(“Менинг Доғистоним” китобидан)
Расул ҲАМЗАТОВ,
авар шоири
Бу воқеа мен Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раислигига эндигина сайланган кезларим бўлганди. Раис лавозимининг мажбуриятидан кўра ҳуқуқи кўпроқ, агар ўзингга саргузашт изламасанг, бемалол асосий ишинг – шеър ёзиш билан шуғулланишинг мумкин. Мен ўша вақтда ёш, ғайратли бўлганим учун ташаббус кўрсата бошладим ва янги лавозимга боғлиқ ишларни топдим.
Ўйладимки, ўз уйининг мустаҳкамлигини билмоқчи бўлган одам тўсинларни, устунларни, умуман, таянч қисмларни бир-бир кўздан кечиради. Англадимки, Доғистон Ёзувчилар уюшмасининг таянчи тўрт миллатга мансуб тўртта шоир экан: лезгин Тагир Хрюгский, қўмиқ Али Қозиев, авар Зоҳид Гаджиев, лак Абутолиб Ғафуров. Шунга боғлиқ тадбир ўтказишни режалаштирдим ва тўрт оқсоқол шоирнинг Доғистон ҳукумати раҳбари билан учрашувини ташкил қилиш ҳаракатига тушдим. Шоирлар ҳукумат раҳбарига ўз илтимосларини айтишади, ҳукумат раҳбари шоирларга ўз истакларини билдиради.
Мана, ҳукумат раҳбари Абдураҳмон Дониёлов билан суҳбатлашиб ўтирибмиз. Давра суҳбатида расмиятчилик йўқ, бир пиёла чой устида давом этаяпти. Шоирлар хурсандчилигидан еттинчи осмонда, улар уюшманинг янги раиси Расул Ҳамзатов яхши одам эканлигини тўртта тилда гапираяпти. Дониёловга ҳам машҳур шоирлар давраси ёқиб тушган. У ҳам шундай учрашувни ташкил қилган Расулдан миннатдор.
Жуда ёзилиб Доғистон, ҳаёт ва шеър ҳақида қизғин суҳбат қурдик. Ниҳоят, ҳукумат раҳбари эриб кетиб, ҳар бир шоир ўзининг бирор илтимосини айтсин, деди. Биринчи бўлиб Тагир Хрюгский бошлади.
– Ўртоқ Дониёлов, ҳар йили қаҳратон қиш бошланиши билан тоғдаги қўтонларда қўйларнинг кўпчилиги очликдан, совуқдан ўлиши мени ранжитади. Наҳотки, ёзда чўпонларга ёрдамчилар юбориб, қишга кўпроқ пичан ғамлаш мумкин эмас.
Дониёлов шоир гапларини дафтарига ёзиб олиб, яна сўради:
– Бошқа илтимосингиз йўқми?
– Яна, Хрюг овулидаги хўжаликка битта автомашина ажратишнинг иложи борми?
Сўз навбати Али Қозиевга келди. Қозиев оғзини очиб бизга, шу жумладан, ҳукумат раҳбарига чирик тишларини кўрсатиб деди:
– Овқатни чайнашга ҳам қийналаяпман. Менга яхши, янги тиш қўйдиртириб бериш мумкинми? Тишсиз оғиз билан яхшилаб қўшиқ айтиб бўлмаса. Шеър ўқисам, оғзимдан сўзларнинг ҳарфи тушиб кетаяпти.
Шу заҳоти Қозиев тиши тушган оғиз билан шеър ўқиш қийинлигини намойиш этди. У Ҳасавюрт шаҳар бошлиғига мурожаати битилган шеърини ўқиди. Шеърда кекса шоирнинг уйига кўмир сўраб ёзган илтимосномаси таъсирчан сўзларда ифодасини топганди.
– Сизга кўмир беришдими? – сўради Дониёлов.
– Бу ишни ўтган йилдан бери чўзиб келишаяпти.
Дониёлов дафтарига ниманидир қайд этди ва биз Зоҳид Гаджиевни тинглашга тайёрландик.
– Ҳозирги ёшлар концертларда куйлаш ўрнига, нуқул бақиришади. Улар бу бақиришлари билан жуда яхши халқ қўшиқларимизни бузишяпти. Янги қўшиқлар ашулачиларнинг бақиришига мослаб ёзиляпти. Бунга чек қўйиш керак. Айримларида фақат афсоналардаги пари чиройи мақталади. Ўртоқ Дониёлов, уларга айтинг, афсоналардаги пари чиройини эмас, қишлоқ хўжалиги илғорларини мақтаб қўшиқ куйлашсин.
Ўз нутқини тугатган Гаджиев мен томонга энгашиб, қулоғимга шивирлади:
– Эшитишимга қараганда, кеча кечқурун Шахтамонов ва Сулаймонов ресторанда вино ичишибди. Ёзувчиларга ичкилик ичишни таъқиқлаш керак. Бу масала бўйича сенинг олдингга алоҳида кираман.
Навбат Абутолибга етиб келди.
– Ҳурматли Абдураҳмон, – дея сўзини бошлади Абутолиб, – менинг охирги хотиним яқинда ўғил туҳфа қилди.
– Нега энди охирги хотиним?
– Менинг хотинларим кўп бўлган. Нима қилай, газеталарда суратимни босишади, радиода Доғистоннинг орден олган, депутат шоири деб мақташади. Енгил табиат аёллар бу мақтовларга учади. Машҳур шоир экан, демак, қасрда яшайди, сандиғи тўла бойлик деб ўйлашади ва менга тегишади. Кейин кўп қаватли уйнинг ертўласида кун кечираётган қашшоқ Абутолибни кўришади. Бу уларга ёқмайди ва ташлаб кетишади. Шунинг учун мен кўп бор уйланганман. Ҳа, ҳурматли Абдураҳмон, менинг қўшиқларим тўрғайлар каби кўкка интилишади, ўзим эса ҳамон ертўладаман. Мана шу ертўладан қўшиқларимни кўкка учираяпман. Менга ўғил туғиб берган охирги хотиним ҳам агар янги уй олмасам, ташлаб кетишини айтди. У ўғлимни бағрига босганча кетади… Абдураҳмон, у ҳали кетмасидан юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандай бўляпти. Менинг оиламнинг бузилиб кетишига йўл қўйма, менга уй бер, токи кастрюлимни плитага миндириб бемалол овқат қилайин. Ёшим ҳам етмишдан ошди, менинг умр аравам тепага эмас, тоғдан пастга шитоб билан тушаяпти. Агар менга янги уй ажратсанг, унга сени ҳам меҳмонга таклиф қилардим.
Ҳафта ўтмасдан Абутолиб янги уйнинг ордерини қўлига олди. Алвидо, жонажон ертўла! Абутолиб “Пушкин” кўчасида янги қурилган уйнинг учинчи қаватидаги уч хонали уйга кўчиб ўтди.
Бир куни кўчада Абутолибни учратиб қолдим. У мени кўриши билан ўзини металл уюмидан ниманидир излаётган одамга ўхшаб тутди.
– Ассалому алайкум, Абутолиб! Янги уйда қандай яшаяпсиз, ёқдими?
– Неча кундирки, қўнғироқ излаяпман, уни уйимга осиб қўйиб чалганча Цада овулилик Ҳамзатнинг ўғлини меҳмонга чорлайман деб. Мен денгизга қараган деразамни уч марта очиб сурнайимни чалдим, сен сурнайимнинг ноласини эшитиб меҳмонга келишингга умид қилгандим. Катта қўнғироқ топиб чалмасам, чорловимни эшитмайдиганга ўхшайсан. Қани, қўнғироқ излагани кетдик.
Мен ўша заҳоти Абутолиб билан унинг уйини кўргани бордим. Янги уйда тўртта девор бор эди, холос. Полда Абутолибнинг ертўладан олиб келган лаш-лушлари ётарди: эски сурнай ва най, темирчилик эски териси (худо билади, энди нимага керак бўлади), эски керосинка, тоғора, кастрюль, челак, кўза, этик, пўстин… Уйига тоғлик эски қадрдони меҳмонга келганга ўхшайди, бир четда унинг эски хуржуни. Албатта, тоғликлар шаҳарга фақат меҳмон бўлиш учун эмас, бирор ишини битиришга келишади. Абутолиб, бўш хуржунни қўлига олиб койий кетди:
– Ярамас хуржун, нега бўм-бўшсан? Агар сен қўй гўшти билан тўла бўлганингда, менинг меҳмонимнинг иши тезроқ битарди. Сен бўш бўлганинг учун қанча одам Чанг тоғидан шаҳарга бекорга келиб кетишади.
Абутолиб бўш хуржунни койир экан, мени ўтқазишга жой излади. Ўтқазишга таклиф этадиган жойи йўқлигини билгани учун қўлимга пичоқ бериб, деразадан ҳовлидаги ҳужрасини кўрсатди:
– Анави ҳужрада ғозим бор, уни сўйиб тур. Бизнинг тушлигимиз бўлади.
Ҳужрага кириб, бир амаллаб ғозни ушладим. Ғоз типирчилаб қўлимдан чиқишга уринарди, мен ишга киришдим. Юқоридан Абутолибнинг овози келди:
– Ким жонлиқни бундай сўяди? Ғознинг бошини бошқа томонга бур. Сен Макка қайси томонда эканини билмайсанми?
Мен топширилган вазифанинг уддасидан чиқдим ва кейинроқ Абутолибнинг мақтовини эшитдим.
Абутолиб ўзи айтгандай, кастрюлни плитага миндирди ва узоқ вақт тушлик тайёрлаш билан банд бўлди. Мен бу вақтда уйни кўздан кечирдим. Кекса шоир ертўладан кўчган бўлса ҳам янги уйига ертўладан эски кастрюлидан тортиб, турмуш тарзигача барини кўчириб олиб келибди. Уйда стул, стол, шкаф, кровать, умуман, биронта мебель йўқ эди.
– Абутолиб, қаерда шеър ёзаяпсиз?
– Ҳали бу уйда биронта тайинли шеър ёзганим йўқ. Бир қанча вақт шеър ёзиш учун эски ертўлага бориб юрдим, уни ҳам рассомга устахона учун бериб юборишди. Оллоҳга аён, бу уйда ертўладагидай хотиржам ухлай олмаяпман. Ертўламда тушум кам бўлса ҳам, вақтим кўп эди. Одамлар ҳам тинчимни бузавермасди. Ҳамма ҳам ертўлага мени йўқлаб келавермасди. Тўғри, ертўладан денгиз кўринмасди. Оллоҳга шукур, энди денгиз кекса Абутолибнинг шундоқ кўз олдида.
У оқиш-кўкиш тусда тўлқин ҳосил қилиб чайқалаётган денгизга узоқ тикилиб қолди. Мен унга халақит бермадим, биз сукут сақладик. Ниҳоят, Абутолиб секин гап бошлади:
– Бир ёзувчи мен ҳақимда шундай дебди: “Абутолиб янги уй олди. Кўрамиз, энди у қандай шеър ёзар экан?!” У ўзича шеър ёзиш уйга боғлиқ эмаслигини тушунтириб қўймоқчи. Мен ҳам яхши биламан, шоир – ўз шеърларининг уйи, шоир юраги – шеърият истироҳат қиладиган жой. Умримнинг яхши ва ёмон кунлари менда яшайди. Мен ўзим қаерда яшайман, бу улар учун муҳим эмас.
Абутолибнинг уйидан оғир таассурот билан чиқдим. Бу ҳақда Доғистон ҳукумати раҳбарига сўзлаб бердим ва Абутолибнинг нашрга тайёрланаётган “Қушлар жанубга учади” китобига бериладиган гонорар ҳисобидан унинг уйига мебель сотиб олишга қарор қилинди. Бу вазифани бажарадиган уч кишидан иборат тезкор ишчи гуруҳи тузилди: Доғистон нашриёти директори, савдо вазири ва мен. Бизга керакли мебелларни топиш, уларни харид қилиш ва Абутолиб уйига етказиб бериш вазифаси юклатилди. Менга вазифамизга доир барча келишувларни амалга ошириш топширилганди.
Учаламиз Маҳачқалъадаги барча савдо омборларини кўриб чиқиб, керакли мебелларни танладик: ухлаш учун юмшоқ мебель – майли, халқ шоири маза қилиб ором олсин; ижод столи – халқ шоири унда ажойиб шеърларини ёзсин; ошхона жиҳозлари – халқ шоири уларда мазали таомлар пишириб, ҳузур қилиб овқатлансин. Мебелларни уйига жойлаштиргандан кейин Абутолиб бизни ташаккурномага кўмиб ташлаш учун олдимизга чопиб борган, деб ўйлаяпсиз. Аммо у чопиб ҳам келмади, кўнгил учун раҳмат ҳам айтиб кетмади ва ҳатто мебелларни жойлаштиргани тўғрисида хабар ҳам бермади. Шунда биз ўзимиз унинг уйига бориб, Абутолиб мебелларни қандай жойлаштирганини ва улардан қандай фойдаланаётганини кўрмоқчи бўлдик.
Эшикни тақиллатишга ҳожат қолмади, чунки у очиқ экан. Тушлик столи ёнига тўшалган гиламда Абутолиб оиласи билан чўккалаб ўтирарди. Олдида ёзилган газетага овқат ва чой учун кружка қўйилган. Абутолиб тарелкада кефир ҳўпларди. Албатта, яп-янги силлиқ тушлик столи тўлишган қиздай қучоғини очиб турарди, фақат Абутолибнинг уни қучоқлашга ҳуши йўқ эди.
Бошқа хонада ажойиб ижод столини кўрдик. Унинг устига қўйилган сиёҳдон, ручка ва қоғозга қўл тегизилмаган. Шу туришда у ижод столига эмас, музей экспонатига ўхшарди. Хонанинг бир четида полда араб алифбосида ёзилган қоғозлар ётарди.
– Абутолиб, сиз ҳозирги имлода ёзишни билмайсизми?
– Биламан, эскича ёзишга ўрганиб қолганман. Олдин шеърларимни араб алифбосида ёзаман, кейин уларни муҳаррирлар тушуниши учун ҳозирги алифбода қайта ёзиб чиқаман, мисоли ўзимни ўзим таржима қиламан.
– Кроватда ҳам бирор марта ухлагани йўқ, – дея чақмачақарлик қилди хотини. – Бекорга шундай қиммат мебелларни сотиб олибсизлар.
– Яна кровать дейди. Мен шаҳарга келган биринчи йилимда бошимга тош қўйиб ётардим, ёстиқ ўрнига тош қўйиб ётсам қаттиқроқ ухлардим. Болалигимда бузоқ боққанимда, бошимга тош қўйиб ухлашга ўрганганман.
– Демак, биз сизга кўнглингиздагидай мебель танлай олмаганмиз. Сизга кровать ҳам, шкаф ҳам, стол-стуллар ҳам ёқмаяпти, тўғрими?
– Нега, мебеллар яхши. Улар менинг қўшним Голфрид Ҳасанов уйига жуда мос экан.
– Қўшнингиз Голфрид Ҳасанов яхшими?
– Балки у яхши одамдир, лекин биз тотув эмасмиз.
– Нимага?
– У жудаям маданиятли. Нима десам экан, мен жуда қишлоқиман, у жуда шаҳарлик. Мен жуда тоғликман, у жуда текис жойдан. Бизнинг бош кийимларимиз ҳам ҳар хил. Эҳтимол, бошларимиз ҳар хил бўлса керак. Мен ўз юртимнинг ўғлиман, у ўз касбининг ўғли. У менинг сурнайим ва куйларимга тоқат қилолмайди, мен унинг пианиноси ва симфониясига. Чалаётган мусиқасидан роҳатлангим келади, лекин буни уддалай олмаяпман. У ҳам шундай, сурнайимни қўлимга олишим билан эшигимни тақиллатади: “Абутолиб, ишлашга халақит беряпсан”. Мен унга атайин сурнай чалаётганим йўқ, радиода беришяпти дейман. Чиндан, радиода беришса ҳам эшигимни тақиллатиб келаверади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, у ўзимнинг сурнай чалишимнигина эмас, радиодан сурнай тинглашимни ҳам тақиқламоқчи. Бир сўз билан айтганда, биз бошқа-бошқа одамлармиз. Менинг уйимга тоғдан хуржун кўтарган меҳмонлар келади. Унинг уйига Москвадан портфель кўтарган одамлар. Мен меҳмонларимни бўза, қовурма, аччиқ-чучук билан сийлайман, у меҳмонларининг олдига кофе ва коньяк қўяди. Мен бозорга бораман, у магазинга. Мен ухлаётганда у ёзади, у ухлаётганда мен ёзаман. Унга тувакларда ўсган гуллар ёқади, менга баланд тоғлардаги яшнаган майсалар. Эшитаяпсизларми, ҳозир у ўзининг қандайдир симфониясини чаляпти.
Биз Абутолибнинг қўшнисини билардик, у Россияда ва Доғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Голфрид Алиевич Ҳасанов эди. Ўша вақтда у фортепьяно учун ёзилган симфонияси устида ишларди. Мен унинг илҳомбахш, нозик ижросини тинглар эканман, ўйлаб қолдим: “Қандай ажойиб симфония яратиш мумкин эди-я, агар халқдан чиққан Абутолибдай истеъдод ва махсус даргоҳларда билим олган Ҳасановдай истеъдод ҳамкорлик қилишса…”
Мен яна ўйладимки, қандай бахтли шоир бўлардим, агар шеърларимда, китобларимда икки фазилат — соддадил халқимнинг мулойим феъл-атворини ва замонлар синовидан ўтган бағрикенглигини маҳорат билан бирлаштира олсам. Истайманки, шеърларимда Абутолиб ва Голфрид қўлни қўлга берсин. Истайманки, шеърларимда уларнинг қўшничилиги ҳаётдагидай эмас, аҳил-иноқ бўлсин.
Мен уларнинг қачондир ҳамкорлик қилишига ишонгим келди. Агар шундай ҳамкорлик пайдо бўлмаса, ёки менга бу ишга аралашиш ҳуқуқи берилса… Эҳтимол, энг сўнгги техника ютуқлари асосида тайёрланган мазали ичимликка тоғдаги жилғанинг шаффоф, совуқ сувидан қўшиб ичишга таклиф қилардим. Нима ҳам дердим, маданият, тараққиёт, касб маҳорати вақт ўтиши билан сингади. Демоқчиманки, агар улар йўқ бўлса ўзлаштириш мумкин, лекин миллий туйғу одамга туғилиши билан берилади. Халқ шоири ва сурнайчи Абутолиб бошқа шароитда, эҳтимол, бастакор ва ҳатто етук композитор бўлиши мумкин эди, лекин маҳоратли композитор ва созанда Голфрид ҳеч қачон оддий халқ бахшиси бўла олмасди.
Абутолиб хайрлашаётган вақтимизда сўради:
– Расул, уйимга телефон ўтказишга ёрдам бера оласанми?
– Телефонни нима қиласиз? Ёзув столидан, кроватдан фойдаланмаётган одамга телефоннинг нима кераги бор?
– Телефон орқали баъзан Москвадаги Николай Тихоновга, баъзан жамоа хўжалиги раисимизга сурнай чалиб берардим. Ахир, раисимиз менинг тирик эканимни ва сурнайим ҳамон қадим наволарни куйлаётганини билиб туриши керак. Сурнайимнинг навосини телефон орқали тинглаган раисимиз шаҳардаги уйимда ҳам тоғларнинг муаттар иси ва оҳанги таралаётганини биларди.
– Абутолиб, тоғнинг муаттар ҳавосига тўйинган сизнинг куйларингиз телефонсиз ҳам Москвага, туғилган овулингизга, Доғистоннинг бошқа овулларига, дунёнинг барча жойларига учиб боради. Чунки куйларингиз тоғлардан ҳам баланд учади.
Асрор МЎМИН таржимаси.