Сўлим Наманганнинг Косонсой туманида 106 ёшли, ҳаммага ўрнак бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтган, шу табаррук ёшида ҳам тиниб-тинчимайдиган ҳамдамова Болтижон она яшайдилар.
Ая ҳамон ғайрат-шижоатли, ҳали-ҳануз уй-рўзғор ишларими, невара-эвараларга қарашми, ҳамма ишга ёрдам бериб кетаверадилар. Бундан ташқари, маҳалланинг фаол нуронийлари билан биргаликда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, хотин-қизларни тарбиялаш, ўқувчи қизларга одоб-ахлоқ сабоқларини беришда фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Уларнинг ёрдами ва саъй-ҳаракатлари билан маҳаллалардаги ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди.
Маҳалла аёллари, қўни-қўшнилар онахондан маслаҳат олиш, йўл-йўриқ сўраш учун тез-тез чиқиб туришади. Онахон маслаҳати ва ёрдамларини ҳеч кимдан аямайдилар. Хонадони ҳар доим келиб-кетувчилар билан гавжум, файзли. “Меҳнатдан қочманглар, болаларим, меҳнат одамни ўлдирмайди, улуғлайди. Чин юракдан, меҳр билан қилинган иш ҳеч қачон мукофотсиз қолмайди. Ҳар доим юзингизни ёруғ, ҳурматингизни баланд қилади. Эсимни таниганимдан буён меҳнат қиламан. Аллоҳ узун ва баракали умр бергани, элда азиз қилиб қўйгани шундан”, — дейди онахон зиёратга келганларга.
Онахон тўлиқсиз ўрта маълумотни Чуст туманидаги Рудакий номидаги мактабда олганлар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, яхши кунлардан умид қилиб яшаганлар. Фронтдан кейинги тикланиш даврида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бориб, давлатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилганлар. Бугунги кунда барча қилган меҳнатларининг роҳатини кўриб, элнинг эъзозида умргузаронлик қилмоқда. Меҳнатлари эътироф этилиб, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Болтижон онанинг олти нафар фарзанди, 22 нафар набираси, эвараю чеваралари бор. Юз ёшдан ошиб, бугунги кунда ҳам тетик, бардам онахон барча йўқлаб келувчиларни дуо қилади. Дуоларида бугунги дориломон кунларга шукроналик, ёшларга инсоф, юртга тинчлик-хотиржамлик сўраб чарчамайдилар.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.