Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар номзоди, Ботир Ҳамзаевич Калонов мамлакатимиз прокуратура органларидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, юртимизда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан мукофотланди.

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази раиси сифатида фаолиятини давом эттираётган Ботир Калонов   Янги Ўзбекистонда Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган прагматик халқчил сиёсати, озод ва эркин ҳаёт, адолатли жамият барпо этишдек улкан мақсадини теран англаб, шу йўлда елкадош бўлаётган, халқчил ислоҳотлар натижаларига ҳисса қўшаётган фидойи фахрийларимиздандир.

Инсон нимагаки эришмасин, унинг замирида ўзи туғилиб-ўсган оила муҳити ҳамда маънавий-ахлоқий тарбияси ётади. Ботир Калонов қайси лавозим, қайси вазифада ишламасин, ҳамиша эл-юрт корига камарбаста бўлган. Залворли меҳнатлари маҳсуллари эса умр солномасида сара инжулар мисол чақнаб турибди. Жумладан, 1968-1972 йилларда Қашқадарё вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи, 1972-1981 йилларда Қарши шаҳар прокурори, 1981-1983 йилларда Қашқадарё вилояти партия қўмитаси маъмурий идоралар бўлими мудири, 1983-1987 йилларда Қашқадарё вилояти прокурори, 1987-1990 йилларда Тошкент шаҳар прокуратурасида бўлим бошлиғи ўринбосари, 1990-1992 йилларда Сирдарё вилояти прокурорининг ўринбосари, 1992 йилдан 2002 йилгача Навоий вилояти прокурори лавозимларида ишлаб, Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилди. Аслида ушбу суронли йилларнинг бирортаси текис ва осуда кечган эмас, не-не пасту баландликлардан юришга, қийинчиликларни бошдан кечиришга, неча довонлардан ошишга тўғри келган. Соҳа ходимларига шахсий ва касбий фазилатлари билан намуна бўла олган Ботир Ҳамзаевич халқ орасида ҳам таниқли, тажрибали ҳуқуқшуносга айланди.

Бугун мамлакатимиз прокуратураси тизимида меҳнат қилаётган кадрлар Ботир Калонов номини ҳурмат билан тилга олади, эъзозлайди, Устоз сифатида ҳам фаолиятда, ҳам ҳаёт йўлларида унинг ўгитларига қулоқ тутишади. Шогирдларининг кўплигидан билиш мумкинки, қаҳрамонимизда бағрикенглик, соҳа сир-асрорларини қунт билан, оғринмасдан ўргатиш, қимматли маслаҳатларини аямаслик каби ҳаммада ҳам учрайвермайдиган олижаноб фазилатлар ниҳоятда бисёр.

Унинг оилавий ҳаёти ҳам каттаю кичикка ибрат, турмуш ўртоғи билан биргаликда фарзандларини эл корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашган.

2002 йилдан Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази раиси лавозимида ишлаб келаётган Ботир Калонов Марказнинг самарали фаолият юритиши учун бор ғайратини аямай келмоқда.  Унинг кунда-кунора фахрийлардан хабар олиши ушбу нуроний кишиларга давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсати, прокуратуранинг ёши улуғларга эътиборини ҳам ифода этади. Шу боис, у киши юбилейларда, байрамларда фахрийларнинг уйларига совғалар билан кириб борганида барчаларининг кўнгиллари тоғдек кўтарилади.

Фахрийларни мамлакат ҳаётига фаол жалб этишдек хайрли ташаббуснинг илдизлари аслида халқимизнинг азалий қадриятларига бориб тақалади. Зеро, кекса авлод вакилларига ҳурмат, эъзоз халқимизнинг қадриятларидан биридир. Ушбу қадрият Янги  Ўзбекистонимизнинг давлат сиёсатида ҳам ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси тўғрисида”ги фармони асосида “Нуроний” жамғармаси ташкил этилиб, фахрийларни эъзозлаш, уларга  зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдамлар кўрсатиш белгилаб қўйилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нуронийлар ҳаёти ва фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Мазкур Фармонга кўра, жамият ҳаётида нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ёши улуғларнинг маънавий интеллектуал салоҳиятидан Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда фойдаланиш мақсад қилинди. Уларнинг бор билим ва салоҳиятларини ёшларни она Ватанга, халқимизга садоқат, буюк келажак учун бунёдкорлик ва курашувчанлик руҳида тарбиялашда самарали иштирок этишларини ташкил қилиш учун шарт-шароитлар яратилди.

Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази ҳам бугунги кунда прокуратура органлари фахрийларини эъзозлаб, уларга зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам чораларини кўришда фаол қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда. Эътироф этиш жоизки, Марказ ташкил топганида ўз тасарруфида 231 нафар фахрийни бирлаштирган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони ошиб, бошқа кўрсаткичлар ҳам йил сайин ортиб, янгиликлар, хайрли ташаббуслар кўлами кенгайиб бораётир.

Ушбу Марказни бошқариб келаётган Ботир Ҳамзаевич ҳеч бир фахрийни, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ каттаю кичик муаммоларни эътибордан четда қолдирмайди. Фахрийлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан 2024 йилда Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази ўзининг янги биносига кўчиб ўтгани эса прокуратуранинг ёши улуғ фахрийларига яна бир эҳтироми бўлди.

— Таъкидлаш жоизки, Марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, унинг ҳудудий бўлимлари билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Ўзаро ҳамкорликда олиб борилаётган фаолият ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Хусусан, Марказнинг иш режасига мувофиқ, ҳар йили табаррук ёшга етган фахрийларни қутлаш, шу муносабат билан улар истиқомат қиладиган  жойларга бориб, тадбирлар ўтказиш анъанага айланган, — дейди Ботир Калонов. — Фахрийларнинг соғлиғини муҳофаза қилишга мунтазам эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимиз тараққиёти йўлида ибрат мактаби яратган фидойилар, меҳнат фахрийларининг ҳаётини ёшларга намуна сифатида кўрсатиш, уларни “устоз — шогирд” қадриятларига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида мунтазам равишда “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирлари ўтказилмоқда. Фахрийлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни халқимизнинг кўп йиллик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида жума кунлари ўтказилган ўқув машғулотларида, прокуратура органларининг ёш ходимлари билан учрашувларда, режа асосида ташкил этилган сайёр қабулларда, ҳоким ёрдамчилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари билан ўтказилган тадбирларда ҳам иштирок этиб келишмоқда. Бугун фахрийларимиз Президентимизнинг ғамхўрликларини, Бош прокуратура раҳбариятининг эътиборини ҳис этиб, тинч ва хотиржам яшаётгани учун шукрона айтишмоқда. Ёшлар билан учрашувларда эса Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, ижтимоий ва моддий шароитлар яхшиланаётгани, меҳнатлари қадрланиб, мунтазам равишда рағбатлантирилаётганларини алоҳида таъкидлаб, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмаслигини, қарияларни қадрлаган инсонлар ҳам улуғ ёшларга кириб, доимо элнинг эъзозида бўлишини сўраб, дуо қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, Республика прокуратура органлари фахрийлари ёш кадрларни тарбиялашда, уларга ҳаёт сабоқларидан ўгитлар беришда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Ботир Ҳамзаевич ўзи бош-қош бўлиб, фахрийларни ҳуқуқшунослик соҳасига ихтисослаштирилган ўқув юртларига, академик лицей ва коллежларга олиб боради, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этади. Айниқса, прокуратура органларида хизмат қилаётган ёш мутахассислар, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси тингловчилари билан бўладиган учрашув ва мулоқотлар алоҳида аҳамиятга эгадир. Фахрийларнинг ибратли хотираларидан, ўгит ва насиҳатларидан, маслаҳатларидан навқирон кадрлар ўзларига тегишли сабоқ олишмоқда, ўз ишини мукаммал ўзлаштириб, етук мутахассис сифатида шаклланишларида амалий услублар, йўл-йўриқлар ўрганишмоқда.

— Энг муҳими, — дейди Ботир Ҳамзаевич, — фахрийларимиз фақатгина байрам дастурхонлари атрофида, тўй-ҳашамларда ўтириб қолишгани йўқ. Улар бугун жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этишяпти. Бу ҳам уларда қадр-қиммат туйғусини жўштиради, ўзларининг жамиятга, халққа керак эканликларини ҳис этиб, руҳан, маънан қувват олиб, соғликларига соғлиқ, умрларига умр қўшилмоқда.

Бугун ўзининг табаррук ёшида ҳам жамиятимиз ривожи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази атрофига фахрийларни бирлаштириб,  ёш ва салоҳиятли кадрларни тарбиялаш, ёшларга чин маънода  ватанпарварлик руҳини сингдиришдек эзгу ишлари билан ўрнак бўлаётган Ботир Калоновнинг умр йўли чин маънода барчамиз учун ибрат мактабидир.

Луқмон Бўрихоннинг

“Ибратли умр” китоби асосида

Ҳамрохон Мусурмонова тайёрлади. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan