Тошкент вилоятининг бир гуруҳ нуронийлари — отахону онахонлар пойтахтимиздаги  Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар.

Бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳот ва янгиланишлар даврида нуронийлар фаолиятига қаратилаётган эътибору ғамхўрликни  алоҳида қайд этиш жоиз. Айниқса, юртимиз кекса фахрийларининг республикамиз бўйлаб саёҳат ва зиёрат тадбирларида иштирок этаётганликлари уларнинг ҳаётига мазмун киритиб, умрларига умр қўшмоқда, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.

“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров бошчилигида вилоятнинг туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган бир гуруҳ фаол нуроний отахону онахонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, олам-олам таассуротлар ҳамда қимматли маълумотларга эга бўлдилар.

Меҳмонлар марказнинг “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон — XX асрда”, “Янги Ўзбекистон –— Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Қуръони карим” залларида бўлиб, юртимиздаги цивилизация ривожланишининг турли даврларига оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма-манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилиши саёҳатчиларга бирдек манзур бўлди.

— Бу маскан нафақат ислом тарихидан маълумот беради, балки илмий-тадқиқот ва ўрганиш ишларини олиб бориш учун мутахассисларга қулай илмий, маънавий-маърифий муҳит, имконият ҳам яратади, — дейди  “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров. — Бу жойларга биз нуронийлар билан бирга, ёш авлод вакиллари ҳам кўп-кўп келиши, она тарих билан яқиндан танишиши, аждодларимизнинг буюк хизматларини юрак-юракларидан ҳис қилиши керак. Бунга эса касбимиз ва ёшимиздан қатъи назар, барчамиз масъулмиз, албатта.

Шу куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида янгидан-янги тарихий маълумотлар олиб, ўз билим-малакаларини янада бойитган отахону онахонлар сафар таассуротлари хусусидаги суҳбатни бир пиёла чой устида давом эттирдилар.

Ўз навбатида, айни имконият ва эътибор учун давлатимиз раҳбариятига улкан миннатдорлик билдириб, юртимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлишини тилаб, дуоларга қўл очдилар.

Майсара НАЗАРОВА.

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan