Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги
Азизуллаҳ АРАЛ,
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти доценти, филология фанлари номзоди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон тарихида, аввало, Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солган буюк давлат арбоби сифатида эътироф этилади. Бироқ унинг сиёсий ва маданий фаолиятини фақат Ҳиндистон билан чеклаш тарихий ҳақиқатни тўлиқ ифодаламайди. Боиси, улуғ саркарда меросининг муҳим ва узвий қисми Афғонистон, хусусан, Кобул билан боғлиқ. Шу маънода, Бобур меросидан афғон халқи ҳам баҳраманд экани тарихий далиллар билан тасдиқланади. Айтиш керакки, 1504-1526 йиллар оралиғидаги Кобул даври Бобур ҳаётида ҳал қилувчи босқич бўлди.
Мовароуннаҳрдаги сиёсий муваффақиятсизликлардан кейин Кобул унинг янги таянч нуқтасига айланди. Айнан шу ерда у мустаҳкам сиёсий асос яратди, ўзини “Кобул подшоҳи” деб эълон қилди, давлат бошқарувини йўлга қўйди ва Ҳиндистон сари юришлари учун ҳарбий-иқтисодий база шакллантирди. Шу ерда унинг тўнғич ўғли Носириддин Муҳаммад Ҳумоюн дунёга келди ҳамда у машҳур “Бобурнома” асарининг асосий қисмларини ёзди. Таъкидлаш жоиз, Бобур даврида “Афғонистон” атамаси ҳозирги маънодаги ягона сиёсий давлат номи сифатида қўлланилмаган.
Бу ҳудуд турли тарихий-географик номлар — Хуросон, Кобул, Балх, Ғазна каби атамалар билан аталган. “Афғонистон” номи мустақил давлат сифатида 1747 йилда Аҳмад Шоҳ Дурроний давлат барпо этгач мустаҳкамланди. Демак, Бобур фаолият юритган ҳудудлар бугунги Афғонистон тарихининг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Кобулнинг геосиёсий аҳамияти алоҳида эътиборга молик. У Марказий Осиё билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо йўллари туташган нуқтада жойлашган; тоғли ҳудудлар билан табиий муҳофаза қилинган; кўп миллатли ва кўп маданиятли ижтимоий муҳитга эга бўлган.
Америкалик тарихчи Стивен Дейл таъкидлаганидек, Кобул Бобур учун стратегик ва психологик таянч ҳудуд вазифасини ўтаган. Бу ерда у нисбатан барқарор бошқарув тизимини шакллантирди ва турли этник гуруҳлар билан мувозанатли сиёсат юритди. Бобурнинг Афғонистондаги энг ёрқин меросларидан бири — боғдорлик маданияти. Темурийлар анъанасидаги “чаҳор боғ” тамойилини у Кобул табиатига мослаштирди. Кобулда барпо этилган “Боғи Бобур” кўп поғонали тузилиш, сув иншоотлари, хиёбонлар ва меъморий уйғунлик билан ажралиб туради. Бу макон нафақат меъморий объект, балки маданий ва руҳий марказга айланган. Бобур ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилди.
Ушбу қарор унинг Кобулга бўлган ички боғлиқлигини англатади: у империяни Ҳиндистонда барпо этган бўлса-да, қалбан Кобулни танлаган. Манбаларда Бобур томонидан 30 дан ортиқ турдаги лола экиб парвариш қилингани қайд этилади. Унинг ўсимликлар, иқлим, табиат манзаралари ҳақидаги ёзувлари аниқ кузатув ва таҳлилга асосланган. У турли ҳудудларнинг флорасини таққослайди, иқлим хусусиятларини баҳолайди, айрим гулларнинг морфологик белгиларини тавсифлайди. Шу жиҳатдан, Бобур фақат саркарда эмас, балки сезгир табиатшунос ва нозик дидли адиб сифатида ҳам намоён бўлади.
2014 йил баҳорида Кобулдаги Осмойи тоғида Бобур эккан 18 турдаги лолалар билан юзма-юз келиш имкони туғилди. Бу гулларни нафақат ботаник ҳодиса, балки тарихий узлуксизлик тимсоли сифатида қабул қилиш ўринли, албатта. Яъни уларни кўриш беш асрлик тарих билан мулоқот қилишдек таассурот қолдиради кишида. Бу ҳолат “тирик мерос” тушунчасининг амалий ифодасидир. Мен бу ерда лолалар билан эмас, балки тарих билан бевосита юзма-юз келдим, суҳбатлашдим. Нафақат гулларни кўрдим, ҳидладим, балки Бобурнинг руҳий дунёсига яқинлашдим.
Атоқли давлат арбобининг энг буюк илмий-адабий мероси — “Бобурнома”. Бу асар 1494-1529 йиллар воқеаларини қамраб олган бўлиб, XV-XVI асрлар Марказий ва Жанубий Осиё ҳақида қимматли маълумотлар беради. Асар тарихий манба, географик кузатувлар тўплами, этнографик қайдлар ва бадиий ёдгорлик сифатида юксак аҳамиятга эга. У 25 дан ортиқ тилга таржима қилингани унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини кўрсатади. “Бобурнома” туркий насрнинг етук намунаси сифатида ўзбек, афғон ва жанубий осиё халқлари ўртасидаги тарихий-маданий боғлиқликни мустаҳкамлайди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Кобулда Бобур турли этник гуруҳлар — ўзбеклар, тожиклар, пуштунлар, ҳазоралар ва бошқалар билан мулоқотда бўлган. У маҳаллий аҳолининг тили, урф-одатлари ва ижтимоий тартибларини ҳисобга олган ҳолда бошқарув олиб борган. Тадқиқотчилар Музаффар Алам ва Санжай Субраҳманям таъкидлаганидек, унинг сиёсий муваффақияти кўп миллатли муҳитда мослашувчан сиёсат юрита олганида намоён бўлади. Кейинчалик бу тажриба Бобурийлар давлатидаги кўп маданиятли бошқарув моделига асос вазифасини бажарди. Бугунги кунда Афғонистон ва Марказий Осиё экологик муаммолар — сув танқислиги, чўлланиш, иқлим ўзгариши каби жиддий синовларга дуч келмоқда.
Бобур тажрибаси эса давлатчилик ва экологик маданият уйғун бўлиши мумкинлигини кўрсатади. У ҳукмдор бўла туриб дарахт экиш, боғ барпо қилиш, сув иншоотлари қуриш орқали табиат ва жамият муносабатини мустаҳкамлашга интилади. Сўнгсўз ўрнида айтиш мумкинки, Осмойи тоғида гуллаётган лолалар — биологик давомийликдан ташқари, тарихий хотира рамзидир. Бу — тирик мерос. Ва бу фақат бир халқ ёки бир ҳудудга тегишли эмас, аксинча Марказий ва Жанубий Осиё халқларини ўзаро чамбарчас боғлаб туради. Шу жиҳатдан қараганда, ундан барчамиз тенг даражада баҳраманд эканимиз, шубҳасиз, шонли ҳақиқатдир.