Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида табАррук ёшли отахон яшайдилар. Бу серғайрат отахонни кўрганлар 100 ёшдан  ўтганига асло ишонишмайди.  Отахон фарзандлари, набираларига: “Ҳаракатда — баракат, шунга қодир қилиб қўйган Аллоҳимга шукр, мени авайлаб, иш қилдирмайсизлар, аммо зарар бераётганингизни билмайсиз”, дея уларнинг қўлидан ишини олади. Боғда кўчат экиш, дарахтларга, токларга ишлов бериш, ўтин ёриш каби юмушларни ҳамон ўзи бажаради.

Абдураҳмон ота Ўролов 1932 йил 9 майда туғилган. 1953 йилда Лалмикор қўрғонидаги 22-сонли мактабни тугатиб, кадрлар етишмаслиги туфайли мактабда ўқитувчилик қила бошлаган. Кейинчалик Самарқанд давлат университетида ўқиб, олий маълумот олган Абдураҳмон ота қирқ йиллик педагоглик фаолияти давомида кўплаб шогирдларни тарбиялади. Ҳозирда улар жамиятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилмоқдалар.

Отахоннинг хонадонидан зиёратга келувчиларнинг қадами узилмайди. Катта-ю кичик меҳмонлар табаррук отахоннинг дуоларини олишга, суҳбатидан баҳраманд бўлишга ошиқади.

— 100 ёшга яқинлашдим десам, ҳеч ким ишонмайди, шунинг учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни олиб юраман,  — дейди отахон жилмайиб. — Нари борса, олтмиш беш — етмиш ёшдасиз, дейди кўплар. Илоҳим, ҳар доим сен айтган ёшдагидек бўлиб юрай, дейман кулиб. Узоқ умр кўришимнинг сабабини сўрашади. Аввало, Аллоҳ берган умр, кейин банданинг ўзиям сабабчи бўлади, дейман. Бировга ёмонлик соғинмайман, кўнглимда гина сақламайман. Кимдир ёмонлик қилса ҳам, тез унутаман. Яхши одамларга, омадлиларга, ютуқларга эришганларга ҳар доим ҳавас билан қарайман. Болаларим ҳам шундай омадли бўлсин, деб ният қиламан. Ёрдамга муҳтож одамни кўрсам, дарров кўмакка ошиқаман. Овқатланишимга эътиборлиман, кучли, ҳазми оғир таомлардан эҳтиёт бўламан. Ҳар доим ҳаракатдаман.

Дарҳақиқат, отахон сира тиниб-тичимайди. Оғир меҳнат қилмаса-да, боғдаги дарахтларни буташ, кўчатларни пайвандлаш, қуриган шохларини кесиш, ўтин чопиш каби ишларни меҳр билан бажаради. Отахоннинг кўзлари ҳали кўзойнакка эҳтиёж сезмайди, эшитиши яхши. Фикрлари тиниқ, бирор соҳадан сўз очилса, саналар ва фактларни аниқ келтириб берадиларки, қувваи ҳофизаларининг кучига қойил қоласиз. Тўрт нафар фарзандининг ҳаммаси ўзидан тинган, бари нафақада, неваралари, эваралари бир маҳалла бўлиб кетган.

Қирқ йиллик ўқитувчиликдан нафақага чиққан отахон йигирма йилга яқин маҳалла раиси бўлиб фаолият олиб борганлар. Маҳалла аҳлида нима муаммо бўлса, ҳаммасига ёрдам бериб, маслаҳатини аямаган. Унинг саъй-ҳаракати билан ажрим ёқасига келиб қолган кўплаб оилалар сақланиб қолган. Бугунги кунда бахтли ҳаёт кечираётган бу оилалар фарзандлари, набиралари билан келиб, отахоннинг дуосини олиб кетишади.

Абдураҳмон отани мактабларга, маҳалладаги ёшлар билан учрашувларга тез-тез чақириб туришади. Отахон ёшларга бошидан ўтказган қийин кунлари, қимматчилик, қаҳатчилик йиллари ҳақида гапириб беради. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш, вақтни зарарли ишларга сарфламай, ўқиб, ишлаб, Ватан равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга чақиради. Давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, келажак ҳаётини тўғри йўлга қўйиш учун ҳаракатни бугундан бошлаш лозимлигини уқтиради.

Шундай табаррук дуогўйлари бор уй, маҳалла, туман, вилоят, бутун мамлакат ёшларига ёт ғоялар, бузғунчиликлар чанг сололмаслигига ишонамиз, чунки азим чинорларимиз, мустаҳкам қўрғонларимиз — отахонларимиз ўз дуолари билан бало-қазолардан қўриқлаб турадилар.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan