Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Жом қишлоғида жойлашган 79-сонли ўрта умумтаълим мактабида буюк давлат ва жамоат арбоби, саркарда, Иккинчи Уйғониш даври — Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темур таваллудининг 690 йилигига бағишланган “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбирни фаол нуроний, фахрий ўқитувчи Холбой Маҳатов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда ўқувчи-ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашлари учун юртимизда барча қулайликлар яратилаётганлиги, шунга жавобан йигит-қизларимиз ўқиб, илм олиб, келажакда жамиятимиз учун етук кадрлар бўлиб етишиш йўлида ғайрат кўрсатишлари лозимлигини, бу йўлда буюк давлат ва жамоат арбоби, саркарда Амир Темур ҳаёти барча ёшларимиз учун катта ибрат эканини айтиб ўтди.
Шундан сўнг “Нуроний” жамғармаси туман бўлими “Бувижонлар мактаби” раҳбари Ойгул Жўраева, Ўзбекистон Экологик партияси туман бўлими раҳбари Гулшан Шерматова, “Адолат” социал демократик партияси туман бўлими раҳбари Орол Тожиев, “Омондара” маҳалласи фаоли Абдипаттоҳ Турсунов, “Тегирмонбоши” маҳалласи меҳнат фахрийси Саид Усмонов ва яна қатор нуронийлар сўзга чиқиб, тадбир аҳамиятига тўхталдилар. Ўз навбатида, кекса авлод вакилларининг ёшлар камолоти йўлидаги ўрнини алоҳида эътироф этдилар.
Учрашув давомида нуронийлар ўз меҳнат ва ҳаёт тажрибаларидан гапириб, ёшларга вақтни беҳуда ўткзмаслик, касб-ҳунар эгаллаш, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишиш, жамиятга муносиб хизмат қилиш, оила деган муқаддас қўрғонни ҳамиша асраш, фарзандларни комил инсон руҳида камол топтириш, жамиятда кечаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш лозимлигини уқтириб ўтдилар.
Тадбир якунида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Дониёр Хушвақтов сўз олиб, бу каби тадбирлар ёш авлод таълим-тарбияси учун фойдали ташаббуслардан бири эканлигини таъкидлади.
Учрашувнинг бадиий қисмида мактаб ўқувчилари таниқли шоирлар ва ўз ижод намуналаридан ижро этдилар. Санъаткорларнинг дилтортар ижролари даврага янада файз киритди.
Хурсанд Бойчаев,
Нуробод тумани “Жом” маҳалласи
фаол нуронийси.