Жадид мактабидан чиққан туркистонлик зиёли аёлларнинг ёрқин вакиласи, шоира ва публицист Нозимахоним замонасининг илғор шахсларидан эди. Ёзган мақолалари, куюнчак сўзи, салмоқли ижоди кўз ўнгимизда унинг эркпарвар қиёфасини чизиб беради.
Нозимахоним 1870 йилда Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида даврининг пешқадам зиёлиси Мулла Саид Аҳмад хонадонида дунёга келади. Кенг фикрли, илму маърифатга ошно ота қизининг келажагига катта умид боғлаб, унинг ҳар томонлама тўлиқ билим олиши учун барча имкониятни яратади. Нозимахоним аввалига маҳалладаги қизлар мактабида отинойи қўлида сабоқ олади, кейин рус-тузем мактабида таҳсилни давом эттиради. Араб, форс, рус ва татар тилларини пухта ўзлаштиради
Матбуот нашрларида “Бешёғочлик Нозимахоним” имзоси билан мақолалар ёзади. 1904 йили “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган мақолаларидан бири “Инсонга қанча эрк даркор?” деб номланади. Маҳаллий матбуот саҳифаларида “Хотинлар ҳуқуқига оид”, “Илм ва маориф борасида бир-икки сўз” каби мақолалари чоп этилади.
“Тараққий” газетасининг 1907 йилги сонларининг бирида унинг “Афсус” номли шеъри эълон қилинади. Шоира ушбу шеър орқали ҳақ сўзни хотин-қизларга етказмоқ умиди билан: “Ки, шоят зулм туни барҳам бўлди”, деб ёзади. Нозимахоним “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Хуршид”, “Ҳуррият”, “Осиё”, “Садойи Туркистон”, “Улуғ Туркистон”, “Самарқанд” каби газеталарда, шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлик қилган “Ойина”, Уфада чоп этилган “Шўро” ва Озарбайжонда чиқарилган “Иршод” журналларида ғазаллари, ҳажвий шеър ва публицистик мақолалари билан фаол иштирок этади.
Шу ўринда, қаҳрамонимизнинг матбуотда “Аёлларга эрк даркор” деб баралла чиқишини ўша қалтис даврдаги ҳақиқий жасорат намунаси эди, дейиш мумкин. Мақолада ўтмиш тузумнинг аёлларни чекловчи қоидалари кескин танқид қилинади. Бундай қатъият ортидан эл орасида тез тилга тушган Нозимахоним ижодини кутадиганлар сони кун сайин ошиб боради.
Нозимахоним мактабдорлик — отин сифатида ҳам жамиятда катта из қолдирган. У ён-атрофдаги маҳалла қизларини ўқитиб, уларга ҳар томонлама чуқур билим беришга, уларни диний ва дунёвий фанлар, бадиий адабиёт, тарих ва география билан ошно этишга ҳаракат қилиб, дунёда бўлаётган воқеа-ходисалардан мунтазам хабардор қилиб борган.
…1924 йили эллик тўрт ёшида ҳаётдан кўз юмган публицист, маърифатпарвар шоира Нозимахонимнинг шеърлари адабиётшунос Тўхтасин Жалолов тузган “Ўзбек шоиралари” тўпламига киритилган.