Юртимиздаги нуронийларимиз бугун ҳар доимгидан ҳам фаол. Улар узоқ йиллар меҳнат қилдим, етар, энди буёғига дам олсам ҳам бўлади демасдан, аксинча, турли ташаббуслар кўрсатиб, нимадир яратиш, ишлаб чиқариш, элга янада кўпроқ фойда келтириш йўлидан бормоқдалар. Нафақат ўзлари енг шимариб ишламоқдалар, балки бошқаларни ҳам меҳнат қилишга, умрни ижобий ишларга сарф этишга ундамоқдалар.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Кўклам” маҳалласида яшовчи Ойсоат ая Холматовани ана шундай фаол нуронийларимиздан бири, дейиш мумкин. Онахоннинг хонадонидаги иссиқхонада етиштирилаётган меваларни кўрсангиз, баҳри дилингиз очилади.

— Иссиқхонамизда етиштирилаётган барча маҳсулотлар соғлик учун жуда фойдали, — дейди 82 ёшли миришкор онахон. — Биргина пўстлоғи билан истеъмол қилинадиган қумқуват мевасининг ўзи минг дардга шифо. Хусусан, қон босими ошганда, бош оғриганда бу мева кони фойдадир.

Юзидан нур ёғилиб турган Ойсоат ая Холматова билан биргаликда баландлиги 3,5-4 метр келадиган бананзорни айланар эканмиз, бир лаҳза ўзимизни тропик мамлакатлардан бирига тушиб қолгандек ҳис қилдик.

— Ҳар куни эрта тонгда иссиқхонани бир айланиб чиқсам, кун давомида ўзимни енгил ҳис қиламан, кайфиятим кўтарилади, — дея суҳбатни давом эттирадилар онахон. — Иссиқхонада оилавий меҳнат қиламиз.  Олинаётган даромад орзу-ҳаваслар ижобати учун хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун юртимиз ташаббус, имконият ва имтиёзлар диёрига айланди. Ёши улуғ нуронийларки, ушбу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш сари бел боғлабдиларми, айниқса, ҳозирги кун ёшлари улардан теран хулоса чиқаришлари, қулай шарт-шароитлардан ўз эзгу мақсадлари  рўёби йўлида оқилона фойдаланишлари лозим, албатта. Бунинг учун эса ҳаракат, изланиш ва истак бўлса, бўлгани.

Б.Валиев.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan