Тошкент давлат аграр университетида “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, жамғарманинг Тошкент вилояти ҳамда Қибрай тумани бўлимлари ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 январь куни пойтахтимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирларига оид видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлагани, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошгани, шундай бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишламаётгани, пойтахт ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари республикага намуна бўлмаётгани, бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски “қолип”дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинганди. Шунингдек, масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиши шартлиги кўрсатиб ўтилиб, Юртбошимиз ушбу 4 та йўналиш бўйича мутлақо янги тизим яратилиши, жараён биринчи навбатда, Тошкент шаҳрида бошланиши, хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилишини маълум қилган ҳолда, янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берган эдилар.
Тошкент давлат аграр университетида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви”да ушбу йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси кенг муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов, “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров, жамғарманинг Қибрай тумани бўлими раиси Раҳматилла Шералиев, масъул ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалар фаоллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, нуронийларнинг тарбиявий фаолиятдаги ўрни, маҳалла институтининг жамият барқарорлигидаги аҳамияти ҳамда ёшлар билан ишлашнинг самарали механизмлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов бу каби тадбирлар ўз моҳиятига кўра, ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда профилактик ишларни янада кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлар экан, фикр-мулоҳазаларини, ўз фаолиятидан келиб чиқиб, ҳаётий мисоллар асосида изоҳлаб берди. Мазкур тадбирларда ёшларни фаол иштирок этишга чақирди.
Учрашув якунида таълим муассасаларида хавфсиз ва барқарор муҳитни яратиш, тадбиркорликни янада мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Дарҳақиқат, мазкур ташаббуслар ёшлар тарбиясида масъулият ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, жамиятда осойишталик ҳамда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Баҳодир Валиев.