Самимий туйғулар билан битилган, юракка яқин шеърлар инсонга ўзгача юпанч беради. “Дўстлик” ордени соҳиби, таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Чоршам Рўзиев ижоди ҳам инсонни ўзига оҳанрабо каби тортади, десак муболаға эмас.
Чоршам Рўзиев 1955 йил 8 декабрь санасида Бухоро вилояти Когон туманидаги Миёнкўл қишлоғида оддий деҳқон Йўлдош Рўзиев оиласида дунёга келган. Мактабни олтин медаль билан тугатгач, 1974-1980 йилларда ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультети кечки бўлимида таҳсил олган. Олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ўзбекистон радиоси, Ёзувчилар уюшмаси, “Соғлом авлод учун” журнали, “Ўзбектелефильм” студияси ва Миллий телерадиокомпания таҳририятларида фаолият юритган.
Шоирнинг бугунги кунга қадар шеърий, ҳажвий, драматургияга оид ва кўплаб хотира — эссе китоблари чоп этилган. Танланган асарлари, “Исмоил Сомоний” номли тарихий драмаси, “Афанди алдамайди” номли ҳажвий китоби, ижоддаги устози, Ўзбекистон халқ шоири, халқаро Маҳмуд Қошғарий мукофоти соҳиби Рауф Парфига бағишланган “Абадият қўшиғи” номли эссеси шулар жумласидандир. Яқинда шоирнинг “Ўзбекнинг бир оиласи” номли хотира китоби ҳам чоп этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Чоршам Рўзиев таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган адабий-ижодий учрашувда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев шундай деган эди:
— Унинг шеърияти ибратли, ҳикматли шеърият. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам халқига интилган, халқ эса унга интилган шоирдир. Рауф Парфи “шеър — ўнгда кўрилган туш” деб таърифлаганди. Чоршам ўз ижодида шу сўзларнинг маъно-мазмунини очиб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Қозоқбой Йўлдошев ҳам Чоршам Рўзиев — энг қалтис дамларда ҳам ўз миллийлигини йўқотмаган, одамийлик мақомини баланд тутиб келаётган ижодкор эканлигини эътироф этишди.
Камина Чоршам Рўзиев билан 1996 йилдан 2008 йилгача ЎзМТРК қошидаги “Ўзбектелефильм” кино-видео студиясида ҳамжиҳатикда меҳнат қилдим. Чоршам дубляж студиясининг катта муҳаррири эди. Унинг ўз ишига пухта, ҳар жабҳадан хабардорлиги, зукколиги, самимийлиги, ходимларга нисбатан меҳрибон, ғамхўрлиги барчани ҳайратга солмай қўймасди. Унинг шеърларига басталанган қўшиқлар аллақачон радиомизнинг олтин фондидаги хазиналардан бирига айланган.
Шоир жуда камтарин, атрофидагиларнинг фидойи меҳнатларини қадрлайдиган инсон. Қайси вазифада ишламасин, дарров жамоанинг ҳурмат-эътиборини қозонади.
Ҳалилуллоҳ Тожимуҳамедов,
меҳнат фахрийси.