Х аср охири XI аср бошларида яшаган Ғарбда Алҳазен номи билан танилган Ибн Ҳайсам (мил. 965-1040) нафақат физика, балки математика, механика ва астрономия соҳаларида ҳам чуқур илм эгаси эди. У “Оптика хазинаси” (“Китоб ал-Манозир”)ни ёзиб, дунё офталмологиясига муҳим янгиликларни киритган. Китобда кўз анатомияси ҳақида жуда кўп маълумотлар билан бир қаторда, унинг функцияси ҳамда ёруғликнинг табиати ҳақида ҳам батафсил ёритилган.
У кўриш жараёни ва ёруғлик синиши қонуниятларини ўрганиб, инсон кўзининг қандай ишлашини илмий асосда тушунтира олди. Айнан шу тадқиқотлар асосида у “қамара” деб аталган қурилмани — илк оптик камерани яратди. Араб тилида “қамара” сўзи “қуёш нурини акс эттирувчи ой” маъносини билдиради. Бу атама кейинчалик лотинчалашиб, “cамеrа”, яъни “камера” сўзига айланган, деган тахминлар ҳам бор.
Кунларнинг бирида Ибн Ҳайсам ўзининг қоронғи хонасида кичик бир тешикдан ўтаётган нурни қарама-қарши деворда ташқи дунё тасвирини акс эттирганини пайқади. Тажрибалар натижасида олим ёруғлик нурлари тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракатланишини ва бу нурлар бизнинг кўзимизга тушганда кўриш пайдо бўлишини аниқлади. Кейинчалик, қоронғи хонада яъни, “camera obscura”да тажриба ўтказган Ибн Ҳайсам ўзининг кашфиётини тасдиқлади.
Худди шу тарзда, у “camera obscura” (лот. camera obscura — “қоронғи хона”) ҳодисасини биринчи бўлиб ўрганган. Тешикли камеранинг консепцияси оддий — бу объектларнинг оптик тасвирини олиш имконини берувчи энг оддий турдаги қурилма. Бу деворлардан бирида тешик ва қарама-қарши деворда экран бўлган ёруғлик ўтказмайдиган қути. Кичкина тешикдан ўтадиган ёруғлик нурлари экранда тескари тасвирни ҳосил қилади. “Сamera obscura” юқори тасвир аниқлигини таъминлай олмайди. Тешик диаметри кичрайтирилганда, аниқлик фақат маълум чегарагача ошади, тешик жуда камайганда, ёруғлик дифракциясининг тешикка таъсири таъсир қила бошлайди ва тасвир камроқ аниқ бўлади. Замонавий камераларнинг тузилиши билан таниш бўлганлар айнан шу тарзда ишлашини айтишади, замонавий камералар ҳам объективдан фойдаланади. Ибн Ҳайсам фотосурат пайдо бўлишидан ва ривожланишидан минг йиллар олдин ҳам ҳозирги фото камераларнинг ихтиро қилинишига замин яратган.
Ибн ал-Ҳайсамнинг илмий мероси нафақат Шарқда, балки Европада ҳам чуқур из қолдирган. Унинг “Китоб ал-Манозир” асари кейинчалик “Оптика хазинаси” номи билан лотин тилига таржима қилиниб, Европа илм-фанининг юксалишига катта ҳисса қўшди. Ҳатто Европада машҳур бўлган “Вителонинг нуқтаи назари” асари асосан, Ибн ал-Ҳайсамнинг рисоласига таянган ҳолда яратилган.
Француз математиги Чарльз Оберлинг унга: “Ибн Ҳайсам баҳслари ёруғлик илмидаги асл манбамиздир” дея таъриф берган. Жорж Сартон эса Ҳайсамни “энг буюк мусулмон физиги ва барча замонларнинг энг яхши оптик тадқиқотчиларидан бири” деб атаган.