Янги йил яқинлашгани сайин катта-ю кичикнинг қалби шукуҳга тўлади. Чунки Янги йил яқинларни бир дастурхон атрофида бирлаштиради, ширин суҳбатлар, яқинлар дийдори учун яхшигина сабаб бўла олади. Қолаверса, одамлар бир-бирини йўқлайди, совға-салом кўтариб, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олишади. Бу — бизга таниш байрам анъаналари. Хўш, дунёда Янги йил қандай кутиб олинади?
– Бразилияда Янги йилда ясмиқ истеъмол қилиш анъанага айланган. Айтишларича, ясмиқ пул, бойлик рамзи экан, уни янги йилда истеъмол қилган одам учун йил омадли бўлармиш… Шунингдек, улар байрамда оппоқ кийим кийишади. Уларнинг фикрича, оқ ранг ҳам келгуси йилда омад келтирар экан.
– Японияликлар эса 31 декабрь куни уй тозалашади. Бу ҳатто япон хақининг қадриятига айланган.
– Руминияда тангани дарёга улоқтириш одати бор, бу ҳам янги йилда омад келтириши билан изоҳланади. Қолаверса, Руминияда одамлар гўё ёвуз руҳларни қувиб чиқариш мақсадида рақсга тушаётган айиқлар кийимини кийишади. Сабаби, айиқлар қадимги Руминия ҳикояларига асосан, одамларни ҳимоя қилишга ва даволашга қодир бўлган.
– Грекларнинг байрам анъаналари қизиқ: улар бахт, омад, шунингдек, ҳосилдорлик, унумдорлик, юқори самарадорликка ишониб, эшиклари тепасига бир қанча пиёз осиб қўйишади. Ҳатто кейинги кун ундан грекча янги йил таомини тайёрлашлари ҳам мумкин.
– Ирландияда марҳумларнинг руҳига ҳурмат намунаси ўлароқ, ҳатто уларнинг руҳи кириб келишига ишониб, эшикни очиқ қолдиришади, Янги йил кечаси байрам дастурхонида ҳам улар учун бўш жой қолдиришaр экан.
Сўғдиёна Собирова тайёрлади.