоблари, эркаклар томонидан ҳақ-хуқуқи топталган, таҳқирланган, рашк ўтида ёнган ҳолатлари кўз ўнгингизда намоён бўлади.
Спектаклдаги воқеалар бир-бирига мантиқан боғланган ва яхлит сюжетни ташкил қилган.
Ойша бегим таърифлаганидек, ота-она бағрида гул каби яйраб ўсаётган Моҳларойим ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, ёмон инсонларга дуч келмаган, уларнинг феълидаги қабоҳатдан бехабар, у дунёни ўзининг хаёллари яратган шеърият олами каби тасаввур қилади, унинг бағридаги инсонларни эса ўзининг яқинлари каби кўради. Шунинг учун ҳам волидаси Ойша бегимнинг хавотирига, ҳатто, огоҳлантиришларига ҳам парво қилмайди. У шеъриятга ошно, унинг қалби шеърият учун яралган. Ёстиқдоши шоир бўлиши унинг орзуси эди. Шу сабаб, шаҳзода Умархоннинг шоирлиги унинг орзуси ушалаётганига ишора бўлиб кўринади.
…Моҳларойим Марғилонга келин бўлиб тушганида ундан бахтиёр одам йўқ эди. Умархон томонидан “Шоирлар уйи”нинг ташкил қилиниши, машҳур шоира Увайсийга шогирд тушиши, уйларидаги мушоиралар, шеърий девонлар тузилиши, нафис мажлислар, буларнинг барчаси болаликдаги орзусининг рўёби, ҳаётининг мазмуни каби кўринади…
Лекин хаёл бошқа, ҳаёт бошқа… У тўй бўлишдан олдин волидаси айтган гапларнинг нечоғли тўғрилигини ўшал савдолар бошига тушгач, англайди. Умархон билан бошлари бир ёстиқда бўлса-да, эри унинг кўнгил кечинмаларидан хабарсизлиги, ҳис-туйғуларига бегоналиги Нодирабегим қалбидаги ишқ гавҳарини барбод этади. У бундай ҳаётга тайёр эмас, ҳаётини бу тарзда давом эттиришга унинг қурби етмайди. Нодирабегим севган инсони даргоҳидан кетишга қарор қилади. Кўнглидан кечган ўйларини устози, шоира Увайсийга айтади.
Шоира Увайсий ролини театрнинг таниқли хонандаси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Дилоромхон Соипова, Моҳларойим (Нодирабегимнинг) ёшлигини театрнинг ёш, умидли актрисаси, Қирғизистон маданият аълочиси Одинахон Аббосова маҳорат билан талқин этган.
…Моҳларойим кўнгил қўйган, уни жонидан ортиқ суйган шаҳзода Умархон кейинчалик яна шайтон қутқусига учади. Оғаси Олимхон салтанатига тажовуз қилган душманларга қарши курашиш ўрнига, тахтга ўзи эга чиқишни ўйлайди ва ҳамфикр тарафдорларининг қутқуси билан бунга эришади. Оғасини болалари билан биргаликда қатл эттиради ва сувдан қуруқ чиқиш, ҳақиқатни яшириш учун қатлда иштирок этган барча гувоҳларни йўқлик саҳроси томон итқитади.
Ҳақиқат саҳнада, режиссёрнинг тафаккури орқали рамзий маъноларда, сўзсиз ва ишоралар орқали намоён бўлади. Актёрлар фонида ҳалок бўлаётган Олимхон ва икки фарзанди бўйнига сиртмоқ илинган ҳолда худди кафанга ўралган каби оппоқ либосларда худди булутлар ичида сузаётган каби муаллақ туришипти. Жаллодлар уларнинг бўйнига сиртмоқ солади. Фалокатни англатувчи мусиқа фонида бошларидаги оппоқ қалпоқлари гўё руҳлари каби осмонга кўтарилади…
Саҳнада Умархон ва Нодирабегимлар пайдо бўлишади. Умархон ролини Тоҳир Мадраҳимов, Нодирабегим образини эса театрнинг хушовоз хонандаси, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самидахон Холматова маромига етказиб ижро этган.
“Умархон: — Хуш келдингиз, маликам…
Нодира бегим: — Худога шукр, тўрт ой деганда юз кўришдик, шаҳзодам. Қўзғолонни эшитиб қўрқиб кетдим. Келмоқчи эрдим, бекларингиз рухсат беришмади. Ҳеч кимга зиён-заҳмат етмадиму, ишқилиб?
Умархон — Кўриб турганингиздек, мен соппа-соғмен. Фақат оғам ва фарзандларини қутқара олмадик…
…Нодира бегим: — Оҳ, шаҳзодам…
Умархон: — Шукр, барчаси ортда қолди, шаҳзодаларнинг улуғи бўлганлигим учун оғамиз тахтига мени ўтқазишиб, Хон кўтаришди… Мени қутлашингиз мумкин…
Нодирабегим: — Сизнинг оға-иниларингиз, менинг эрса жон-жигарларим қони бирлан булғанган тахт ва хонликни қутлашга тилим қандай борадур?”
Шу пайт эшик оғаси кўриниш бериб, Умархонга Олимхоннинг волидаси келганини ва киришга рухсат сўраётганини айтади.
Қўрқиб кетган Умархон баҳона билан уларни холи қолдиради…
Фарзандидан ва набираларидан жудо бўлган она — Хонойим образини театрнинг актрисаси, Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Абдужабборова маҳорат билан ўйнаган. Унинг ғам-алам тўла фарёдли саси гўё бошқа оналарни ҳушёрликка чақираётгандай. Унинг сўзлари дуоибад каби янграйди. Зеро, зулмнинг товони оғир…
Кейинги саҳнада дуоибад ўз исботини топади. Тахтни бир умрлик, умрни эса мангу деб билган Умархон оғир дардга чалинади. Уни йўқлаб келган Нодирабегимга юрагидаги сирларини ошкор этади.
Умархон: — Мен ношуду нотавон банда бул ҳаётни не деб тасаввур этдим? Нега ишондим, нега суяндим? Қани, ўшал мени шер янглиғ саркаш қилган, уммон каби тўлиб-тоширган қудрат? Ҳаммаси хаёл, барчаси сароб эрканлигини, инсон отлиғ бул банда аслинда чумоли каби заиф, бедаво дард янглиғ чорасиз эрканлигини энди тушундим, лекин кеч тушундим…”

Драмада жаҳолат ва адолатсизлик ҳукм сурган замонда ўз шаъни, номуси, инсоний қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун курашмоқ зарурлиги адоқсиз аламлар чеккан ҳақпараст Нодирабегим образи орқали очиб берилади. Ҳукмдорлар ва уларнинг амалдорлари бошқаларнинг эркини поймол этиш, ғурурини синдириш, зўравонлик қилиш, таҳқирлаш адолатсизлик эканлигини англашмайди. Ва ана шу англамаслик оқибатида ўзларини ҳам йўқлик қаърига маҳкум этадилар.
Спектакль воқеалари актёрлар маҳорати билан маромига етказиб ўйналган.
Шайхул Ислом ролида Қирғизистон маданият аълочиси Бахтиёр Ҳурбоев, Насруллахон ролида Қирғизистон маданият аълочиси Дилшод Қурчиев, Олимбек додхоҳ ролида Қирғизистон маданият аълочиси Илҳом Маматохунов, Муҳаммад Алихон ролида Музаффар Бахтиёров, Хонпошшохон ролида Ёрқиной Шарипова, Қурбонжон бекач ролида Мубинахон Тожиевалар ўз образлари талқинини маҳорат билан ижро этишди.
Саҳна безаклари, сарой кўриниши, қаҳрамонлар кийимлари, қурол-яроғлар барчаси воқеа содир бўлган даврга уйғун равишда танланган. Ижро этилган куй ва қўшиқлар шоира Нодирабегим ва шоир ҳамда ҳукмдор Умархон Амирий шеърларига басталанган.

Спектакль томашабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. Томошага ташриф буюрган Ўш шаҳар вице мери Масудахоним Айдарбекова спектакль ижодкорларини ва театр жамоасини янги тарихий асар билан табриклаб, ўзбекистонлик ҳамкорлар — асар муаллифи Шаҳодат Исахонова, саҳналаштирувчи режиссёр Достон Ҳақбердиев ва балетмейстер Феруза Саримсоқоваларни маданий ҳамкорликка қўшган ҳиссалари учун Ўш шаҳар ҳокимлиги “Ташаккурнома”лари билан тақдирлади.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси раҳбари в.б. Фарҳод Элмуродов ҳам спектакль ижодкорлари ва театр жамоасини янги асар билан табриклаб, спектаклда Нодира образини юксак маҳорат билан ижро этган актриса Самидахон Холматовага Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири буйруғига мувофиқ “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев, Муқимий театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти директори Ботиржон Эргашев, тарихчи ва адабиётшунос олимлар — Андижон давлат университети профессорлари Рустам Шамсуддинов, Баҳодир Раҳмонов, ижодкорлар Нурали Қобул, Сарвар Усмон ва Андижон давлат чет тиллари институти доценти Маърифатхон Қосимова ҳам иштирок этишиб, спектакль ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Мазкур премьера икки қардошу жондош қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик, маданий алоқалар ҳамда ижодий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунасига айланди.
Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ,
“Тошкент — Ўш — Тошкент”.
2026 йил 1 апрель.