Инсон камолотида таълим-тарбия қанчалик муҳим бўлса, янада муҳимроғи, уни мурғак қалбга сингдиргувчи ота-она, бобо-ю буви, устоз деб аталган нурли сиймоларнинг борлигидир.
Ҳақиқатан ҳам, ёши улуғ нуронийлар — ҳаётимиз кўзгуси, беминнат дуогўйларимиз ва ёрдамчиларимиздир. Уларнинг тафаккур машъаласи ҳаёт йўлларимизни ёритади. Ўгитлари-ю маслаҳатлари, олтинга тенг дуоларини олиб, касб-ҳунарли, илм-маърифатли, комил инсонлар бўлиб улғаямиз ва жамиятда ўз ўрнимизни топамиз.
Шунинг учун ҳам, ҳозирда муҳтарам Президентимиз томонидан нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги фаоллигини ошириш, улкан билим ва ҳаёт тажрибаларидан баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Кекса, ўрта ва ёш авлод ўртасида ўтказилаётган учрашув ҳамда давра суҳбатларидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри “Навбаҳор” МФЙ ҳудудидаги ҳарбий қисмда ташкиллаштирилган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирини ана шундай ташаббуслардан бири дейиш мумкин. Унда фаол нуронийлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.
Учрашув аввалида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди. Фахрий қоровул ҳамда қўл жанги жамоаларининг кўргазмали чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ҳарбий қисм музейи билан яқиндан танишдилар.
Ўзаро мулоқотда сўз олган нуронийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибаси, меҳнат фаолияти ҳамда юрт равнақи йўлида олиб борган хизматлари ҳақида сўзлаб бердилар. Шу билан бир қаторда, ёшларни Ватанга садоқатли бўлиш, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, миллий қадрият ҳамда анъаналарни асраб-авайлашга чақирдилар.
Ҳарбий қисм вакиллари ҳарбий хизмат тартиб-қоидалари ҳақида гапирар эканлар, унинг машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли ва масъулиятли вазифа эканлигини алоҳида қайд этдилар. Ҳозирги кунда юртимиз тинчлигини асраб-авайлаш, хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этдилар.
Нигора Ўролова,
Тошкент вилояти.