Инглиз ёзувчиси Оскар Уайлднинг онаси Жейн Элжи ўнта тилда гаплаша олар, 17 ёшидан бошлаб, Сперанца тахаллуси остида шеърлар ёзарди. Бу сиёсий шеърлар “Миллат” журналида чоп этиларди. Бироқ кўп ўтмай у турмушга чиқди ва қалам ўрнига бешик тутди.

Уларнинг хонадонида улуғвор муҳит ҳукм сурарди — антик суратлар ва ҳайкаллар, жавон тўла нодир китоблар, ҳар шанба куни эса дублинликлар билан адабий мутолаалар  уюштириларди. Жейн ўғли Оскарга ҳам чет тилларни ўргатди. Унда адабиёт ва тарихга қизиқиш уйғотди. Оскар 12 ёшга кирганда Вергилийнинг шеърларини бемалол таржима қила оладиган даражага етди. Она ўз ижодий орзуларининг рўёбини ўғлида кўрди — Оскар Уайлд жаҳон адабиётида муносиб ўрин эгаллади.

Пабло Пикассонинг волидаси

Пабло Пикассодан қандай қилиб маҳоратли рассом бўлгани ҳақида сўрашганида, у болаликда онаси қаламига мансуб шеърларни эртак ўрнида тинглаб уйқуга ётгани, бу шеърлар унинг хаёлот оламини кенгайтиргани, сурат чизишга иштиёқ уйғотганини айтади.

Мария Лопес жажжи Паблони ёшлигиданоқ  буюк инсон эканлигига ишонтира олган эди. “Агар ҳарбийликни танласанг,  албатта, генерал бўласан, агар динни танласанг, албатта, Рим папаси бўласан!” — деб руҳлантирар эди у ўғлини. Бола илк суратини ўн ёшида чизди, лекин атрофдагилар уни арзимас деб баҳолади. Фақат онасигина унинг чизган суратига юқори баҳо берди. Шундай қилиб, Пабло сураткашликни танлади.

У машҳур бўлганидан кейин ҳам Парижга онасини кўргани тез-тез келар, кўп вақтини онаси билан ўтказарди. Унинг фикри ва маслаҳатлари Пикассо учун жуда муҳим эди. Онасидан ҳамиша руҳий қувват  олган Пикассо  замонасининг энг буюк рассомига айланди.

Бетховеннинг меҳрибони

Мария Магдалена Бетховеннинг ҳаёти осон кечмади. Суд ошпазининг қизи бўлган Мария кейинчалик суд театрида қўшиқчилик қилган Иоганн Бетховенга турмушга чиқди. Иоганн ва Мария Магдаленанинг тўнғич фарзанди гўдаклигида вафот этган,  шу сабабли Мария иккинчи фарзанди Людвиг ван Бетховенга ўзгача меҳр қўйган эди.

Мария Магдалена  истараси иссиқ, мулойим аёл эди, эри Иоганн эса жуда қаттиққўл бўлган. У санъатга берилиб кетганидан ёш Людвигни шафқатсизларча тарбиялар, уни мусиқа ўрганишга мажбур қилар эди.

Мария Магдалена эри ўғлини ҳақорат қилаётганини кўз ёшлари билан кузатар,  лекин жоҳил эри Иоганннинг  жаҳлини юмшата олмасди. Унинг  руҳан эзилишини Людвиг ван Бетховен бола қалби билан ҳис этарди. Ёлғиз қолишганида онаси уни юпатар, далда берарди. Келажакда буюк композитор бўлишига ишонтирар, онасининг ана шу ишончи, меҳри Людвиг ван Бетховенни янада кучли қиларди.

Мария Магдалена Людвигдан кейин яна олтита фарзанд кўрган, бу уни янаям зифлаштирган эди. У 39 ёшида сил касаллиги туфайли вафот этган. Людвиг ван Бетховенга онасидан жуда катта руҳий мадад ва меҳр хотира бўлиб қолди.

Фарзандига руҳий қувват берган она

“Бизга иқтидор отамиздан, руҳий қувват эса онамиздан мерос бўлиб қолган, — деб ёзган эди Антон Павлович Чехов ота-онасини эслаб. Унинг онаси Евгения Яковлевна ҳақиқатан ҳам, иссиқ чеҳрали, юмшоқ табиатли ва раҳмдил аёл эди. У ўзини бутунлай болаларига бағишлаган, етти нафар фарзандига юксак тарбия бера олган аёл сифатида тарихда қолди.

Евгения Яковлевна ҳар қандай вазиятда ўзини хотиржам тута оларди. Уни  аёллик ва оналикнинг энг гўзал намунаси дейиш мумкин эди. Театрни яхши кўрарди, гўзалликка ошуфта қалби бор эди. Турмушга чиқиб, болалари тарбияси, уй-рўзғор ташвишларига ўралашган пайтида ҳам у гўзалликка бўлган муҳаббатини сақлаб қолди ва бу туйғуни болаларига сингдиришга муваффақ бўлди.

Евгения Яковлевна уйи ва хўжалигини ўзи бошқаришни афзал кўрарди ва меҳмонларни доимо меҳмондўстлик ва меҳрибонлик билан кутиб оларди. “Менинг отам ва онам бутун сайёрадаги ягона одамлардир, мен улар учун ҳеч қачон ҳеч нарсани аямайман,  чунки бугун муваффақият қозониб, юксак мартабага эришган бўлсам, бу уларнинг меҳнати туфайлидир. Улар биз, фарзандларига чексиз муҳаббат беришди ва бизни ютуқлар сари руҳлантиришди” — деб ёзган эди Антон Павлович ота-онаси ҳақида.

Интернет материаллари асосида

Суғдиёна Собирова тайёрлади. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan