Бухоро вилоятининг Жондор туманида яшовчи Темур бобо ой бошида ҳам, йил бошида ҳам “Яхшиликлар, хурсандликлар кўп бўлсин!” — деган тилакни кўнглидан ўтказади. 2026  йил бошида “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Жамол Ашуров у ва турмуш ўртоғи Маъқул момони 86 ёши муносабати билан йўқлаб келди. Уларнинг оила қурганларига 65 йил тўлиши сабабли шукрона тадбири ўтказиш режалаштирилганлигини айтганида отахон жуда  хурсанд бўлди.

— Кеча болаларимиз ҳам шу ҳақда гапиришганди. Умр — оқар дарё деганлари рост экан. Маъқул момонгиз билан оила қурганимизга 65 йил бўлибди-я, — дейди отахон дилда шукр билан.

— Бу йиллар осон кечмагани маълум, — гапни улаб кетди раис. — Ҳалол меҳнат қилиб, обрў-эътибор топдингиз. 10 нафар фарзандни  тарбиялаб вояга етказдингиз. 86 йиллик умрингиз, фидойи меҳнатларингиз ёшларга ибрат, албатта. Тадбирда шулар ҳақида сўзлаб берасиз…

Дарҳақиқат, Темур бобо ва Маъқул момо ибратли ҳаёт кечиришди. Бу икки синфдошнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Даврнинг оғирлиги  катталарнигина эмас, вояга етмаган болаларни ҳам сабрга, меҳнатга  рўбарў қилиб қўйди. Ҳали  майда ўрим сочининг жамалаги ечилмаган  Маъқулбека еттинчи синфдан кейиноқ далага ишга чиқиб кетди. Оиланинг ёлғиз ўғли бўлган Темурбек эса дадасининг истаги билан  ўнинчи синфни тамомлаб, Тошкентга ўқишга кетадиган бўлди.

— Мен Тошкентга кетсам, Маъқулбекани бошқага узатиб юборишса нима бўлади? — деди у журъат топиб дадаси — таниқли пахта бригадири  Шукуржон Рўзиевга.

— Узатиб юборишса, бахтли бўлади. Маъқулбека жуда меҳнаткаш, одобли қиз, — деди дадаси хотиржамгина.

— Унақа бўлса, Тошкентга бормайман, — деди Темурбек ўжарлик билан…

Хуллас, Шукуржон бригадир ўғлининг кўнглини тушунди.  Тошкентга кетишдан аввал, 18 ёшидаёқ икки синфдошнинг никоҳ тўйини ўтказдилар. Темурбек Тошкент  тиббиёт техникумида таҳсил олган даврида келинчак  Маъқулбека қайнонаси Хадича она билан қишлоқда устоз — шогирд бўлиб яшади.

— Рўзғор юмуши, ош-овқат тайёрлашни қайнонамдан ўргандим. Жойлари  жаннатдан бўлсин Хадича онамнинг! — дейди момо. — Кетма-кет туғилган болаларимни ўзлари бешикка солиб, бешикдан ечиб, кўтариб юрардилар. Мен уларнинг ҳурматларини жойига қўйишга ҳаракат қилдим. Улар эса мени асраб-авайлаб, ҳаётга ўргатдилар.

Ҳаётда ҳар бир ишнинг ўз ҳикмати бор. Ёлғиз ўғли — Темуржонни барвақт уйлаган Шукуржон бригадир тўйдан бир йил ўтиб-ўтмай, тасодиф билан оламдан ўтиб қолди. Оиланинг ҳамма залвори Хадича она билан келинига қолди. Темуржон техникумни тамомлаб, институтга кирмай қайтиб келди. Шундан буён ўн фарзанд вояга етди. Ҳаётнинг оғир-енгил кунлари бу синфдош жуфтликнинг сабр-бардоши, матонатини чархлаб, имтиҳондан ўтказаверди.

Аҳиллик, меҳнаткашлик, бир-бировини тушуниш, муҳаббат фақатгина китобларда ёзилган бўлмай, аслида ҳақиқат эканлигини Темур бобо ва Маъқул момо биргаликда исботлаб қўйишди.

Фарзанд тарбиясида ибрат энг яхши сабоқ бўлади, деганларидек, олти қизу тўрт ўғилнинг тарбияси гўзал, ҳалоллиги хавасга лойиқ, бир-бирига меҳрибон бўлиб улғайишди. Қизлари Муҳтарамхон, Олимахон, Дилшода, Меҳринисо, Машҳура, Дилнозалар онасидан ибрат олиб, олти хонадоннинг оқила бекалари бўлдилар. Ўғиллари Бахтиёржон, Ихтиёржон, Бобуржону Ғолибжонлар эса Темур бобонинг панду ўгитлари боис, илмли, ҳунарли, ўз оиласининг қўрғони ва устунига айландилар. Отахон ва онахон набираларининг аксарияти олий маълумотли, ҳунарли, касб-корли. Бунинг учун улар Яратганга тинмай шукрона айтиб, фарзанду набиралар ҳақига дуолар қиладилар.

Темур бобо Рўзиев ва Маъқул момонинг шукрона тўйлари — “Қўша қариш саодати” тадбири уларнинг хоҳишларига кўра, ўз файзли хонадонларида ўтди. Ўзиям ўн фарзандга  олти куёв, тўрт келин қўшилиб, яна 39 невара, 70 нафар эваранинг ташрифини кўриб, ҳамма лол қолди. Тадбир Жондорнинг Шодила қишлоғига овоза бўлгани рост. Унда  туман ҳокимининг ўринбосари Шаҳноза Раҳмонова, “Нуроний ” жамғармаси туман бўлими раиси Жамол Ашуров, маҳалла раиси  Нодир Эргашев, “Бувижонлар мактаби” раисаси Гулбаҳор Умаровалар иштирок этиб,  табрик сўзларида қўша қариган нуронийларнинг эзгу фазилатларини алоҳида айтиб ўтдилар.

Шу куни бахтли отахону онахон эътирофу эътибор, табриклар ва гулдасталар ичида қолдилар. Жондорнинг номдор нуронийларининг юз-кўзларига боққан ҳар бир инсон уларга ҳавас қиларкан, ўшалар каби бўлишни чин дилдан истаганликлари айни ҳақиқатдир.

Замира РЎЗИЕВА,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan