Юртимизда кекса нуроний бўлишига қарамай, шижоати ва фидойилиги билан бугунги кун хотин-қизларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўла оладиган онахонларимиз жуда кўп. Улар нафақат хонадонлари, маҳаллалари, балки бутун бир жамиятда фаол бўлиб, ҳар бир ишда енг шимариб майдонга чиқмоқдалар, ташаббус кўрсатмоқдалар.

Сирдарё вилояти Ширин шаҳар “Фарҳод” маҳалласида истиқомат қилувчи фаол нуроний, “Бувижонлар мактаби” кенгаши раиси Джанглиш Тўрахановани  ана шундай онахонларимиздан бири дейиш мумкин.

Бувижонимизнинг ибратли ташаббуси маҳалла аҳли ўртасида катта қизиқиш ва илҳом уйғотмоқда. Ая ўз хонадонида лимон кўчатларини тувакларда парваришлаб, улардан мўл ҳосил олишга эришди. Бир қарашда оддийгина боғдорлик иши бўлиб туюлган бу меҳнат ортида катта меҳнат, сабр-тоқат ва табиатга бўлган меҳр мужассамдир.

Ахир, инсон табиатга меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлар экан, ўз навбатида, табиат ҳам инсондан ўз неъматларини дариғ тутмайди.  Джанглиш Тўраханованинг ўз хонадонида лимон кўчатларини етиштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам айни ҳақиқатнинг ёрқин исботидир.

Онахон кўчатларни экаркан, ўз эътиборини уларни доимий парваришлашга қаратди. Атрофида гиргиттон бўлди, меҳр берди. Натижада кичик тувакларда ўсган лимон дарахтлари гуллаб, мевалар бера бошлади.

Джанглиш Тўраханова нафақат боғдорликда, балки жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, аянинг “Бувижонлар мактаби” кенгаши раиси сифатида маҳаллаларда ёш авлод тарбияси, миллий қадриятлар, оила муқаддаслиги ва меҳнатсеварлик ғояларини тарғиб этишдаги фаоллиги таҳсинга сазовордир.

Ҳа, маҳаллаларимизда шундай ташаббускор инсонлар бор экан, юртдошларимиз қалбида меҳнатсеварлик, табиатга эҳтиром ва ободликка интилиш каби эзгу фазилатлар янада мустаҳкам илдиз отаверади. Зеро, меҳнат бор жойда барака бор. Меҳр бор жойда эса табиат ҳам ўз неъматларини оламга туҳфа этаверади.

Жўрахон Каримова,

“Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими

“Бувижонлар мактаби” раҳбари.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan