Ҳаёт инсонга берилган бетакрор неъматдир. Бир мартагина тақдим этиладиган олтин имкон. Уни мазмун билан бойитиш ҳам, елга совуриш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ. Яна бир ҳақиқат шуки, яратган эгам одамзотга ҳам жуфт бўлиб яшаш бахтини ато этган. Муваффақиятга эришиш, инсон деган номга муносиб тарих қолдириш кўп жиҳатдан шунга ҳам боғлиқ, албатта.

Агар инсон умрини улкан кемага менгзайдиган бўлсак, уни бошқариш учун эшкакни баробар тортадиган йўлдошинг бўлиши керак. Шунда ҳаёт кеманг ўзинг истаган манзилга етиб бора олади, яъни мақсадингга эришасан. Маълум бир манзилга етиб, ортингга қараганингда, бекор яшамаганингни ҳис қилишнинг ўзи  катта бахт аслида.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар “Араловул” маҳалласида яшайдиган меҳнат фахрийси Пўлат Муртазаев ва Шоҳида Йўлдошеваларнинг оиласи ана шундай бахтга эришган хонадонлардан бири. Эллик йилдан буён бақамти, ҳамжиҳат бўлиб яшаб келаётган бу оила вакилларини барчага ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди.

Пўлат Муртазаевни нафақат қашқадарёликлар, балки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги нуронийлар яхши танишади. Пўлат ака “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё  вилояти бўлимида ҳисобчи, вилоят бўлими раиси ўринбосари, ижрочи-директор вазифаларида ишлаган. Ҳозирда  вилоят ҳокимининг фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси ёрдамчиси сифатида фаолият юритмоқда.

1975 йилда Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)нинг кундузги бўлимини тугатган Пўлат ака узоқ йиллардан бери вилоят миқёсида турли лавозимларда самарали меҳнат қилиб келмоқда. У меҳнат фаолиятини Ғузор туманидаги “Тоҳир-Зуҳро Муқобил машина трактор парки” 3-сонли бўлимида ҳисобчиликдан бошлаган бўлса, кейинчалик вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида бош мутахассис, Иқтисодиёт бош бошқармасининг агросаноат комплекси бўлими бош мутахассиси каби вазифаларда самарали фаолият юритган.

Турмуш ўртоғи Шоҳида ая Йўлдошева қирқ йил давомида муаллимлик касбини улуғ тутиб, ёш авлод таълим-тарбия берди. Бугунги кунда у Қарши шаҳридаги “Араловул” маҳалласи раисининг оила, хотин-қизлар ижтимоий, маънавий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида ишламоқда.

Оилада тарбияланган тўрт нафар фарзанд  ҳаётда ўз ўринларини топиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Жумладан, тўнғич фарзанд Фарҳод Муртазаев Бойсун туманидаги “Интер инжиниринг ГПЗ” компаниясида бош мутахассис. Кейинги ўғил Одил Муртазаев “Шўртангазкимё” мажмуаси муҳандиси. Қизи Феруза Муртазаева Қарши шаҳридаги 19-сонли мактабда ўқитувчи. Тўртинчи фарзанд Суҳроб Муртазаев “Ўзтелеком” Қарши шаҳар боғламаси бошлиғи вазифасида ишлайди.

Шоҳида ая иш фаолияти давомида маҳалласидаги хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, ҳал этиш, уларнинг маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия, “Аёллар маслаҳати кенгаши”, “Ота-оналар университети” фаолиятига кўмаклашиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий, маънавий, ахлоқий, психологик, тиббий маслаҳатлар беришда фаол иштирок этиб келаётир.

— Ўн нафар набирамиз бор. Улар ҳали мактабда ўқишади, ҳуқуқшунослик, ахборот техналогиялари ва иқтисодиёт йўналишларига қизиқишлари юқори, — дейди Пўлат ака Муртазаев. — Катта набирам Фирдавс Муртазаев бу йил 11-синфни битиради. Компьютер саводхонлиги юқори бўлиб, ҳозирдан олий таълим даргоҳига грант асосида кириш йўлланмасини қўлга киритган. Турмуш ўртоғим билан аввал фарзандларимиз келажаги учун қайғурган бўлсак, эндиликда набираларимиз келажаги учун ҳаракатдамиз. Фарзандлар, набираларнинг ҳар бир ютуғи —бу бизнинг ютуғимиз. Қачонки, шуларнинг бирор ютуққа эришганини кўрсак, улардан ҳам кўра кўпроқ қувонамиз, умримиз зое кетмагани учун Яратганга шукроналар  айтамиз… Жамиятда боши баланд, кўкси тоғ бўлиб, оиласидан, фарзандларидан  кўнгли тўлиб яшаш бахти ҳаммага ҳам насиб этаверсин. Бунинг учун, аввало, инсон ўзига муносиб умр йўлдоши топа олиши керак. Ҳаёт йўли давомида, яхши-ёмон кунларда ҳаммасига сабр қилиб, баробар ҳаракатда бўлиб, ёруғ кунлардан умид қилган ҳолда, ёнидаги умр йўлдошига ҳам ишонч улашиб яшай олган инсон, шубҳасизки, бахтли одам саналади.

Пўлат аканинг бу фикрлари йиллар синовларида тобланиб, амалда ўз исботини топган ҳаёт хулосаларидир. Чиндан ҳам, оилада ота-она ўзаро ҳаммаслак, ҳамқадам ва аҳил бўлиб яшар экан, улар бунёд этган оиладаги фарзандлар ҳам баркамол, эл-юрт учун керакли дилбандлар бўлиб улғаядилар.

Асолат Аҳмадқулова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan