Самарқанд вилояти Оқдарё туманида ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг ибратга тўла ҳаёти ва фаолияти барчамиз учун ўзига хос тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

Ана шундай мўътабар онахонлардан бири “Амир Темур” МФЙга қарашли Тўқмоқ қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 101 ёшли Марям она Низаевадир.

Марям она 1924 йилда Россиянинг Уфа шаҳрида туғилган. Инсон тақдири турли синов ва машаққатларга тўла бўларкан. 1942 йилда Иккинчи жаҳон уруши сабабли онахон оиласи Россиядан Ўзбекистонга эвакуация қилинган.

Марям ая Иккинчи жаҳон урушида фидойилик билан хизмат қилган турмуш ўртоғи Зокир Гайнатуллаев  билан биргаликда уч  қиз ва уч  ўғилни вояга етказиб, барчасини уйли-жойли қилишган.

Бугунги кунда онахоннинг 21 нафар невараси, 50 нафар чевараси ва 3 нафар эвараси бор.

Онахон қишлоқ аҳлининг юрагидан меҳнатсеварлиги, пазандалиги, чаққон ва эпчиллиги, шу билан бир қаторда, ўзига хос донишмандлиги билан чуқур жой олган.

Ёши улуғ онахон ҳар бир лаҳзаси, кўрган-кечирганлари, бугунги дориломон кунлар учун чин дилдан шукрона айтади. Фарзандларию невара-чеваралари ва қишлоқ аҳлига доимо ўзининг инсонийлик ўгитларини бериб боради. Ватанни севиш, она юртга чин дилдан хизмат қилиш, ҳалол бўлишни уқтиради.

Юртимизда юздан ошган табаррук инсон — Марям она Низаева каби фариштасифат момоларимиз бор экан, уларнинг дуолари билан мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши, халқимизнинг янада фаровон бўлишига асло шубҳа йўқдир.

Баҳодир Қиличев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan