Мамлакатимизда инсон қадри, маҳалла барқарорлиги ва жамият тараққиёти ўзаро узвий боғлиқ устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш ташаббуси ана шу устувор сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.
Бу қарор, ўз ўрнида, маҳаллаларда аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва инсон манфаатларини янада юқори поғонага олиб чиқишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил давом эттирилишини англатади.
Албатта, ушбу жараёнларда кекса авлод вакилларининг ўрни беқиёс. Боиси, нуронийлар ҳаётий тажрибаси, маънавий салоҳияти ва жамоатчиликдаги нуфузи билан маҳалла ва жамият барқарорлигининг таянч устунидир. Юртимизда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, муносиб турмуш шароитини яратиш ва фаол жамоатчилик ҳаётига жалб этишга қаратилган ташаббуслар кўлами тобора кенгаяётгани кишини қувонтиради. Айниқса, жойларда барпо этилаётган “Нуронийлар маскани” эса бу эътиборнинг амалий ифодасидир. Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида янгидан барпо этилган “Нуронийлар маскани” ҳам ҳудудда истиқомат қилаётган кекса авлод вакиллари учун муносиб ҳурмат ва ғамхўрлик тимсолига айланди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида шаҳар сектори мутасаддилари, нуронийлар, фаол жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Н. Жўраев ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси
Ш. Набиев мамлакатимизда кекса авлодга кўрсатилаётган эътибор, давлат сиёсати даражасида уларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада амалга оширилаётган ишлар самараси ҳақида ўз фикрларини билдирди. Эътироф этиш керак, янги маскан ҳудудида нуронийлар учун кенг қамровли ва замонавий шароитлар яратилган. Жумладан, хизмат хоналари, бой фондга эга кутубхона, спорт, маданий тадбирлар ва кўргазмалар зали, тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда дам олиш хоналари ташкил этилган. Бу эса кекса авлод вакилларининг соғлом турмуш тарзини олиб бориши, маънавий ҳаётини бойитиш ва жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам замин яратади.
Маросим иштирокчилари масканда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, унинг аҳамиятини юқори баҳоладилар. Нуронийлар эса ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдириб, юртимиз тинчлиги ва равнақи учун дуога қўл очдилар. Шубҳасиз, Ғозғондаги ушбу “Нуронийлар маскани” янги йилда кекса авлодга тақдим этилган эзгу туҳфалардан бири бўлди. Мажмуа келгусида маҳалла ҳаётини янада жонлантириш, авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Акмал Аҳадов,
Навоий вилояти.