Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камаловнинг 100 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Қаллибек Камалов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Дастур доирасида муборак Рамазон ойи муносабати билан 2026 йил 18 март куни Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида ифторлик дастурхони ёзилиши белгиланган. Шунингдек, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Уч авлод” учрашуви тадбири ҳамда ушбу тадбир доирасида илмий-амалий конференция ўтказилади. Шунингдек, Қаллибек Камаловнинг ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилиб, китоб-альбоми нашр этилади ва у яшаган хонадонга ёдгорлик ўрнатилади.
Қарор ижроси доирасида таниқли сиёсатшунос ва олимлар ҳамда нуронийлар иштирокида хотира тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилади.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби Қаллибек Камалов 1926 йил 18 мартда Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, 1955 йилда Нукус давлат университетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар қўмитаси котиби лавозимидан бошлаб, кейинчалик Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлади.
Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Қаллибек Камалов Қорақалпоғистон Республикаси коммунал хўжалиги вазири, йўл транспорти ва автомобиль йўллари вазири, Қорақалпоғистон партия қўмитаси котиби лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.
Бутун ҳаёти ва фаолиятини ўзи туғилиб вояга етган юрт равнақига бағишлаган моҳир раҳбар 1959-1963 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, 1963-1984 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг биринчи котиби, Республика етакчиси каби масъул вазифаларда жонбозлик кўрсатиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турли соҳа ва тармоқларда ишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш борасида фидокорона меҳнат қилди.
Каллибек Камалов 1984-1986 йилларда истеъдодли дипломат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатди.
У кўп йиллик серқирра меҳнат фаолияти давомида бой билим ва тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти, юксак инсоний фазилатлари, Ватанимизга беқиёс меҳри ва садоқати билан эл-юрт қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди. Унинг бевосита раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама тараққий эттириш, мавжуд мураккаб иқлим шароитида пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги тармоқларини, шунингдек, саноат ва ишлаб чиқаришни равнақ топтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу йил 11 февраль куни 100 ёши арафасида вафот этган Каллибек Камалов сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда фаол иштирок этиб келаётган эди. Унинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
Ўз мухбиримиз.