Очилбой ўн фарзандини тупроққа қўйган оиланинг якка-ёлғизи бўлиб дунёга келди. Дадаси Мўмин ака ҳам, Барно она ҳам уни еру кўкка ишонмас, кеча-ю кундуз шугина боласининг умрини тилаб, дуо қилардилар.  Очилбой бир ярим ёшга етганда, иккинчи жаҳон уруши бошланиб, дадаси — Мўминжон  Исломов фронтга кетди. Уруш қурбонсиз бўлармиди?!

1943 йилда  Барно келин эрининг Харьков шаҳри жангларида ҳалок бўлгани ҳақида қорахат олиб, тўрт ёшли Очилбекни қучоқлаб, фашистларни қарғаб йиғлади.  “Энди нима  бўлади? Қандай кун кўрамиз?” деган  адоғи йўқ ўйлар уни даҳшатга солди.

Уруш жароҳатларини кўрмаган, кўнмаган ким бор экан?! Барно келин ҳам шу Очилбойга  суяниб,  бор умидини мана шу ёлғиз ёдгорига бойлаб, кун кўра бошлади. Болажониси мактаб ёшига етганда, дадасининг белбоғидан  “папка” тикиб, чориғи йиртилса, бармоғи қонаб бўлса-да, ўзи бигизлаб тикди. Даланинг оғир меҳнати учун берилган  тушликнинг ярмини  дуррасига тугиб,  боласига олиб келиб юрди. У оғир, қора кунларни кўрди. Аммо кеча-ю кундуз оппоқ орзулар, оппоқ дуолар билан  яшади.

1960 йилда  ўғлини унинг ўзи  суйиб танлаган Робияхонга уйлантириб, тўй кўрди. Орзулари ушала бошлаганидан қувониб, Яратганга шукроналар айтди. Машойихларнинг  “Онанинг дуолари ижобат бўлади” деган ҳикмати тўғри экан, Робия келин Барно онанинг келинигина эмас, орзусидаги қизига айланди.

Ҳалол, меҳнаткаш, илмга интилувчан Очилбой  50-60 йилларнинг воқеаси бўлган комсомол ёшлар бригадасини тузиб, қўриқ  майдонда маккажўхори экиб, деҳқончилик бошлади. Қўриқ ерда “Навбаҳор” номи билан янги қишлоқ барпо этишга бош бўлди. Бу овоза Шофиркону Бухородан ошиб, Тошкентгача  етиб борди ва мамлакат раҳбари Шароф Рашидовни ҳам қизиқтириб қўйди. Тенгдошлари билан маккажўхоридан юқори ҳосил олган ташаббускор  Очилбой Мўминовни қутлаб, Навбаҳорга  келди. У билан алоҳида суҳбатлашди,  орзуларини сўради. Уни янги марралар сари руҳлантириб кетди. Ёш бригадир энди Самарқанд  қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимида таҳсил ола бошлади.

Довруғли кунлар бошланди. Съездларга делегат, олий Кенгашга депутат бўлиб сайланди. Москвадаги катта  бир йиғин танаффусида турли республикалар ёшлари ўз миллий қўшиқларини айтиб мақтанишганда,  Очилбой Мўминов тенгдошлари билан “Андижон полькаси”га рақс тушишиб, ҳаммани қойил қолдиришди. Ўзбек  ёшларига қўшилиб, дунёнинг биринчи космонавти Юрий Гагарин, Куба давлати раҳбари Фидел Кастро, мамлакатнинг яна айрим катта раҳбарларининг бирга рақс тушгани, айниқса, ўзгача бўлди.

Йиллар ўтаверди,  болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаб юрган Робия келин тўрт ўғилу икки қизни дунёга келтириб, қайнонасининг бағрини тўлдирди. Барно буви 80 га киргунича ҳам невараларини тенгма-тенг боқишди. Биттагинам шунча бўлди деб, дуодан тинмади. Невара келин тушириб, невара қизларни ҳам узатиб яйради.

— Олти фарзандимизнинг бари олий маълумотли, одобли бўлгани бувисининг тарбиясини олганидан деб ўйлайман, — дея қайнонасини эслайди Робия она. — Қайнонам билан 26 йил бирга яшадик. Нимаики яхшиликка эришган бўлсак, бари Барно онамиз туфайли. Бугун 18 невара, 40 нафар эварамиз борлигини кўрганларида қандоқ қувонардилар.

Робия она қайнонаси ҳақида тилидан бол томиб, гапиряпти-ю ўзи ҳам келинлари ва невараларига ибрату ўрнак бўлаётгани ҳақида индамади. Очил бобонинг эса ҳамон ғайрати сўнмаган. Кўкламда томорқа тупроғини ағдаргиси келади. Қадрдон токқайчисини олиб, дарахтларига шакл беради. Неваралари тугул Робия она ҳам  унга шериклик қилишини айтмаса ҳам бўлади.  Болаларига “Ишингиз, ижодингиз қаерда равнақ топса, элга нафингиз тегса, ўша ерда яшанг!”  деб изн берган. Бугунги кунда фарзандларнинг уч нафари Тошкентда, бири Навоийда, бири Бухоро шаҳрида яшаяпти. Ота-онасига  ёнма-ён ҳамсоя бўлган тўнғичи  Одилжоннинг ўғли ва келини  бобо-ю бувижон билан бирга  катта ҳовлида қолди.

Очил бобо Мўминов  тўқсонга етай деди, аммо ғайрати, ишчанлиги ўша-ўша. Хотира ёзишни,  туғилган юртининг тарихини ўрганиб, қоғозга туширишни   яхши кўради. Тартибли яшашга одатланган. Умри давомидаги барча ҳужжатлар, гувоҳнома, фахрий ёрлиқлар,  суратларни жамлаб, уй музейи очиб қўйгани ҳам шундан… Бугунги кунга қадар Очил бобонинг   “Мен уруш етимиман”, “Осонмас унутмоқ сизларни”, “Умрим лаҳзалари”, “Пахтачиликда мутахассис мулоҳазалари”, “Табаррук ҳангомалар”, “Паттахон тарихи” каби ўнга яқин китоби нашрдан чиққан.

Робияхоними ёнида, ўғил-қизлардан кўнгли тўқ, эккан мевали дарахтлари баҳорда гуллаб, кузда мева бериб, невараларини қувонтириб турибди. Фарзандлар, набира ва абиралар  бу икки нуронийни соғинтирмай, тез-тез келиб туришади. Кунда, кун орада дастурхон атрофи гавжум бўлади.

“Нуроний” жамғармаси Шофиркон тумани бўлими раиси Ботир Олимов Очил бобони учрашувлар, байрам тадбирларига тез-тез таклиф этиб туради. Отахон ҳам бунга жавобан “Маҳалла ифтихори”, “Меҳнат фахрийси” ва яна қатор нишонларини кўксига тақиб, ўзи ёзган китоблардан совға учун олиб, ёшлар ҳузурига кириб борадилар.

Хуллас,  раҳматли Барно бувининг ёлғизгина ёдгори бугун 88 ёшга етган бахти бекам нуроний бобога айланган.  Биз Очил бобога ҳам, Робия момога ҳам  умри зиёдалик тилаймиз.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan