Ёш улғайгани сайин аксар касалликлар юзага чиқиб, кишини безовта қила бошлайди. Юрак ҳам ўта таъсирчан бўлиб қолади. Бироқ сўнгги йиллардаги таҳлиллар, юрак касалликларининг “ёшариб бораётганини” кўрсатмоқда.

Ёш ўтган сайин қон томирлар торайиб, юрак мушаги кучсизланади, моддалар алмашинуви секинлашади, сурункали касалликлар (қандли диабет, гипертония) кўпаяди. Шу сабабли юрак касалликлари кексалар орасида кўпроқ учрайди. Айниқса, артериал гипертония (юқори қон босими) энг кўп учрайдиган касаллик ҳисобланади. Уларда бош оғриғи, қулоқдаги шовқин, бош айланиши, кўнгил айниши, тез чарчаш каби белгилар кузатилади. Агар ўз вақтида шифокор маслаҳати олинмаса,  инсульт, юрак инфаркти, буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.

Ишемик юрак касаллиги (стенокардия)да юрак томирлари торайиб, кислород етишмайди. Бунда кўкрак қафасида сиқилиш ёки босилиш, чап қўл, елка, бўйин ёки жағга оғриқ тарқалиши, юриш пайтида тез чарчаш, ҳансираш каби ҳолатлар кузатилиши, кучли хуруж юрак инфарктига олиб келиши мумкин.

Юрак етишмовчилигида эса юрак қон ҳайдаш вазифасини тўлиқ бажара олмайди. Тинч ҳолатда ҳам ҳансираш, оёқлардаги шиш, кечаси нафас етишмаслиги, тез чарчаш, вазннинг тез ошиши (суюқлик йиғилиши) каби белгилар кузатилади.

Юракнинг нотекис уриши, тўсатдан “тўхтаб қолгандек” бўлиши, бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳолатлари аритмия — юрак уришининг бузилишига олиб келиши мумкин. Айрим аритмиялар инсульт хавфини оширади.

Ёш ўтиши билан юрак клапанларининг қалинлашиши, тўлиқ очилиб-ёпилмаслиги ҳисобига юрак клапанлари касалликлари юзага келади. Тамаки чекиш, кам ҳаракатланиш, ёғли ва шўр овқатларни истеъмол қилиш, ортиқча вазн, қандли диабет, стресс уни қўзғатиши мумкин.

Аммо ҳар қандай касаллик эрта аниқланиб, барвақт олди олинса, тегишли профилактика чоралари кўрилса, дард оғирлашмайди. Юрак касалликларида ҳам назорат муҳим роль ўйнайди. Агар қон босимини мунтазам ўлчаб туриш, туз истеъмолини камайтириш, кунига камида 30 дақиқа пиёда юриш, ёғли овқатларни чеклаш, шифокор буюрган дориларни узлуксиз қабул қилиш, йилига камида 1 марта ЭКГ ва текширувдан ўтишга одат қилинса, касалликнинг авж олиш эҳтимоли пасаяди. Яна шуни ёдда тутиш керакки, кўкракда кучли оғриқ, тўсатдан ҳансираш, ҳушдан кетиш, оёқ ёки юзнинг кескин шишиши каби нохуш ҳолатлар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилган маъқул.

Азизбек Тошқўзиев,

олий тоифали шифокор, кардиолог-терапевт.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan