Тиббиёт фанлари доктори, заҳматкаш олим Фарҳод Носировнинг узоқ йиллик самарали меҳнати ва эл орасида топган обрў-эътибори замирида, энг аввало, юртга садоқат, атрофдагиларга манфаатли бўлиш ва яхшилик улашишдек олий мақсад мужассам.
Устоз Фарҳод Носиров болалигидан отаси — юртсевар ва фидойи инсон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шоди Носировдан тарбия олиб камол топди. У 1965 йилда Самарқанд тиббиёт институтини муваффақиятли тугатгач, аввал Булунғур, кейин Пайариқ туманларида невропатолог, қишлоқ амбулаториясининг бош шифокори бўлиб ишлади. 1967 йилда устози Бобоқул Рустамовнинг таклифига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги паразитология илмий-текшириш институти аспирантурасига ўқишга кирди. Бу даргоҳда кичик илмий ходимликдан институт директори вазифасигача бўлган йўлни босиб ўтди.
Узоқ йиллар давомида Самарқанд, Жиззах вилоятларида тиббиёт соҳасида фаолият юритиб, 1982 йилдан Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўз ишини давом эттирди. Тажрибали амалиётчи ишдаги билим ва кўникмаларини илмий назария билан уйғунлаштирди. 1972 йилда номзодлик, 1995 йилда докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Олим инфекцион ва паразитар хасталиклар муаммосига бағишланган 120 дан ортиқ илмий изланишлар олиб бориб, 14 та ўқув-услубий қўлланма, 35 та илмий-оммабоп мақола чоп эттирди. Унинг илмий изланишлари нафақат Ўзбекистон, балки Германия, Франция, Венгрия, Россия, Беларус, АҚШ, Литва каби давлатларда эътироф этилди.
Фаолияти давомида давлатимиз томонидан кўплаб мукофотлар, кўкрак нишонлари билан тақдирланган олимни эл орасидаги камтарлик, самимийлик, фидойилик номли нишонлари алоҳида безаб туради. Бир умр фидойилик ва ҳалоллик билан меҳнат қилган олим бугун 85 ёшида ҳам Самарқанд шаҳрида ўзи истиқомат қиладиган “Мевазор” маҳалласида “Кексалар маслаҳати” гуруҳи фаоллари билан бир сафда жамоат ишларидаги фаоллиги билан намуна бўлиб келмоқда. Фарҳод ота ободонлаштириш, ёшларни касб-ҳунарли, илмли-салоҳиятли қилиб тарбиялаш, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй ўртасида ҳамжиҳатликни асрашда ўзининг ташаббуслари, маслаҳат ва таклифлари билан маҳалладошларини уйғоқликка ва ҳамжиҳатликка чорлаб келмоқда.
Фарҳод ота турмуш ўртоғи, тиббиёт фанлари номзоди Роҳатой Мелибоева (охирати обод бўлсин) билан саодатли умр кечириб, уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Гарчи бугун Роҳатой она ёнларида бўлмаса-да, Фарҳод ота невара ва эвараларнинг ардоқли бобоси бўлиб, кексалик гаштини сурмоқда. Олимга сиҳат-саломатлик, хотиржамлик ва узоқ умр тилаймиз.
Донақул ТОШБОЕВ,
“Нуроний” жамғармаси
Самарқанд вилоят
бўлими раиси ўринбосари,
Искандар ТЕМИРОВ,
фахрий журналист.