Ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик халқимизга хос қадриятлардан биридир. Аҳоли ташаббуси ва иштирокига асосланган “Ташаббусли бюджет” дастури ушбу анъананинг юртимизда бардавомлигини яққол намоён этмоқда. Зеро, айни ташаббус доирасида илгари сурилаётган ҳар бир лойиҳа —  халқ иродасининг ўзига хос ифодаси бўлмоқда.

Хусусан, 2025 йил 1-мавсумда Сирдарё вилояти Гулистон туманида нуронийлар учун замонавий ва шинам маскан барпо этиш ташаббуси илгари сурилиб, кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 миллиард сўмни ташкил этиб, 1 минг 520 та овоз билан ғолиб деб топилган. Қурилиш ишлари “Сирож Нодир ҳамкорлиги” МЧЖнинг малакали қурувчилари томонидан амалга оширилиб, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган “Нуронийлар маскани” барпо этилди. Эндиликда бу ошиён нафақат дам олиш, балки суҳбат, маслаҳат ва тажриба алмашиш масканига айланиши шубҳасиздир.

Тантанали очилиш маросимида “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев, Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Унда сўзга чиққанлар бугунги кунда фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, уларнинг ўзига хос самаралари, мазкур масканнинг узоқ йиллар давомида нуронийларимизга хизмат қилиши, фахрийларнинг дуоси ва ҳаётий тажрибаси ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.

Меҳмонлар маскан фаолияти билан яқиндан танишар эканлар, яратилган  шароитлар ҳамда имкониятлар барчага бирдек манзур бўлди.

Тадбир якунида нуроний отахону онахонлар “Зебунисо” тантаналар мажмуасида жам бўлиб, бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар. Санъат усталари ва ҳаваскор ижрочилар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз бағишлади.

Муродқул  Мирзараимов,

“Нуроний” жамғармаси

Гулистон тумани бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan