— дейди 100 ёшли отахон Анорбой Жалилов

Кексаларни қадрлаш, уларнинг ҳар бир сўзини ҳаёт асоси сифатида қабул қилиб, дуоларини олиш  халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятлардан ҳисобланади. “Қариси бор уйнинг париси бор” деган мақол бежиз айтилмаган. Негаки, ҳаётнинг қанчалаб синовларидан омон ўтган, тақдир зарбаларидан ўзини йўқотмай, мақсад манзилига етиб келиб, элнинг дуогўйига айланган инсонларни, чин маънода, фаришталарга қиёслаш мумкин. 

Пиру бадавлат, табаррук нуронийларимиздан бири, жорий йилнинг февраль ойида аср билан юзлашган Анорбой ота Жалиловни ана шундай инсонлардан бири дейиш мумкин.

Паркент тумани ҳокими Элмурод Пўлатов бошчилигида туман ташкилот ва идоралар мутасадди раҳбарлари, Мудофаа бўлими ходимлари ва бир гуруҳ фаол нуронийлар отахонни табриклаш учун уларнинг қутлуғ хонадонида бўлдилар. Меҳмонлар шонли ҳаёт ва меҳнат йўлини босиб ўтиб, табаррук ёшга етган ва  туманнинг фахрига айланган отахонни самимий муборакбод этар эканлар, ўз эзгу тилакларини билдирдилар. Қизғин суҳбат чоғида отахон ўз босиб ўтган шонли йиллари, тарихий шахслар, турфа воқеаларни ёдга олдилар. Ёшларга ибрат тарзида ҳаётий ҳикоялардан айтиб бердилар.

1926 йил 12 февралда Тошкент вилоятининг Паркент тумани Номданак қишлоғида туғилган Анорбой ота Жалилов қишлоқ мактабида 7-синфни битиргандан сўнг ўқишини давом эттириш учун Ангренга юборилади. Ангренда Ўзбекистоннинг ўша вақтлардаги раҳбари Йўлдош Охунбобоев билан кўришади. Тиришқоқ ва меҳнаткаш йигитчани елкасига қоқиб, мақтаб қўйгани ҳалиям эсида. Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтларда вояга етмаган болакайлар  фронт ортида зарбдорлик билан меҳнат қилдилар. Албатта, улар орасида Анорбой Жалилов ҳам бор эди.

У 1944 йил 21 октябрда урушга кетди. 1-Белоруссия фронтида бўлиб, мардона жанг қилди. Уруш тугагандан кейин ҳам Германиянинг Франкфурт шаҳрида қолиб, хизматини давом эттирди. 1950 йилда Ватанига қайтиб келиб, мактабда ўқитувчилик қила бошлайди. Тошкент педагогика техникумини сиртдан тамомлаган. Ўқиш билан бир вақтда, бошланғич синфларга ҳам дарс берган. 32 йиллик педагогик фаолиятидан сўнг 1986 йилда нафақага чиққан. Нафақа пайтида ҳам уйда ўтириб қолмади. Каттагина боғидаги дарахтлар, хусусан, анору узумларни парвариш қилишга тушди. Чорбоғида картошка, сабзи, шолғом каби сабзавотларни етиштирар, тиним билмай ҳаракат қиларди.

Отахон турмуш ўртоғи Зиннат момо билан кўп йиллар биргаликда ҳаёт кечирганлар. Онахон 2013 йилда вафот этган. Отахоннинг ўғли Абдулатиф Абдураҳмонов туман ободонлаштириш бошқармасида ишлайди. Тўрт нафар невара, 8 нафар эвараси бор. Ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топган.

Отахоннинг фидойи хизматлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, қатор орден-медаллар билан тақдирланган. 1945 йилда “Германия устидан ғалаба”, 1967 йилда “Ғалабанинг 30 йиллиги” медаллари, 1970 йилда “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишони, 1984 йилда “Меҳнат ветерани”, 2020 йилда “Жасорат” медаллари ва яна қатор нишонларни мисол қилиш мумкин.

Отахон ва унинг оиласини маҳаллий ҳокимият мутасаддилари,  “Нуроний” жамғармаси вакиллари, маҳалла фаоллари  мунтазам йўқлаб турадилар. Мўътабар нуронийга соғлигини тиклаш учун санаторийларга йўлланмалар берилиб, дори-дармон воситалари билан таъминлаб борилади.

Анорбой ота Жалилов узоқ умр кўриш сабабини сўраганларга ҳар доим шундай маслаҳат берадилар:

— Инсон ҳаётда ҳар доим некбин бўлиб яшаши керак. Чунки хурсандчилик ва хушчақчақлик узоқ умр гаровидир. Овқатланишга эътиборли бўлиш керак, кам есанг, узоқ яшайсан. Жисмоний ҳаракатда фаол бўл, хоҳ меҳнат бўлсин, хоҳ оддий ҳаракат бўлсин, фарқи йўқ, муҳими, тўхтаб қолма! Албатта, боғ ярат, чорва моллари боқ. Булар ҳам ҳаракат қилиб туришингга асос бўлади. Ҳам дастурхонинг тўкин, ҳам керакли витаминларга тўясан.

Отахоннинг бундай бебаҳо маслаҳатларини тинглар эканмиз, 100 ёшдан ошган бўлсалар-да, улардаги тетиклик ҳамда бардамликнинг асосий сабабларини англагандек бўламиз.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan