Юртимизда ҳар баҳор ва куз мавсумида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш анъанага айланиб улгурди. Бу ҳаракат кенг кўламда ташкил этилиб, Ўзбекистонда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик муҳит, аҳоли саломатлиги ва инсоннинг табиатга муносабатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
ёхуд яшил ҳудудларни кенгайтиришда янги босқич: Дендрология боғларининг аҳамияти
Мазкур масалага давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи эътибор қаратиб, бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси беш йилдирки амалда бўлиб, ушбу анъана доирасида амалий ҳаракатлар бутун республика миқёсида ташкил этилмоқда.
Анъанага мувофиқ, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этди ҳамда миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Жорий йилда пойтахтда 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда. Бу ердаги “Яшил” университет ҳудудида “Илм — лойиҳа — амалиёт” занжири асосида барпо этилаётган “ин-витро” лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.
— Аслида, дендрология боғи, бу — дарахт ва буталарнинг илмий асосда шакллантирилган ноёб коллекциясидир, — дейди экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси жамоатчилик кенгаши аъзоси, экофаол Ферузбек Сайфуллаев. — Унда ҳар бир ўсимлик тури тизимлаштирилади, номланади ва илмий жиҳатдан ўрганилади. Оддий парк ва боғлар, асосан, аҳолининг дам олиши учун хизмат қилади. Дендрология боғи эса, аввало, илмий тадқиқот ва таълим маскани ҳисобланади. Бу ерда турли иқлим ҳудудларидан келтирилган дарахт ва бута турлари жамланади, уларнинг хусусиятлари ўрганилади ва амалиётга татбиқ этилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур дендрология боғи ҳудудида турли аттракционлар ёки савдо шохобчаларини жойлаштириш кўзда тутилмаган, чунки ушбу маскан, аввало, осойишта муҳитда илмий кузатувлар олиб бориш, табиатни англаш ва экологик маданиятни оширишга хизмат қилади. Янги ташкил этилаётган дендрология боғи ўз моҳиятига кўра, бугунги кунда фаолият юритаётган Тошкент Ботаника боғи сингари илмий-маърифий ва табиатга яқин маскан сифатида шакллантирилади. Бу эса уни нафақат сайр қилиш, балки табиатни ҳис этиш, ўрганиш ва асраб-авайлаш руҳини кучайтирувчи масканга айлантиради. Шу жиҳатдан, дендрология боғи нафақат яшил ҳудуд, балки экологик билим ва тажриба маркази сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.
Табиийки, яшилликнинг республика бўйлаб кенгайиши кўпчиликнинг фаол иштирокини талаб қилади. Президентимиз маҳалла раислари, отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, клублар ва жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош бўлишга чақирди. Нуронийлар мазкур даъватга ҳозиржавоблик билан муносабат билдириб, мамлакат истиқболига алоқадор ҳар бир ҳаракатда фаол иштирок этиш, шунингдек, шахсий намуна кўрсатиш улар учун шарафли вазифа, бурч эканини таъкидлашмоқда.
— Экологик муаммолар бутун инсониятни ташвишга солиб, бу ҳақида жиддийроқ бош қотиришга ундамоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Сариосиё тумани бўлими раиси Салом ота Қосимов. — Жумладан, юртимизда ҳаво сифатини яхшилаш ва яшиллик даражасини ошириш мақсадида бир қатор саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Хусусан, ҳурматли Президентимиз раҳнамолигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар яқин келажакда истиқболли натижа бериши шубҳасиз. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда тизимли иш ташкил этиш ва Ўзбекистон иқлим шароитига чидамли, кам сув ичадиган, ҳавога кўп кислород чиқарадиган кўчатларни ўтқазишга тўғри келмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, мамлакатимиз раҳбари узоқни кўзлаб, миллий дендрология боғини барпо этиш, жараённи илмий асосда ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Сурхондарё воҳасида яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси Орзиқул Соатов бошчилигида, шунингдек, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ҳудуднинг 15 та туман ва шаҳарларида яшил ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жараён давомида ишга маҳаллабай, хонадонбай ёндашилиб, ҳар бир аҳоли томорқасига 20 тадан кўчат ўтказишга эришиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, қабристон ва йўл ёқаларида, ташкилот ва маҳалла ҳудудларида мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатларини экиш тадбирлари ташкиллаштирилмоқда. Аслини олиб қараганда, ерга ниҳол қадаш, уни муносиб парвариш қилиб, боғ-роғ барпо этиш, шунингдек, юртда ободонлаштириш ишларини кенг кўламда ташкил этиш ота-боболаримиздан қолган расм, одатдир. Демакки, бу анъанани давом эттириш зиммамизга жиддий вазифа юклайди. Шу баробарда, халқнинг эзгу мақсадлар йўлида бирлигини ифодалаб, ёшларнинг бунёдкорлик ишларига рағбатини оширади. Биз, Сурхон нуронийлари Президентимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, энг аввал, бошланган хайрли ишда шахсий намуна кўрсатишга ҳаракат қиламиз ҳамда кенг жамоатчиликни бу борада фаоллик кўрсатишга чорлаб қоламиз.
Сирдарё вилоятида ҳам натижалар ёмон эмас. Жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида жами 3436700 та (шундан 2588476 таси манзарали, 1457804 таси мевали дарахт кўчатлари) кўчат ўтқазиш режаланган бўлса, март ойи ҳолатига кўра 4046280 туп кўчат ерга қадалган.
Вилоятнинг Сайхунобод туманида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 658000 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режага киритилган бўлиб, бугунги кунга қадар 325 гектар ер майдонида жами 682 минг туп кўчат экилган. Уларнинг 525 минг донасини манзарали (иҳота ва тутзорлар), 157 минг донасини мевали дарахт кўчатлари ташкил этади. Аслини олганда, ижобий натижага рақамлар кўрсаткичи орқали эришилмайди, албатта. Энг асосийси, қадалган дарахт кўчатларининг узлуксиз парвариш қилиниши, доимий назоратнинг самарали йўлга қўйилиши, шунингдек, вилоятнинг экологик ҳолатида ижобий ўзгаришларга эришиш ортидан мамлакатнинг экологик салоҳияти юксалишини қўллаб-қувватлашга эришишдир.
Суғдиёна СОБИРОВА.