Китоб инсоннинг энг содиқ дўсти, беминнат маслаҳатчиси, ёлғиз кунларИнинг йўлдоши, билимлар хазинасининг калити эканлиги ҳақида кўп ва хўп гапирилса-да, сўнгги йилларда “Ёшлар китоб ўқимай қўйди” деган гапни кўп эшитамиз. Шу ўринда яна бир савол ўртага чиқади: Ота-оналар китоб ўқияптими? Оила даврасида, турмуш ташвишларидан ортиб, бадиий асарлар муҳокама қилиняптими?

Навоий вилояти Нурота тумани “Ғафур Ғулом” маҳалласида истиқомат қилаётган 85 ёшли Низомиддин ота Каромов билан суҳбатимиз шу саволлар атрофида кечди.

Низомиддин ота узоқ йиллар мармар конида ишлаб нафақага чиққанлар, маҳалла-кўйда нимаики тадбир, маросим, маъракалар бўлса, бош-қош. Еттита фарзанди ўзидан тиниб, ували-жували бўлиб кетган, невара-чеваралар, эваралари ўзларидан кўпайиб, бир маҳалла бўлган…  Отахоннинг ўзи тумандаги учта кутубхонанинг доимий, фаол аъзоси. Вақт топди дегунча, дарров қўлларига китоб оладилар, мутолаа қилишдан ҳеч қачон зерикмайдилар, тўхтамайдилар.

— Болалигимда адирларда, даштларда қўй боқардим. Кенг дала, суҳбатдош йўқ. Кечгача қўйлар ортидан юриб, ўзим билан ўзим сўзлашиб роса зерикардим, — дейди Низомиддин ота Каромов. — Шундай кунларнинг бирида устозимнинг топшириғи билан мактаб кутубхонасига кирдим ва “Гўрўғли” достонига кўзим тушди. Шу достондан бир парча эшитгандим. Давомига роса қизиқиб қолувдим. Китобни қандай олиб ўқиш мумкинлиги ҳақида сўраб билиб олдим ва шу куни кутубхонага аъзо бўлдим. Дарс тугагач, уйга шошилдим, кейин далага. Китобни қўлтиғимга қистирдим, белимга бир бурда нон боғладим. Далада қўйларни ўтлашга ёйдиму, китобни ўқишни бошладим. Кечгача “Гўрўғли” достонини ўқидим. Куннинг қандай кеч бўлганини сезмадим. Ғира-ширада уйга қайтар эканман, хаёлимда фақат достоннинг давоми. Биласиз, “Гўрўғли” туркум достонлари юзга яқин хилма-хил мазмундаги асарларни ўзида бирлаштирган улкан силсила. Ушбу силсилага оид достонларда афсонавий халқ баҳодирининг туғилиши, ёшлиги, озодлик ўлкаси Чамбил шаҳрининг бунёд этилишидан бошлаб батафсил ўқувчига тушунтирилади. Достонларнинг асосий ғояси қаҳрамон ва севимли ёр садоқати, ота-она ва фарзанд бурчи, биродарлик ва дўстлик масалаларидан баҳс юритади. Ифодасининг сербўёқлилиги, жозибадорлиги билан китобхонни ўзига ром этади.

Шундай қилиб, китобнинг сеҳрли оламига кириб келдим. Қачон, қаерда бўлмай, қўлимдан китоб тушмасди. Йигирма йилдан кўп қўй боқдим. Китоб доимий ҳамроҳим бўлди. Кейинчалик мармар конига ишга кирдим. Барибир китобни қўлимдан қўймасдим. Дам олиш дамларидами, овқатланиш соатларидами, вақт топдим дегунча, китобга ёпишардим. Қизиқиб кетганимдан баъзида овқат ейиш ҳам эсимдан чиқиб кетарди. Бугунгача қанча китоб ўқиганимни ҳам билмайман… чунки улар жуда кўп. Ҳалқ достонлари энг севимли китобларим. Алишер Навоий асарлари, “Пайғамбарлар тарихи”, “Қобуснома”, Чингиз Айтматов, Тоҳир Малик асарлари энг яхши кўриб ўқийдиганларимдир. Чет эл адабиётидан ҳам кўплаб китобларни мутолаа қиламан. Таржима қилинмагани бўлса, рус тилида ҳам ўқийман. Асар таржима қилинган бўлса, баъзан асл манбасига мурожаат қиламан. Масалан, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини асл манбасида ўқиб чиқдим. Бу менга таржимасидан ҳам кўпроқ ёқди. Шундан кейин асарларни асл манбаси билан ўқишни ўргандим”.

Отахон ўз уйида кутубхона ташкил этган. Хонтахтанинг устида ўқишга тайёрлаб қўйилган китобларга кўз югуртираман: Доктор Оиз Қарнийнинг “Ўкинма”, Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили”, “Бузрукнинг кузи”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”…

Мени, айниқса, ҳайратга солгани — отахон шу ёшидаям кўзойнаксиз китоб ўқийдилар!

— Китоб энг содиқ дўст, яхши-ёмон кунингда ёнингда ҳамдам, яхши маслаҳатчи, ажойиб суҳбатдошдир. Кўп яқинларим, дўстларим дунёни тарк этиб кетдилар. Ёлғизликдан қийналган дамларимда ҳам шу китоблар сирдошим бўлди, — дейди Низомиддин ота Каромов.

Китобхон отахоннинг оиласида тарбия топган фарзандлар ҳам ҳаётда ўз ўринларини топиб, аллақачон нафақага чиқиб кетганлар. Набиралари, эваралари бугунги кунда жамият ҳаётида фаол. Ҳаммаси китобхон, ўз фикри, ўз дунёқарашига эга инсонлар. Бунга сабаб эса, оила бошлиғининг китобхон эканлигида, деб бемалол айтиш мумкин.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan