Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!

Наврўз халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари, маданияти ва орзу-интилишларининг намунаси сифатида долғали йиллар чиғириғидан омон чиқиб, янгиланишларга муқаддима бўлиб келмоқда. Табиатнинг уйғониши, инсонда бунёдкорлик, яратувчанлик ғояларининг содир бўлиши ҳам айнан наврўзи оламга боғланади. Халқимиз шу сабабдан уни ўзгача кайфият ва интиқлик билан кутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда, жумладан, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш бўйича “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари амалга оширилиши белгиланган.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида  Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани “Сари олтин” овул фуқаролар йиғинида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан байрам шодиёналари юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбирда туман ҳокими Б.Султанов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Турсинбай Абдижаббаров йиғилганларни улуснинг улуғ куни — Наврўз айёми билан табриклаб, эришилган ютуқларга алоҳида тўхталди.

Давлат ва жамият ривожи, мамлакат салоҳиятининг ҳар томонлама юксалиши пировард натижада янгиланишларга замин яратади. Юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар айни жиҳатларга — инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик ва адолат тамойилларига асосланмоқда. Тинчлик-омонлик бўлган заминга эса шодиёналар, байрамлар ярашади. “Сари олтин” овул фуқаролар йиғинида ўтказилган байрам шодиёнасида Наврўзи олам шукуҳи, тинчлик нашидаси мусиқий дастурдан ўрин олди.

Наврўз инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборнинг кўриниши бўлиб, атроф-муҳит ва унинг ресурсларини асраб-авайлашга, инсон қадрини янада улуғлашга, бугунги тинч-осойишта ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик билан яшашга бошлайди. Наврўз кеча ёки бугун шаклланиб қолгани йўқ, балки ўзида минг бир тарихни мужассам этган, инсонларда меҳр-оқибат, поклик, адолат, инсонийликни таъминловчи қудратга эга қутлуғ айём саналади. Қонликўл туманининг ҳар бир ҳудудида Наврўз шодиёналари кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Дарвоқе, шарқона янги йил байрами — Наврўзи оламнинг бутун юртимиз бўйлаб саховат ва мурувват, шунингдек, инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари асосида ўтказилиши нафақат халқимизнинг олийжаноблигига ишора қилади, балки узоқ йиллик қадриятларнинг ўлмас намунаси сифатида шарқона ҳақиқатлардан сўз очади. Жорий йилда Наврўз байрамининг Рамазон ҳайити байрами билан ҳамоҳанг ўтказилиши унинг мазмун-моҳиятини янада бойитмоқда.

Сўғдиёна СОБИРОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan