Бугун Навоий шаҳрида  167 мингдан зиёд турли миллатга мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида 17895 нафар 65 ёшдан ошган кексалар бор. Кексаларнинг 8943 нафари эркаклар, 8952 нафари аёллардир. Уларнинг 58 нафари 80, 16 нафари 90 ёшдан ошган кишилар бўлиб, бир нафари 95 ёшда. Ўша кексалардан меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган 33 нафари ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллада “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари этиб сайланган. 108 нафари эса фаол нуроний сифатида 479 та камбағал оилага бириктирилган. Ушбу ёши улуғ фаолларнинг 7 нафари I ва II даражали меҳнат фахрийлари саналади. Орасида давлат мукофотлари ҳамда кўкрак нишонлари соҳиблари бор.

Шижоатли нуронийларнинг бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштироки, эришилаётган натижалар билан қизиқар эканмиз,  “Нуроний” жамғармаси Навоий шаҳар бўлими раиси, меҳнат  фахрийси Абдураззоқ ака Нарзиевга мурожаат қилдик:

— Нуронийларимиз орасида 19 нафар Иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортини мустаҳкамлашда қатнашган кексаларимиз, 13 нафар афғон уруши иштирокчилари ҳамда 79 нафар Чернобиль атом станцияси талофатларини бартараф этишга сафарбар қилинган фахрийлар ва 67 нафар ёлғиз яшайдиган кексаларимиз бор. Улардан ташқари, шаҳримизда 176 нафар I гуруҳ, 1094 нафар II гуруҳ ногиронлари яшайди. Биз тизимли равишда жамғармамиз қошида шакллантирилган жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда ўтган 2025 йилда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан улар, шунингдек, 12480 нафар ёши улуғ кексаларимиз ҳолидан хабар олдик. 8421 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бердик. 14567 нафарининг яшаш жойларини ободонлаштиришга кўмаклашдик. 2 нафарининг хонадонини капитал таъмирлашга эришдик.

5 нафар якка-ёлғиз яшайдиган нуронийларимизни санаторийларга юбордик. Шунингдек, бир гуруҳ кексаларимиз Самарқанд, Жиззах, Тошкент ва бошқа вилоятлардаги зиёратгоҳларга бориб келмоқдалар.

Фаол нуронийларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан камбағаллик реестрига киритилган 102 нафар оила вакиллари турли ишларга жойлаштирилиб, 423 нафарига ўзини ўзи иш билан банд қилиш учун кам фоизли кредит маблағлари олишга ёрдам қилдик. Рўйхатга киритилган оилаларнинг 68 нафар юқори синфларда ўқийдиган фарзандларини бепул репетиторлик курсларига жойлаштирдик.

“Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими қошида шакллантирилган “Нуронийлар ва ота-оналар кенгаши” аъзолари билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинларининг маъмурий биноларида, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, ҳарбий қисмларда “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати”, “Энг намунали оила” ва яна қатор тадбирларни ўтказиб келяпмиз. “Бувижонлар мактаби” аъзолари ҳамда “Кексалар маслаҳати гуруҳи” раҳбарлари ҳамкорлигида олиб борилган тизимли ишлар натижасида 25 та низоли оила ўзаро яраштирилди, — дейди шаҳарлик нуронийлар оқсоқоли.

Президентимизнинг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” давлат дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисида”ги 892-сонли қарорига кўра, “Нуроний” жамғармаси Навоий шаҳар бўлими фаол нуронийлари томонидан олиб борилаётган ишлар кўлами ҳам эътирофга сазовор, албатта.

Бу борадаги ишлар самарадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида, “Янгиобод” маҳалласида бўлиб, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳибаси Шоира опа Тўхтамишовадан уларнинг фаолияти ҳақида сўрадик. Раис маҳаллада 402 нафар кексалар яшаши, улардан 4 нафари 90 ёшдан, 12 нафари 80 ёшдан, 95 нафари 70 ёшдан ва 160 нафари 60 ёшдан ошган меҳнат фахрийлари эканини айтди.

Маҳалла “Кексалар маслаҳати гуруҳи” раҳбари Баҳриддин ака Норбоевга МФЙ маъмурий биносидан алоҳида хона ажратилибди. У киши энг фаол нуронийлардан бири бўлгани учун 2025 йилда “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг шаҳар босқичида қатнашиб, 1-ўринни эгаллабди ва вилоят босқичига йўлланма олибди. Айни пайтда “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими томонидан аҳолини рўйхатга олиш ҳаракатига жалб этилганига қарамай, ўзига бириктирилган камбағаллик рўйхатидаги 5 нафар оила — Оксана Коротких, Қундуз Ҳазратова, Зайнаб Исҳоқова, Мафтуна Собироваларнинг мактабда ўқийдиган фарзандларига ўқув қуроллари, спорт кийимлари етказиб беришдан ташқари, уларга маҳалла томонидан моддий ёрдам олишга кўмаклашибди. Оксана Таросенкога ўғлининг оёғи туғма қийшиқлиги учун уни Тошкентга олиб бориб, мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказишга ёрдамлашибди. Бошқа камбағал оиланинг ўғли Тўраев Умиджонни Зарафшон шаҳридаги Гидрометаллургия заводига ишга жойлабди. Бундан ташқари, оқсоқол маҳалла “Кексалар маслаҳати” гуруҳининг 15 нафар аъзоси билан бирга, 27 та ажрим ёқасига бориб қолган нотинч оилалардан 17 тасини яраштирибди.

— Баҳриддин акага ўхшаган фаол нуронийлар борлиги учун маҳалламиз гувиллаган катта шаҳарнинг энг аҳолиси гавжум гўшасида жойлашганлигига қарамай, ҳозирча “қизил” ва “яшил” ҳудуд оралиғида, — дейди участка профилактика нозири Азиз Бобоназаров.

Навбатдаги манзил — “Олтин водий” маҳалласи бўлди. Маҳалла “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Аҳмаджон ака Сафаров ёши улуғ, тажрибали нуронийлардан бири. Мустақиллигимизнинг юбилей нишонлари, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шаҳардаги 3986 нафар ўқувчи таълим оладиган 8-умумтаълим мактаби раҳбарияти таниқли меҳнат фахрийлари — кончилик соҳасида хизмат кўрсатган геолог Ҳамид ака Шарипов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Олим ака Хўжаевлар билан бирга, Аҳмаджон ака Сафаровни ҳам “Уч авлод учрашуви” тадбирига   таклиф этган экан.

Маҳалла раиси Ойбек Шамсиевдан фаол нуронийлар ва улар томонидан маҳаллада амалга оширилаётган ишлар хусусида сўрадик.

— Маҳалламизда 529 нафар кексалар бўлиб, улардан 60-70 ёшдагилари 259 нафар, 70 ёшдан ошганлари 148 нафар, 80 ёшдан ошганлари 18 киши ва 2 нафар 90 ёшдан ошиқ умр кўраётган онахонлар бор, — дея маълумот бера бошлади Ойбекжон. — Фаол нуронийларимиз томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталадиган бўлсак, 2025 йилда маҳалламизда 78 та камбағал оила рўйхатга киритилган эди. Ушбу оилалардан 15 тасини “маҳалла еттилиги” билан маслаҳатлашиб, катта ҳаётий тажрибага эга Аҳмаджон Сафаров, Файзулло Эргашев ва Ҳожибегим Очилова сингари фаол нуронийларга бириктирган эдик. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳаммаси камбағалликдан чиқарилди. 2026 йил бошида яна ҳар бирига 5 нафардан худди шундай оилалар билан ишлаш вазифаси топшпирилди.

Шу орада Аҳмаджон ака билан ҳам юзма-юз бўлдик. У киши суд-ҳуқуқ тизимида кўп йиллар ишлаб, пенсияга чиққан, дунёқараши кенг, юксак маънавиятли инсон. Аҳмаджон ака мақсадимиздан бохабар бўлгач, шериклари Файзулло Эргашев шаҳарда қурилган янги масжиднинг очилиш тадбирига, Ҳожибегим Очилова эса маҳалланинг энг кекса вакиласи — 93 баҳорни қаршилаётган онахондан хабар олиш учун кетганликларини маълум қилди.

Аҳмаджон Абдуманноновичнинг ўзига ўтган йилнинг I ва II босқичида 10 нафар: Диёра ва Гулнора Ҳусановалар, Гулнора Мухторова, Меҳригул Астаноева, Хуршида Райимова, Дилафруз Маманазарова, Гулноза Болтаева, Марина Аблязова сингари камбағал оилалар бириктирилган экан. Шулардан Д.Ҳусанова, М.Астаноева ҳамда М.Аблязоваларни шаҳардаги тадбиркорлик субъектларига ишга киритибди. Г.Мухторова билан Д. Маманазароваларга ўзини ўзи иш билан банд қилиш учун ҳар бирига 10 млн. сўмдан кредит маблағ олишига кўмаклашибди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан 22 та камбағал оиланинг мактабда ўқийдиган фарзандларига парта, стул ва спорт кийимларини етказиб беришдан ташқари, 7 нафарига “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан, 35 та камбағал оилага эса бошқа ҳомийлар топиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берибди. Шунингдек, фаол нуроний Файзулло Эргашев ҳам ўзи масъул бўлган камбағал оилалардан Комила Санаева билан Меҳринисо Муродуллаеваларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 35 миллион сўмдан кредит олишда ёрдамлашибди. Гулчеҳра Аҳмедовани ишга жойлаштирибди. Бундай мисолларни Ҳожибегим Очилова мисолида ҳам келтириш мумкин.

Ҳа, сафаримиз тафсилотларидан шундай хулосага келдикки, Навоий шаҳрида умргузаронлик қилаётган кўп сонли нуронийлар муборак ийд Рамазон ойида ўз ибодатларини мукаммал адо этиш билан  бирга, зиммаларидаги  отахонлик, онахонлик бурчларини ҳам худди шу даражада, юқори талабчанлик руҳида давом эттираётганларини кўриб, бениҳоя хурсанд бўлдик.

Бу бежиз эмас, чунки  2026 йилда халқимиз қатори, навоийлик нуронийларнинг ҳам олдида  давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенати ва халқимизга йўллаган Мурожаатида белгилаб берилган кўплаб вазифаларни охирига етказиш, кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирларни  давом эттиришдек улкан режалар турибди.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг 585 йиллик шодиёнасини кўтаринки руҳда ўтказган навоийликлар энди соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг 690 йиллигини муносиб нишонлаш тараддудида, албатта. Бундан ташқари, қатор  туманларнинг 100 йиллик тўйларини ҳам нишонлаш кўзда тутилган. Айни тантаналарда вилоят раҳбарлари қаторида шижоатли нуронийларнинг ҳам камарбаста бўлиб туришлари шубҳасиздир.

Худойберди Наврўз,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan