Бугунги кунда бир асрлик ёшни қаршилаётган қаҳрамонимиз — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳрон Ҳакимович Вафоқулов машаққатли, аммо файзли ва баракали умр йўлларида барчага бирдек намуна бўлиб яшамоқда.
Баҳрон Ҳакимович Вафоқулов 1928 йилнинг 2 февралида Самарқанд вилоятининг Самарқанд тумани “Туркман” маҳалласида, оддий деҳқон оиласида таваллуд топган.
1944 йилнинг эрта баҳорида Баҳрон Вафоқулов сабоқ олаётган мактабда 9-синф ўқувчилари билан учрашувга келган ҳарбий комиссариат вакиллари, “…Сизларнинг орангиздан танлаб олинганлар тиббиёт институти қошида ташкил этилган тайёрлов бўлимида 5 ой ўқиб, сўнг талабаликка қабул қилинади ва уч ярим йил ўқигач, шифокорлик дипломини олиб фронтга борасизлар…”, дейишди.
Танланганлар сафида Баҳрон Вафоқулов ҳам бор эди. 1944 йил 1 сентябрида у ҳам тиббиёт институтининг биринчи курсига ўқишга қабул қилинди. 1945 йилда, яъни фашист босқинчилари устидан қозонилган ғалабадан сўнг фронт учун тайёрланаётган бўлажак шифокорларнинг ўқишлари 3,5 йилдан 5 йилгача муддатга узайтирилди.
Баҳрон Вафоқулов билим масканини 1949 йилда битиргач Самарқанд вилоятидаги Қўшработ тумани соғлиқни сақлаш бўлими мудири, орадан бир йил ўтиб, Пастдарғом туманидаги Чарҳин шаҳарчаси соғлиқни сақлаш бўлими мудири, 1953 йилда Самарқанддаги Алишер Навоий номидаги университетнинг саломатлик марказига раҳбар этиб тайинлади. 1955 йилда Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмасида бош шифокор бўлиб иш бошлади ва олти йил давомида у пасдарғомликларга сидқидилдан хизмат қилди. Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишнинг илғор усулларини қўллашга, тиббий хизмат маданиятини кўтаришга, даволашнинг янгидан-янги соҳаларини ташкил этишда жонбозлик кўрсатди. 1962 йилда аввал Пайариқ, кейинчалик Самарқанд туманлари бош шифокорлиги вазифасида фаолият кўрсатиб, қисқа вақт мобайнида у серғайрат ходим, бунёдкор раҳбар сифатида ҳар иккала жойда ҳам арзигулик из қолдирди.
1963 йилдан Самарқанд вилояти Санитария-эпидемиология бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлади. У нафақат вилоят раҳбарларининг, балки соғлиқни сақлаш вазирлигидаги раҳбарларнинг ҳам назарига тушиб улгурган эди. 1968 йилнинг май ойидан Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинланди.
Янги вилоят, янги шароит, янги жамоа ва янги лавозим.
Баҳрон Вафоқулов “Меҳнат инсонни улуғлайди” деган доно фикрга амал қилди. Дастлабки кунларда у воҳада тиббий хизмат кўрсатишнинг тарихи билан танишди. Маҳаллий одатларни ўрганиб, воҳа халқининг хусусиятларини, кўнглидаги орзу-армонларини билишни истади. Ҳар куни тушгача идорада бўлиб, куннинг иккинчи ярмида қишлоқ шифохоналари ва фельдшерлик пунктлари билан танишди. Қисқа вақтда вилоятдаги у кириб чиқмаган саломатлик даргоҳи қолмади, аммо уни бирор-бир ҳолат қониқтирмади. Айниқса, ўша кунлари Қарши чўлини ўзлаштиришга бел боғлаган халқнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун етарли база йўқ эди.
Баҳрон Вафоқулов Қашқадарёда иш бошлаган йили вилоят тиббиёт соҳасида бор-йўғи 2 нафар фан номзоди фаолият кўрсатар эди. 1969 йилда унинг ўзи ҳам номзодлик диссертациясини ёқлади. Қашқадарёда, айниқса, қишлоқ жойларида тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини, маданиятини кўтаришда Баҳрон Вафоқулов катта жонбозлик кўрсатди. 1976 йилда, яъни Самарқандга ишга қайтган йили Қашқадарёда бир нафар тиббиёт фанлари доктори ва 22 нафар фан номзоди фаолият кўрсатаётганди.
Баҳрон Вафоқулов ўзига хос тиришқоқлиги ва ташкилотчилиги сабабли Қарши чўлини ўзлаштираётган “Қаршиқурилиш” ихтисослаштирилган ҳудудий бошқармасининг тиббий-санитария қисмига асас солинди.
1968 йилгача вилоятдаги барча даволаш муассасаларини таъминлаш учун атиги иккита қон қуйиш станцияси мавжуд эди. Бир йил орасида деярли ҳамма туманларда бундай бўлимлар очилди. 1970 йилларнинг бошларида вилоятдаги кўпгина мактаблар ҳузурида стоматология кабинетлари очишдек хайрли иш амалга оширилди.
Хуллас, Қашқадарё воҳасида даволаш масканлари республика миқёсида мақтовга арзигулик даражага кўтарилиб, халққа тиббий ёрдам кўрсатиш савияси оширилган бўлса, буларнинг замирида йирик ташкилотчи, ўз касбининг фидойиси, жонкуяр ва бунёдкор раҳбар Баҳрон Вафоқуловнинг машаққатли меҳнати турарди.
Қашқадарёда ўтган қарийб 9 йиллик умр беҳуда кетмади. Вилоятдаги барча поғона раҳбарлари, ҳамкасблари, энг асосийси, халқ орасида катта обрў қозонди, улар билан биродарлашди. Ҳамжиҳатлик, аҳиллик, ҳалоллик ва тадбиркорлик билан иш тутилиши тиббиёт соҳасида тубдан ижобий ўзгариш яратди.
Ишлар айни қизиган бир даврда, 1976 йилнинг декабрь ойида Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига биноан, Баҳрон Вафоқуловга Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида ишлаш учун йўлланма берилди.
1950-1953 йиллар давомида Самарқанд тиббиёт институтининг аввал клиник ординатори, кейинчалик ассистенти бўлиб ишлаган Баҳрон Вафоқулов орадан қарийб 24 йил ўтгач, яна шу даргоҳга ўқув ишлари бўйича проректор бўлиб қайтди.
Б.Вафоқуловнинг жонбозлиги натижасида ҳар йили ўқув-услубий конференциялар ўтказилиб, уларнинг якунида илмий ва услубий ишлар тўплами нашрдан чиқарилди.
Унинг ташаббуси билан ёш ассистент-ўқитувчиларнинг маҳорат ва савиясини ошириш мақсадида институт ҳузурида “Ёш педагоглар университети” ташкил этилиб, унга маъруза қилиш учун шаҳардаги олий ўқув юртларидан тажрибали олимлар жалб қилинди.
Профессор-ўқитувчилар малакаларини ошириш учун уларни марказий шаҳарлар — Москва, Ленинград (Санкт-Петербург), Киев ва бошқа илмий марказларга юборишга катта эътибор берилди. Улар олиб келган илғор тажрибалар талабалар илмий тўгараклари ишини жонлантиришда, айниқса, қўл келди. Илмий изланишга мойил ёшлар талабалар илмий анжуманларида иштирок этиш учун Москва, Киев, Ереван, Яраславль ва бошқа кўпгина шаҳарларга бориб, совринли ўринларни олиб қайтдилар.
Баҳрон Вафоқуловнинг ташаббускорлиги, ҳаракатчанлиги натижасида институтнинг моддий-техника базаси анча мустаҳкамланди, кўпгина янги тармоқлар, бўлим ва кафедралар, ҳатто факультетлар ҳам очилиб, фаолият кўрсата бошлади.
Баҳрон Вафоқулов 1981 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Шароф Рашидовнинг тавсияси билан Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент вакцина ва зардоблар илмий текшириш институтига Бош директор этиб тайинланди.
1982 йилдан 1986 йилгача ўтган давр мобайнида лаборатория жиҳозлари ва технологик ускуналар, чет эл аппаратуралари сотиб олинди. Шу жумладан, Япониянинг электрон микроскоплари ва бошқа ноёб приборлар харид қилинди. Ишлаб чиқариш ва илмий бўлим учун янги бинолар қурилди.
Иш жараёнида иммунология, вирусли препаратлар, қон маҳсулотлари лабораториялари, технологияни тажрибадан ўтказиш ва янгиликни тадбиқ қилиш бўлимлари, шунингдек, маъмурий-бошқарма идораси ва илмий кутубхоналар, янгидан қурилган илмий-ишлаб чиқариш корпуслари ташкил этилди. Зардоб цехи, иммунология клиникаси, вивария, маҳсулот чиқариш бўлими, қуйиш ва қадоқлаш цехлари, биотехнология, биохимия лабораториялари биноларида капитал таъмирлаш ишлари ўтказилди.
Қондан тайёрланадиган дориворлар цехининг янги, қулай мосламалар асосида қурилган бинога кўчиб ўтиши натижасида бу зарур препаратларнинг олдинги 4 хили ўрнига 10 турдаги нусхалари ишлаб чиқарила бошланди.
Баҳрон Вафоқулов ташаббуси билан етиштириладиган маҳсулотларнинг таннархи сезиларли даражада арзонлаштирилди.
Баҳрон Вафоқулов илмий соҳада ҳам ўз ташкилотчилик қобилиятини намоён қилди, илмий лабораторияларда бажарилган ижодий изланишлар ишлаб чиқаришда ўз самарасини кўрсата бошлади. 1982 йилдан эътиборан, институт чиқараётган маҳсулотлар ҳажмини ошира бориб, кўпгина иттифоқдош республикалар соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳам эҳтиёжини тўла қондиришга киришди.
Соҳада илғор ва янги турдаги препаратларни тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Бифидум ва лактобактеринларнинг сифатлилиги ҳатто собиқ иттифоқда ҳам тан олинди. 1987 йилда собиқ иттифоқда биринчи бўлиб вирусли А гепатитнинг эритроцитар иммунодиагностикасига асос солинди. Унгача бу касалликнинг В формасига тааллуқли препарат собиқ иттифоқда иккинчи бўлиб (Горький эпидемиология ИТИдан кейин), 1985 йил январидан ишлаб чиқаришга киритилган эди. Шунингдек, саноат корхоналари чақирадиган турли хилдаги аллергияларга ва чангга қарши даволаш препаратлари ҳам 1987 йилдан бошлаб истеъмолга чиқарилди.
Илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятидаги ижобий ўзгаришларга кўп жиҳатдан бошқарув тизимидаги ташкилий ўзгаришлар, илмий изланишлар натижалари ва маҳсулот сифатини назорат қиладиган бўлимлар ишини такомиллаштириш оқибатида эришилади. 1982-1983 йиллар мобайнида 2 та янги ишлаб чиқариш бўлими — биотехнология ҳамда бактерия ва вирусли препаратлар ишлаб чиқарадиган бўлимлар тегишли лабораториялари билан бирга тузилди.
Шу тариқа институт қисқа вақт ичида соғлиқни сақлаш тармоғидаги ва Тиббиёт Фанлар академиясидаги кўпгина олий ва илмий тадқиқот институтлари билан узвий алоқалар ўрнатди. Бу ҳамкорлик аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг янги қирраларини ўзлаштиришга имконият туғдирди. Айниқса, Баҳрон Вафоқуловнинг 1982 йилдан бошлаб жамоатчилик асосида бошқарган биотехнология илмий ишлаб чиқариш бўлими, шунингдек, бевосита унинг ташаббуси билан очилган бактерияли ва вирусли препаратлар бўлимлари юксак натижаларга эришди.
Вирусли гепатитнинг А формаси учун ишлаб чиқарилган иммунодиагностикаси дунё миқёсидаги соҳанинг биринчи қадами эди. Бу янгилик назарий жиҳатдан асосланиб, муаллифлик гувоҳномаси билан тақдирланди. Биотехнология лабораториясининг вирусли гепатитлар иммунопрофилактикасига бағишланган препаратларни ишлаб чиқариш тўғрисидаги илмий-техникавий дастурини амалга ошириш учун собиқ иттифоқ биология ва биотехнология Кенгашининг қарори билан катта миқдорда хориж валютаси ажратилди.
Ўзининг меҳнати билан йирик ташкилотчи, талабчан ва ташаббускор, камтарин ва ғамхўр раҳбар Баҳрон Вафоқулов нафақат институт жамоасида, балки тиббиёт соҳаси жамоатчилиги ўртасида республика ва ҳатто собиқ иттифоқ миқёсида ҳақли равишда катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди.
Халқ хўжалигида эришган ютуқлари учун у 1984 йили “Шавкатли меҳнати учун” медали билан тақдирланди. Шу билан бирга, у И.И.Мечников номидаги собиқ иттифоқ микробиология, эпидемиология ва паразиталогия илмий жамияти бошқаруви, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт соҳасидаги илмий Кенгаши Президиумининг ҳамда Республика Иммунологларининг эпидкенгаш аъзоси этиб сайланди. 1989 йилга келиб, Тошкент Вакцина ва Зардоб илмий текшириш институти (ИТИ) собиқ иттифоқда танилган илмий маскан, йирик ишлаб чиқариш корхонасига айланди.
Баҳрон Вафоқуловнинг ташаббуси билан республикадаги барча ушбу тармоқ шохобчалари бирлаштирилиб, “Вакцина” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси тузилди ва унинг биринчи Бош директорлигига Баҳрон Вафоқуловнинг ўзи сайланди. Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона водийси ва Тошкент вилоятларида корхонанинг филиал ва ёрдамчи хўжаликлари ташкил қилинди. Жамоада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини амалиётга тадбиқ қилишда эришилган улкан натижалари учун у собиқ Бутуниттифоқ Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ)нинг бронза медали билан тақдирланди.
1994 йилда 66 ёшни қаршилаган Баҳрон Вафоқулов иш фаолияти киндик қони тўкилган қишлоғидан йироқда, қариндош-уруғлар, дўсту биродарлар дийдоридан узоқда ўтганлигини айтиб, меҳридан тўймаган фарзандлари ва набиралари оғушига қайтишга қатъий аҳд қилганини маълум қилгач, ҳукумат қарори билан “Вакцина” ИИЧБ 1994 йилда Баҳрон Вафоқулов билан бирга, унинг она шаҳри Самарқандга кўчирилди.
Ўтган кунлар, ойлар, йилларни санаш бугун осондай туюлади. Лекин бу даврда қанча ишлар амалга оширилди, қанча шогирдлар, малакали кадрлар тарбияланди, қанча бинолар, янги муассасалар барпо этилди. Лекин барибир, қониқиш йўқ. Ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар талайгина эди. Мустақилликка эришган ёш давлатимизни мустаҳкамлаш учун, халқимизнинг фаровонлигини ошириш учун меҳнат қилиш керак эди. Баҳрон отанинг кўнглида бир андиша бор эди: “самарқандликман!” деб фахрланиш билан туғилиб-ўсган замининг чиройига-чирой, ҳуснига латофат қўшиб бўлмайди.
Фахрийман деб, оёқни узатиб, қарилик гаштини сурса ҳам бўларди, ҳаққи ҳам бор эди. Ҳеч ким эътироз билдирмасди. Фақат… ички бир туғён унга тинчлик бермасди. Бутун умрини бунёдкорликка, яратувчиликка бахш этган бу инсон 3 йил ичида 6 та лаборатория, вивария, тажриба цехи, кутубхона, шарқона даволаш хоналари ва шинамгина мажлислар хонасига эга бўлган Мустақил давлатлар орасида ягона саналган “Шарқ табобати” илмий тадқиқот институтини ташкил этиб, 1997 йилда мустақил Ўзбекистоннинг “Ўсимликлар, мавжудотлар ва минерал маҳсулотлардан тиббиёт учун олинадиган доривор воситалар” мавзуидаги 1 Республика илмий-ишлаб чиқариш конференциясини ўтказди.
Улуғ аллома Ибн Сино илмига ихлос Баҳрон отада жуда эрта уйғонган эди. Кимёвий йўл билан тайёрланаётган дори-дармонларнинг инсон жисмига нафақат шифо, балки зиён томонлари ҳам борлиги тўғрисида кўп бош қотирган эди. Турли гиёҳлардан, доривор ўсимликлардан тайёрланадиган шифобахш дорилар қачондир истеъмолга чиқишини кутиб юрганди. Баҳрон Вафоқуловнинг дастлабки илмий иши ўсимликлар дунёсига бағишланганлиги ҳам бежиз эмасди. Баҳрон Вафоқуловнинг ўз заминимизда ўсадиган арзон доривор ўсимликларимиздан фойдаланиб, халқимизнинг дардига ота-боболаримиздан мерос шарқона услублар билан даво излашга киришиши машҳур бобокалон табибимиз руҳини ҳам шод этганди, албатта.
Баҳрон Вафоқуловнинг ташаббуси ва бевосита ҳаракати натижасида Республикамиз Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Навоий вилоятининг Нуробод туманидаги “Сазағон” ижара хўжалиги “Вакцина” ИИЧБ балансига ўтказилди. Тоғ ва тоғ этаклари бўйлаб чўзилган 25 минг гектарга яқин ерни Баҳрон ота доривор ўсимликлар плантацияларига мослаштириб ўзгартириш ниятида ва келгусида мустақил Республикамизнинг фармацевтика саноатини таъминлайдиган йирик хом-ашё базасига айлантириб, ўз маҳсулотлари билан дунё бозорига чиқиш режалари билан иш бошлаганди.
Баҳрон Вафоқуловнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан икки марта “Шавкатли меҳнати учун” медали, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор” фахрий унвони, икки марта “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Баҳрон Вафоқулов илмий фаолияти давомида 5 та монография, 250 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолаларга муаллифлик қилган.
Умр йўлдоши Холидахон Мўминова (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан умргузаронлик қилиб, саккиз нафар фарзандларини “Инсонни билим билан одоб безайди. Илм мисоли бир жилов ва у инсонни барча ёмон ишлардан тийиб туради” деган ҳикматли насиҳатлар билан тарбиялаб, вояга етказишди. Уларнинг барчаси олий маълумотли, ўз касбининг етук мутахассислари сифатида Ватанимизнинг турли жабҳаларида хизмат қилмоқдалар. Юз билан юзлашаётган Баҳрон ота Вафоқулов бугунги кунда фарзандлари, набиралару эваралар оғушида кексалик гаштини сурмоқда.
Умида ВАФОҚУЛОВА,
қизи, тиббиёт фанлари номзоди.
Шомурод ШАРОПОВ,
шогирди, Ўзбекистон Журналистлар ва
Ёзувчилар уюшмалари аъзоси.