дейди 64 ёшли гиламдўз Ортиқой ая Ходжамқулова
Халқимизда “Ҳунар — ҳунардан ризқинг унар” деган доно нақл бор. Азалдан элимиз ўз фарзандларини касб-ҳунарли этиб тарбиялашга муҳим эътибор қаратган. Ҳунарли хор бўлмас деганларидек, оилаларда такомил босқичига чиққан маълум ҳунар авлодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтган. Шу тариқа оилаларнинг фаровонлиги таъминланган. Тарихимиз саҳифаларига назар ташлайдиган бўлсак, бешикчилар, сандиқчилар, темирчилар ва шунга ўхшаш маълум ҳунармандликка ихтисослашган маҳаллаларнинг бежиз қарор топмаганлигига гувоҳ бўламиз.
Бугун Янги Ўзбекистонимизда ана шундай ўзига хос анъаналарни тиклаш ва давом эттиришга бўлган эътибор замирида халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиётини таъминлашдек улуғвор мақсад мужассам, албатта. Бу жараёнда юртимизда фаолият юритиб келаётган моҳир ҳунармандлар ҳамда уларнинг оламшумул ишлари фикримизга яққол мисол бўла олади.
Ўзининг қўлда тўқиган бетакрор ва ранго-ранг гиламлари билан нафақат юртимиз, балки жаҳон эътиборини ўзига қаратиб келаётган онахонимиз — Ходжамқулова Ортиқой Жумадиловнани ана шундай моҳир ҳунарманд нуронийларимиздан бири, дейиш мумкин.
Онахон 1962 йил 14 ноябрда Тожикистон Республикаси Ленинобод вилояти Хўжанд туманида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси.
Ортиқой аянинг оиласи 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг Тошкент вилояти Бекобод тумани Пахтакор қишлоғига кўчиб келган. Онахон 2012 йилдан 2018 йилга қадар туман Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси сифатида фаолият юритган. Мазкур оила 2018 йилда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрига кўчиб ўтган бўлиб, ҳозирги кунга қадар “Маҳмудхўжа Беҳбудий” МФЙда истиқомат қилади.
— Онахонга 2024 йил январь ойидан Олмалиқ шаҳар “Нуронийлар маскани”дан жой ажратилиб, тўгарак ташкил этилган. Ҳозирда Ортиқой опа кекса онахонлар ва уларнинг набираларига гилам тўқиш сирларини ўргатиб келмоқдалар, — дейди “Нуроний” жамғармаси Олмалиқ шаҳар бўлими раиси Муҳитдин ота Абдуллаев. — Моҳир ҳунарманд онахонимиз 2019, 2023 йилларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида, 2025 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ўтказилган “Гилам жилоси” ҳамда 2019 йил Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандлар фестивалларида фаол иштирок этганлар.
— Уч нафар фарзандим билан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасида фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаб келаётган эдик. 2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олиш учун белгиланган тартибда ҳужжатлар топширдик, мурожаатимиз ҳозирда ижобий ечим топиш арафасида. Бу хабар бизни қувонтирди, — дейди Ортиқой ая бугунги кунлар учун шукрона айтар экан. — Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ҳар биримизнинг орзу-ниятларимизда, ҳаётимизда акс этяпти. Ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги имкониятлар ва ҳунармандларга кўрсатилаётган эътибордан шахсан ўзим ва оиламиз баҳраманд бўляпмиз. Ҳар бир юртдошимиз ўзи қизиққан соҳаларда ютуқларга эришяпти. Фақат ҳар бир одам ўз устида ишласа, ўқиб-ўрганса, ҳалол ва фидойи меҳнат қилса бўлгани… Яна бир гапни айтмасам бўлмайди, қўшни мамлакатлар билан йўлга қўйилган очиқлик, бағрикенглик сиёсати сабабли Тожикистон Республикасидаги қариндош-уруғларимиз ёнига ҳеч қандай тўсиқлару қийинчиликларсиз бориб келмоқдамиз. Кўнгил хотиржамлиги, тинчлик, омонлик бўлса, одам янгидан кучга тўлиб, атрофидагиларга яхшилик қилиш учун интилаверар экан.
Ортиқой аянинг гиламдўзлик фаолияти тарихи билан қизиқдик.
— Бу иш билан болаликдан банд бўлганмиз, — дейди онахон. — Гоҳ бизнинг ҳовлида, гоҳ бошқа қизларнинг ҳовлисида гиламлар тўқирдик. Ўзбек, қирғиз, тожик қизлари жуда аҳил дугоналар бўлиб, бирга ишлардик. Битта гиламни 27-28 кунда битирардик. 7 гулли, 8 гулли,
10 гулли гиламлар тўқирдик. Тайёрланган гиламлар бозорларга олиб чиқиб сотиларди. Меҳнатимизга яраша ҳақ олардик. Шу билан рўзғоримизга барака кирарди.
Ортиқой аядан 60 га яқин юртдошимиз гиламдўзлик ҳунарини ўрганган бўлиб, ҳозирги кунда онахоннинг тўгарагида 10 нафарга яқин ёш қўлда гилам тўқиш сабоқларини олмоқдалар. Онахон, асосан, қирғиз гилами, қурама гилам, барақ, патгилам ва яна қатор қўл меҳнати намуналарини яратиб, халқимиз хонадонларига кўрк улашиб келмоқдалар. Келинлари ҳам гилам тўқишни ўрганганлар. Дилмурод ўғиллари эса гиламдўзлик ускуналарини ясашнинг ҳадисини олган. Вақти келса, ёғочдан, зарур бўлганда, темирдан дастгоҳлар ясаб бериб, гиламдўзларнинг меҳнатини енгиллаштиради.
Ортиқой аянинг турмуш ўртоғи Раҳмонали Ходжамқулов 1959 йилда туғилган. Отахон 27 йил давомида чўпонлик иши билан банд бўлиб, эл-юрт корига яраган. Ҳозирда пенсионер. Катта ўғил — Дилмурод Ходжамқулов 1982 йилда туғилган. Олмалиқ шаҳридаги “Технопарк” ишчиси. Қизи Зарифа Ходжамқулова 1984 йилда туғилган. Ҳозирда тадбиркорлик билан машғул. Кичик ўғли Бобомурод Ходжамқулов 1988 йилда туғилган. У ҳам “Технопарк” ишчиси. Тўрт нафар невара — хонадоннинг қувончи. Улар бобоси ва бувисининг эркатойлари.
Онахон билан суҳбатлашган инсон борки, ўзгача таассурот олади. Ҳа, қалби эзгуликка тўла, нурдай хаёли инсонларга яхшилик сари йўғрилган, қўллари эса деярли санъат асари яратиш билан банд бўлган онахондан ибрат олмасликнинг мутлақо имкони йўқ. Мана шундай бувижонларимиз бор эканлар, миллатимиз қизлари чевару чечан, қўли гул, ўз хонадонларининг бахтли маликалари бўлиб улғаяверадилар. Бахтимизга улар ҳамиша омон бўлсинлар!
Баҳодир Валиев.