“Нуроний” жамғармаси Андижон вилояти бўлими қошида ташкил этилган “МК Фитнес клуб”ига “Биз — соғлом бувижонлармиз!” деб ном берилганлиги бежиз эмас. Ушбу клуб 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, унга Марғубахон Қурбонова раҳбарлик қилади. Бу ерда “Соғломлаштириш маркази” фаолият юритиб, клубга, асосан, нафақадаги бувижонлар аъзо бўлишган. Айни пайтда 100 га яқин нафақадаги бувижонлар машғулотларда иштирок этишмоқда.

Марказнинг асосий мақсади — бадиий гимнастика орқали танани чиниқтириб, турли касалликларнинг олдини олишдан иборат. Машғулотлар махсус дастур асосида, иштирокчиларнинг ёши ва саломатлигини инобатга олган ҳолда ташкил этилади. Бунда соғломлаштирувчи гимнастика, умумий жисмоний тайёргарлик машқлари, қўл-оёқ ва бел умуртқасини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатлар, нафас олиш машқлари бажарилади. Айни ҳаракатларда асосий эътибор иштирокчиларни стресс ҳолатларидан чиқариш, қон айланиш тизимини яхшилаш, организмни ёшартириш ва умумий жисмоний ҳолатни мустаҳкамлашга қаратилади.

Машғулотлар натижасида нуроний бувижонлар орасида қўл, оёқ ва бел оғриқлари, грижалар ҳамда бошқа суяк-бўғим муаммолари камайиб, уларнинг умумий саломатлиги, қон айланиш тизими сезиларли даражада яхшиланмоқда, умумий жисмоний ҳолатлари барқарорлашмоқда. Айрим иштирокчиларда қандли диабет, умуртқа чурраси, аёллар хасталиклари камайиб, ҳаёт сифати яхшиланаётгани кузатилмоқда. Қувонарли жиҳати шундаки, иштирокчиларнинг 70 фоизи саломатликларини тиклаганликлари боис, Ҳаж ва Умра сафарларини соғлигидан шикоят қилмаган ҳолда адо этиш имкониятига эга бўлдилар.

Машғулотлар мутахассислар назоратида, хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилади.

— “Биз — соғлом бувижонлармиз!” шиори остида ўтказилаётган машғулотлар сабабли онахонларимизнинг нафақат жисмоний, балки маънавий-руҳий ҳолати ҳам яхшиланмоқда, — дейди клуб раҳбари Марғубахон Қурбонова. — Бу ерда дўстона муҳит, ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари устувор ҳисобланади.

— Узоқ йиллар турли жамоат ташкилотларида ишладим, — дейди “Нодирабегим” МФЙ фаол нуронийси, 82 ёшни қаршилаган Муҳаббат ая Қўчқорова. — Кексалик саломатлигимга таъсир эта бошлаганини сезганимдан сўнг “Соғломлаштириш маркази”га келиб,  фаол жисмоний ҳаракатларда бўлдим. Ҳозир соғлигимдан шикоятим йўқ. Машқларни бемалол бажара оляпман. Ҳатто қирчиллама қиш палласида ҳам  қор устида соғломлаштириш машқларини бажариб, анча чиниқдик. Мен билан бирга Махсума Жамолдинова, Муҳаббат Ибрагимова, Парирой Анорбоева, Офиятхон Усмонова сингари бувижонлар ҳам соғломлаштириш машқларини бажариб, ўз саломатликларини тикламоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳридаги мазкур марказ ёши улуғ бувижонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний ва маънавий фаоллигини ошириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу ташаббуснинг келгусида янада кенг қулоч ёйиб, ўз сафида кўплаб нуроний онахонларни жамлаши, соғлом ҳаёт сари етаклаши шубҳасиздир.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan